С. Соипов иши тўғрисида
02.11.2017 Ҳодиса

1news.uz - Жорий йил 31 октябрь куни Американинг Нью-Йорк шаҳрида террорчилик хуружи содир этилди, 29 ёшли Ўзбекистон фуқароси Сайфулла Соипов уни амалга оширганликда гумон қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг ваколатли идоралари ушбу тахминни тасдиқламоқда. Соипов Сайфулла Ҳабибуллаевич 1988 йил 8 февралда Тошкентда туғилган. 2005 йили касб-ҳунар коллежини тамомлаган, 2005 — 2009 йиллари эса Тошкент молия институтида ўқиган. Олий ўқув юртини тамомлаганидан сўнг пойтахтдаги “Саёҳат” меҳмонхонасига ҳисобчи бўлиб ишга жойлашган. АҚШга кетгунига қадар С. Соипов жиноий жавобгарликка тортилмаган ва умуман, ҳуқуқ-тартибот идораларининг эътиборига тушмаган.

2010 йили Сайфулла Соипов “грин-кард” лотереясини ютган ҳамда ўша йилнинг ўзида АҚШга жўнаб кетган. Сўнгги бир неча йил давомида у АҚШда вақтинча истиқомат қилаётган ўзбекистонлик аёл билан фуқаролик никоҳида бўлган. Ўшандан буён С. Соипов Ўзбекистонга бирон марта ҳам келмаган, ҳозир ҳам Тошкентда яшайдиган ўз ота-онаси билан кўришмаган.

С. Соипов АҚШда бўлиши даврида Ўзбекистоннинг дипломатия ваколатхоналарида консуллик ҳисобида турмаган, ҳолбуки, амалдаги юридик меъёрларга мувофиқ, консуллик ҳисобида туриши лозим бўлган.

Маҳалладаги қўшнилари С. Соиповга жуда ижобий таъриф беришди: уларнинг айтишича, у ҳеч қандай шубҳа уйғотмаган, бошқаларга нисбатан доимо ўзини вазмин ва самимий тутган. Фаровон оилада тарбия кўрган. Ота-онаси анъанавий исломга эътиқод қилади ҳамда ҳеч қачон қандайдир экстремистик оқимлар билан алоқада бўлишмаган.

АҚШга борганидан кейин Сайфулла Соипов одамови бўлиб қолган, радикал гуруҳларнинг таъсири остига тушган. Бу ҳақда Америка ОАВ ҳам уни билган одамларнинг фикрларига таяниб шундай хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трампга йўллаган таъзияномасида Нью-Йорк шаҳридаги террорчилик ҳаракати оқибатида бегуноҳ кишиларнинг қурбон бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик изҳор этди. Мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон томони ушбу террорчилик ҳаракати суриштирув ишларига кўмак кўрсатиш учун бор куч ва воситаларини ишга солишга тайёр эканлигини тасдиқлади.

«Жаҳон» АА.

Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top