Самарқанд шаҳридаги тунги клубларда рейд ўтказилди
24.11.2017 Ҳодиса

1news.uz - Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вояга етмаганлар ишлари бўйича вилоят идоралараро комиссияси, вилоят прокуратураси ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари, жамоат ташкилотлари  ходимлари билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳридаги тунги клубларда назорат тадбирларини ўтказди.

Мазкур тадбир Президентимиз раислигида 15 ноябрь куни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида билдирилган муаммоларни бартараф этиш, тунги вақтда вояга етмаганлар ва ёшларнинг мақсадсиз юриш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида уюштирилди.

"Зарафшон" нашри билдиришича, рейд давомида шаҳардаги "Kavalli", "Diplomat", "O'zbechka", "Le Grand", "Jungli" тунги клубларида мақсадсиз юрган ёшлар ва вояга етмаганлар ўз уйларига қайтарилди.

"Новая звезда" клубида бир нечта енгил табиатли аёллар ва ўсмир қизлар ярим яланғоч кийинган ҳолда беҳаё рақсларни намойиш этиш билан шуғулланаётганида ушланди. Иштихон қурилиш касб-ҳунар коллежи ўқувчилари, туманнинг Дамариқ маҳалласида яшовчи Б.Ширинбоев, Ж.Эсонов, Л.Абдураҳимов, Ш.Алматовлар эса мазкур масканда чилим чекиб ўтиргани аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан улар таҳсил олаётган таълим муассасаси раҳбарияти ва ота-онасини воқеа жойига чақиртириш бўйича амалий ишлар олиб борилди.

Ўзлари коллеж ўқувчиси бўлса-да, йигитларнинг саволларимизга берган жавобларига эътибор беринг:
– Ўқийсанми?
– Йўқ! Ўқишга кириш учун тайёрланяпман.
– Унда тунги барда сенга нима бор?
– Дам оляпман.
– Бундай юришларга пулни қаердан оляпсан?
– Ота-онамдан…

Ёшларнинг турли иллатлар, ёт оқимлар домига илиниши ёхуд хорижга чиқиб кетиш ҳолатларини юзага келтираётган омиллар уларнинг ярим тунда саёқ юриши, назоратсизлиги оқибати эмасми? Биринчи галда, ота-она фарзандининг хатти-ҳаракати, қарашларидан огоҳ бўлиши лозим. Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг давомати, дарсдан бўш вақтидаги машғулоти, яшаш ёки ижарада туриш манзилларидан воқиф бўлиш ҳам фойдадан холи бўлмайди.

Тадбир давомида ёшлар иттифоқи етакчилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ёшларга тушунча берилди. Ўнлаб йигит-қизлар шахсини аниқлаш мақсадида ички ишлар идораларига олиб келинди. Тунги клублардаги салбий ҳолатларни бартараф этиш, жойлардаги профилактика инспекторлари ҳамда пост-патруль, солиқ инспекцияси ходимларининг масъулиятини янада ошириш, жамоатчиликнинг ролини кучайтириш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top