Жиноятнинг миллатга дахли борми?
07.01.2018 Ҳодиса
1news.uz - Бугун интернет ҳаётимиздан тобора чуқурроқ ўрин олиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Ана шундай бир даврда турли сайтларда юртимиз, халқимиз шаънини ёмонотлиқ қилишга қаратилган хабарлар кўпаймоқда. Қуйида журналист Нурбек Тошниёз ана шундай ахборотлар ҳақида ўз позициясини билдиради.

Элас-элас эсимда, энди ақлимни таний бошлаган пайтларим бўлса керак, радиодаги ваҳимали ахборотлардан жуда қўрқар эдим. Чунки деярли ҳар бир ахборот дастурида АҚШнинг ядро қуроли яратаётгани, тиш-тирноғи билан қуролланаётгани, қайсидир мамлакатларга ифлос қўлини чўзаётганию қаерларгадир қўшин киритаётгани шу қадар даҳшат билан айтилардики, энди ўйлаб кўрсам, бу гаплар ҳаётга ташна болачанинг мурғак қалбини ларзага солиши тайин эди... Аммо улардан қачон қутулганимни аниқ эслай олмайман, эҳтимол ахборотлар сал сокинлашганидан кейиндир, ё ёшим улғая боргани сари бошқа ташвишлар билан чалғиб кетгандирман... Ҳозир эса муҳими бу эмас, балки орадан шунча йил ўтиб ва ёшим 40 дан оша туриб негадир яна болаликдаги каби қўрқув ваҳмини ўзимда ҳис қила бошлаганим ўша кунларни ёдимга солди...

Ҳа, мени бугун яна ўша ахборотлар — дунёнинг фалон чеккасида қайсидир ўзбек нимадир ёмон иш қилгани ҳақидаги интернет хабарлари чўчитмоқда. Шундай хабарларга дуч келсам, юрагим эзиляпти, ҳар сафар ичимда бир нарса узилиб кетгандай бўлмоқда. Бу қўрқувнинг энг чўққиси, эҳтимол, “31 октябрда Нью-Йоркнинг Манхеттен туманида юк машинасида одамларни босиб кетган, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Сайфулло Соиповга террорчилик ва қотиллик содир этиш айбловлари қўйилди” деган шумхабар бўлгандир... Аммо шу кеча-кундузда ижтимоий тармоқда кенг муҳокама бўлаётган “Воронежда чақалоғини сотишга уринган ўзбекистонлик жуфтлик” ҳақидаги хабарнинг ваҳимаси ҳам Сайфуллонинг қилмиши ҳақидагисидан кам таъсир қилмаяпти...

Йўқ, мени аслида хорижда кимнингдир тузоғига тушиб, дину диёнатидан айрилиб қолган сайфуллолар ҳам, тирикчилик дея инсонийлик ва миллий қадриятлардан аллақачон узилиб кетган болафурушлар ҳам хавотирга солаётгани йўқ! Зеро, бунақа тоифадаги каслар инсоният тарихида ҳамиша ва ҳамма жойда учраб турган. Мени қўрқитаётган нарса яна ўша ахборотларнинг ўзи! Ҳа, ўзбекка урғу бераётган қинғир-қийшиқ хабарчаларнинг ваҳимаси чўчитмоқда мени! Минглаб воқеаларнинг ичидан ажратиб олинган ҳолатлар ҳақида худди ноёб ҳодисадек дунёга жар солинаётганидан кўнглим ғаш!

“... ўзбекистонлик шахсларнинг яширин босмахонаси топилди”, “... ўзбек диаспораси вакили 15 йилга қамалди”, “... маҳаллий фуқаро ва ўзбекистонлик ишчилар қор туфайли муштлашиб кетди”, “... ўзбекистонлик аёл эри туфайли ўзини ёқиб юборди”, “... ўзбекистонлик шахс полициячиларга қайчи билан ҳужум қилди”, “... сохта паспорт билан яшаган ўзбекистонлик мигрантлар ушланди”, “... ИШИД дала қўмондони қўлга олинди, унинг ўзбек экани айтилмоқда”, “... ўзбек мигрантлари ишлаган яширин цех топилди”, “... ватандошининг ўғлини сотиб юборган ўзбекистонлик аёл 5 йилга қамалди”... Сўнгги бир ой ичида ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларида айланган бу каби ўнлаб хабарларни умумлаштирувчи нарсани дарҳол англадингиз — “ўзбек” ва “ўзбекистонлик” деган сўзлар. Энди, келинг, масалага сал бошқачароқ кўз билан қараб, бир саволга жавоб излайлик — бу хабарларнинг неча фоизи дунёга жар соладиган даражадаги оламшумул воқеаларга алоқадор?

Ана шу савол билан хабарларга яна такрор кўз югуртиринг ва инсоф билан айтинг, ўтган бир ой ичида шунга монанд воқеалар аслида ер юзида бир неча минглаб содир этилмаганми? Мисол учун олсак, дунёда бир ойда қанчадан-қанча яширин босмахона, яширин цех, яширин омбор ва яна аллақандай яширин юритилган ноқонуний фаолиятлар фош қилинади, аммо уларнинг неча фоизи ҳақида алоҳида ахборот тарқатиладию, қанчасида жиноятчиларнинг миллатига урғу берилади? Ёки қанчадан-қанча йирик жиноий гуруҳлар қўлга олингани ҳақида хабар тарқалганида ҳам уларнинг қайси диаспора вакиллари экани тўғрисида ваҳима қилинадими? Бу ғалвали дунёда ҳамма мамлакатларда ҳам кунда-кунора одамлар бир-бирлари билан жиғиллашадилар, аммо ҳар сафар уларнинг қайси миллат вакиллари эканига эътибор қилинадими? Дунёда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари авжига чиққан ҳозирги даврда бу ҳолатларнинг неча фоизи ОАВда ёритилади ва миллат бўйича таснифланади?.. Ниҳоят, энг ваҳималиси, лаънати ИШИДнинг бир эмас, ўнлаб, юзлаб қўмондонлари қўлга олиняпти, ўлдириляпти, аммо уларнинг ҳаммасининг ҳам миллати айтиляптими? Умуман, қачондан бошлаб ёмон иш қиладиганларнинг қилмишидан олдин уларнинг миллати суриштириладиган бўлиб қолди ўзи?!

Мени бугун мана шу саволлар қийнайди! Ҳа, юқорида саналгани каби турли майда-чуйда ахборотларни тарқатаётиб, миллатга алоҳида урғу бераётганларнинг мақсадларини англаёлмаганимдан юрагим ғаш! Тўғриси, яширмайман, ана ўшаларнинг ўзларининг миллатини билгим келади...

Менинг энг сўнгги қўқувим эса мана шундай фитнамонанд ахборотларни кўр-кўрона таржима қилиб тарқатаётган, ижтимоий аҳамияти бўлса-бўлмаса уларни муҳокамага қўйиб, халқимизни ваҳимага солаётган юртдошларимизнинг соддаликларидан! Зеро, Биринчи Президентимиз огоҳлантириб кетганларидек, бугун асосий жанг мафкура полигонларида давом этмоқда!

Эҳтимол бу мулоҳазаларимиз кимларгадир малол келар. Сиз санаган ахборотларнинг ҳаммаси ҳам майда-чуйда гаплар эмас, террордек мудҳиш жиноят содир этган, боласини сотган ватандошларимизнинг қилмишини муҳокама қилишимиз бундай ҳолатнинг бошқа такрорланмаслигига асос бўлади деган эътироз ҳам бўлар балки. Аммо ҳатто шунга ҳам ишонгиси келмайди кишининг. Зеро, 30 миллионнинг орасидан битта нокас чиқса, бу шу халқнинг ичидан яна шунақаси чиқаверади дегани эмас асло! Айниқса, ўзи учун эмас, ота-онаси ва болалари учун яшайдиган инсонларнинг миллатидан, фақат ўзининг эмас, ўзгаларнинг боласи учун ҳам қайғурадиган халқдан, ҳатто кичик сафарга чиқаётганларининг ҳам соғ-саломат қайтишини ният қилиб, уларга нон тишлатиб қоладиган ва қайтишини тўй билан нишонлайдиган тинчликпарвар элдан бундай шубҳа қилиш мумкин эмас!

Қолаверса, яна бир мулоҳаза бор — агар юзта кичик кўнгилсизлик қайд этилган бир юртда битта катта жиноят содир бўлса асосий куч ўша каттасини бартараф этишга сафарбар қилинмайди, балки, аввало, кичикларига қарши курашилади. Чунки аслида бугунги катта жиноят кеча эътибордан четда қолган кичик безориликларнинг ҳосиласидир. Бугун писанд қилинмаётганлари эса эртанги қўпорувчиликка замин бўлади. Шундай экан, биз ҳам хориждаги қайсидир нохолис ахборот манбасининг ваҳимасига чув тушавермасдан, орамизда болалаб бораётган кичик кўнгилсизликларга ҳушёрроқ бўлмоғимиз керак эмасми? Дейлик, ёнимиздаги дўстимизнинг телефонда бошқа бир яқинига ёлғон гапираётганига бепарво бўлган ҳолда фарзандларимизнинг эртага фаровон ҳаёт кечиришига умид қилишимиз соғлом ақлга тўғри келадими? Ёки эрталаб ишга отланаётган пайтимизда қўшнимизнинг уйидаги нотинчликни кўра-била туриб билмагандек ўз юмушимизга шошилсак, шу маҳалламизда эртага улкан ислоҳотлар амалга оширилиши мумкинми? Ҳатто йўлда кетаётиб ўзимиз суринган чўпни четга олиб ташлай олмасак, миллат тараққиётига тўсиқ бўлаётган катта муаммолар ҳақида бош қотиришга маънавий ҳаққимиз борми?

Бу каби саволларни хоҳлаганча давом эттириш мумкин. Аммо хориждан тарқалаётган ваҳимали ахборотлар бизни ўзимизнинг ана шу каби оддий, аммо ўта муҳим масалаларимиздан чалғитаётгандек гўё!

Албатта, ҳар ишни яхшиликка йўйишга одатланган халқнинг бир вакили сифатида биз ҳам кўнглимиздан кечаётган бу гумонларнинг ноўрин бўлиб чиқишига умид қиламиз. Шундай эса-да, огоҳлик ҳеч қачон зарар қилмайди деган тамоилга кўра уларни узуқ-юлуқ бир ҳолатда бўлса-да ҳукминга ҳавола қилдик. Демак, сўнгги хулоса яна ўзингизга қолади...

Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20