Cаккиз ёшли қизалоқни ким ва нима учун ўлдирди?
07.01.2018 Ҳодиса

1news.uz - Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида содир этилган хунрезлик барчани ларзага солди. “Байналминал” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 8 ёшли Севара Йўлдошева 23 октябрь куни бедарак йўқолди. Орадан 40 кун ўтиб унинг жасади шу ҳудуддаги зовурдан топилди.

Оқ ва қора

Бу икки ранг эзгулик ва ёвузлик сингари ҳамиша ёнма-ён. Инсонга ҳаётнинг азалий манзараларини эслатиб, ҳушёрликка даъват этаётгандек гўё.

“Тиқ” этган товуш ҳаш-паш дегунча дунёнинг нарёғида акс садо берадиган бугунги кунда дарҳол кўпчиликнинг қулоғи динг бўлиб, бу фожиа талқин-таҳлили учун енг шимаргани ажабланарли эмас. Тап-тайёр мавзу, ҳар ким ўз қаричи билан ўлчаб, ўзича ёндашади. Аммо ана шу жараёндаги пинҳоний ва ғаразли мақсадларни пайқаб олиш учун зукколик талаб этиладики, асл ҳақиқатни билмай, алдовга учиб қолиш табиатимизга ёт ҳам эмаслиги бундай пайтларда панд беради.

Аслида, ўзи нима бўлганди?

Гўнгда ўсган гул

Хўш, саккиз ёшли қизалоқни ким ва нима учун ўлдирди?

Бу ҳали маълум эмас. Тергов жараёнлари давом этмоқда. Тафсилотлар вақти келиб ойдинлашади. Жиноятчига нисбатан одилона ҳукм ўқилади. Қотил ким бўлишидан қатъи назар, мурғак қалб эгасига нисбатан қўлланилган бу шафқатсизликни кечириб бўлмайди. Аммо шунга қарамай, интернет саҳифаларида мавзуга оид ҳар хил хабарлар тарқалди. “Ота алимент тўламаслиги учун қизини бўғиб ўлдирди, ўлигини зовурга ташлаб, 40 кун жиноятини яшириб юрди”, деб ёзади “ozodlik.org” сайти.

Ҳали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳам номаълум бу хабарни улар қайси манбадан олишди экан?
“Булоқбоши туманида Диёрбек Йўлдошев 8 ёшли қизи Севарани бўғиб ўлдирганликда айбланиб, ҳибсга олинди”.

Ваҳолонки, ота қизининг қотиллигида гумонланувчи шахс сифатидагина терговга жалб этилган, унинг қотил эканлиги ҳали исботланмади.

Яна айтилишича, Диёрбек Олдашев (“ozodlik.org” сайтида баён этилгани каби Йўлдошев эмас) биринчи турмуш ўртоғи оила қураётгани сабабли рашкдан қизининг жонига қасд қилган экан.

Ота алимент тўлашдан бош тортиб қизининг жонига қасд қилдими ёки собиқ турмуш ўртоғини рашк қилибми?

Бундан ташқари, суриштирув-тергов ишлари Булоқбоши тумани прокуратураси томонидан эмас, балки Андижон вилояти прокуратураси  томонидан олиб борилмоқда.

Интернет саҳифаларида бу мавзуга доир турли муносабатлар мавжудлигини кўриш мумкин.

“odnoklassniki.ru” ижтимоий тармоғида Диёрбек Олдашевга нисбатан айтилаётган гапларни ёзиш тугул, ўқишнинг ўзи ноқулай. Уятли ва куракда турмайдиган сўзлар ортидан бир дунё нафрат юзага келишига “ozodlik.org” сабабчи бўлди. Уларда “Ўзбекистонда оғир иқтисодий шароитларда қолиб ўз яқинларини ўлдириш ҳолатлари кўп кузатилади” қабилидаги уйдирма гапларни тез-тез учратиш мумкин.

Диёрбек Олдашев ҳам ишсиз бўлганлиги сабаб алимент тўлашга қийналган ва вазиятдан қутулиш чорасини излаган эмиш.

Гўёки катта куюнчаклик билан айтилаётган бундай гапларга ишонадиганлар асл иддао-мақсадни хаёлларига келтира олмасалар, уларда айб эмас. Соддалик ва гўллик ҳамиша кечирилади. Аммо ҳаёт ҳақиқатини бузуқ фикрлар заминидан ўстириб, тақдим этмоқчи бўлганлар вайсашини гўнгда ўсган гулга қиёслаш жоиз, холос.

Гумондор маҳалласида

Биз Булоқбоши туманида бўлиб, Диёрбек Олдашев истиқомат қиладиган “Шарқ юлдузи” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлдик.

Маҳалла раиси Ойшахон Ҳайдарованинг маълум қилишича, Диёрбек “Донохон Ҳолиқова” номли фермер хўжалигида ишлаган. Устачилик билан шуғулланган. Ҳозир ота-онаси билан бирга истиқомат қилувчи ҳовлисининг бир четига ўзи учун алоҳида уй қураяпти. 28 сотих ерда саримсоқпиёз парваришланмоқда. Қизи Севара Йўлдошева учун ўз вақтида алимент тўлаб келган. Бу ҳақда биринчи турмуш ўртоғи ҳеч қачон тегишли идораларга арз қилмаган.

Унинг қотиллик содир этган ёки этмагани ҳали номаълум. Иқтисодий ночор аҳволда эканлиги эса туҳматдан ўзга нарса эмас.
Севара Йўлдошева қисматига доир бор ҳақиқат юзага чиқади.

Сувни ғалвирдан кўтаришдан олдин уни лойлатиш шарт эмас. Агар шундай ҳолат юзага келса, ғалвир яна сувга ботади...

Муаллиф: Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи” мухбири.


Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20