Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида энергия самарадор уйлар қурилади
25.08.2017 Техно

1news.uz - 2017 йилнинг 25 август куни Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан Глобал экологик фонди гранти асосида амалга ошириладиган «Ўзбекистонда энергия самарадорлиги юқори бўлган қишлоқ турар-жой бинолари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш»   янги лойиҳаси расмий ишга туширилди.  Лойиҳани амалга оширишда вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари ва жойлардаги ўзини ўзи бошқариш идоралари, илмий ва таълим муассасалари, банклар, лойиҳалаш ва қурилиш ташкилотлари, қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи корхоналар, нодавлат ташкилотлар ва бирлашмалар, ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари ва лойиҳа доирасида намунавий ишлар амалга оширилиши белгиланган Тошкент, Фарғона, Андижон, Наманган, Хоразм, Бухоро ва Жиззах вилоятларидаги қишлоқ фуқаролар йиғинлари аҳолиси қатнашиши кўзда тутилган.

Лойиҳа 2017- 2022 йилларда амалга оширилади, ҳамда Глобал экологик фонди ва БМТТД томонидан 6,3 миллион АҚШ доллари миқдорда техник кўмак ажратилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциясига тақдим этган учинчи миллий хабарномасига мувофиқ, бинолар секторида энергиянинг катта қисми истеъмол қилинади- уйлар ва нотурар жойларда ёқилғи ёндирилиши натижасида ҳавога чиқариладиган иссиқхона газларининг умумий улуши 1990 йилдаги 18 фоиздан 2012 йилда 44 фоизга ўсган. Бунга сўнгги 20 йил мобайнида аҳоли сонининг ўсиши, турар жой фонди майдонининг ошиши ва инфратузилмани ривожланиши натижасида ёқилғи истеъмоли ўсиб бориши асосий сабаб бўлди.

2016 йилнинг охирида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017- 2021 йилларда Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида такомиллаштирилган намунавий уйлар лойиҳалари асосида арзон турар жойлар қуриш бўйича янгиланган Дастур қабул қилинди. Дастурда энергия самарадорлиги юқори ва паст-углеродли биноларни қуриш учун истиқболли имкониятларни очадиган янги йўналишлар ва вазифалар белгиланди, бу эса энергияни кўпроқ тежашга ва иссиқхона газларини ҳавога чиқарилишини, яъни атроф муҳитга салбий таъсирни қисқартиришни таъминлайди.

- Республика энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергетикани ривожланитриш соҳасида улкан салоҳиятга эга ва бу салоҳиятни яхшилаб ўрганиш ва ундан тўғри фойдаланиш даркордир. Шунинг учун, биз қўшма лойиҳамизни муваффақият билан амалга оширилишидан жуда ҳам манфаатдормиз, жумладан, БМТТДдек ҳамкоримиз ва миллий ташкилотлар билан биргаликда энергия самарадорлигини ошириш ва қишлоқлардаги қурилишларда янада кўпроқ энергия тежаш масалаларини ҳаётга татбиқ этиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширамиз, - деди Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳратхўжа Ҳошимов.

Лойиҳа тўртта компонентдан иборат. Биринчи компонент доирасида қишлоқларда уйларни сотиб олиш учун яшил ипотека кредитлаш механизмини ишлаб чиқиш ва жорий этиш режалаштирилган. Ишлаб чиқаришнинг маҳаллий моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва энергия самардорлиги юқори қурилиш материалларидан, ҳамда қайта тикланувчи энергетика тизимларидан (биноларнинг ёритиш тармоқлари учун фотоэлектрик станциялар), ҳамда энергия самарадор ва паст-углеродли қишлоқ уйларини лойиҳалаш ва қуришдаги салоҳиятдан фойдаланиш лойиҳа иккинчи компонентининг асосий вазифаси бўлади. Учинчиси меъёрий-ҳуқуқий базани, жумладан, янги энергия самардорлиги юқори қишлоқ уйларини ва қишлоқ аҳоли пунктларини қуриш ва улардан фойдаланишга тегишли бўлган қурилиш меъёрлари ва қоидаларини такомиллаштиришга бағишланади. Тўртинчи компонент маркетинг воситаларини жорий қилиш ва ривожлантиришга, энергия самардорлиги юқори ва паст-углеродли қишлоқ уйларининг афзалликлари ва фойдалари ҳақида жамоатчиликни хабардорлигини оширишга йўналтирилган. Шундай қилиб, экологик-яшил-қурилиш тамойилларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ уйларини қуришнинг сифат стандартларига янгича ёндашув Ўзбекистондаги қишлоқ жойларда барқарор ривожланиш мақсадларига етишиш йўлида яна бир қадамни ташлаш имконини беради.






Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top