Соғлом бола – келажак пойдевори
04.08.2017 Техно
1news.uz - Мамлакатимизда боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, бола ҳуқуқлари кафолатларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, болаларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва аҳлоқий камол топишига кўмаклашиш Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади.

Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштиришнинг муҳим йўналишлари этиб белгиланди.

Ушбу вазифаларни амалга оширишда болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш ва ахборот олиш кафолатларини таъминлаш бўйича ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни яратиш муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда, “Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ва ҳозирги кунда Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида депутатлар ва тегишли мутахассислар иштирокида моромига етказилаётганлиги мазкур ишларнинг амалий ифодаси бўлмоқда.

Қонун лойиҳаси энг аввало ота-оналарга фарзандларини тарбиялаш, уларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш, болаларнинг жисмоний, маънавий ва ахборот хавфсизлигининг қонуний белгиланган кафолатлари комплексини яратиш, болалар соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоялаш таъминланиши ҳисобга олинган ҳолда ахборот маҳсулотининг айланишига талабларни белгилаш, республика ҳудудида болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот маҳсулотлари тарқатилишини тақиқловчи Реестрини юритиш, тарқатилаётган ахборотлар мазмунининг болаларнинг ёшига мувофиқлигини белгиловчи органларни белгилаш, ахборот маҳсулотларини ёш тоифалари бўйича таснифлаш,болаларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий меҳанизмларини жорий қилишни назарда тутмоқда.

Жумладан, Қонун лойиҳасига кўра, ахборот маҳсулотларини ёш тоифалари бўйича таснифлаш институти жорий этилиб, ушбу жараён ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ёки тарқатувчиларнинг мурожаатига асосан ишчи орган томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартибда амалга оширилади.

Шунингдек, ёш тоифаси бўйича таснифлаш мажбурий бўлган ахборот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш ҳолатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан аниқланади.

Ахборот маҳсулотининг ёш таснифи мувофиқлигига кўра қайси ёш тоифасига тегишлигига қараб белгиланади:

етти ёшга тўлмаган болалар учун ахборот маҳсулоти (ушбу ахборот маҳсулотининг ёш тоифаси белгиси “0+” ёзувини акс эттириши керак);

етти ёшга тўлган болалар учун ахборот маҳсулоти (ушбу ахборот маҳсулотининг ёш тоифаси белгиси “7+” ёзувини акс эттириши керак);

ўн икки ёшга тўлган болалар учун ахборот маҳсулоти (ушбу ахборот маҳсулотининг ёш тоифаси белгиси “12+” ёзувини акс эттириши керак);

ўн олти ёшга тўлган болалар учун ахборот маҳсулоти (ушбу ахборот маҳсулотининг ёш тоифаси белгиси “16+” ёзувини акс эттириши керак);

болалар учун тақиқланган ахборот маҳсулоти (ушбу ахборот маҳсулотининг ёш тоифаси белгиси “18+” ёзувини акс эттириши керак).

Ахборот маҳсулотининг ёш таснифини баҳолашда:

унинг мавзуси, жанри, мазмуни ва бадиий безаги;

муайян ёш тоифасидаги болалар томонидан ушбу ахборот мазмунининг қабул қилиниши хусусиятлари;

ахборот мазмунининг болалар соғлиғига кутилаётган таъсири инобатга олинади.

Ахборот маҳсулотининг ёш тоифасига доир маълумот унга тегишли ахборот маҳсулотининг ёш тоифаси белгисининг жойлаштирилиши учун асос бўлади. Шунингдек, қонун лойиҳаси билан Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот маҳсулотининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатилишини тақиқаш мақсадида Республикада тарқатилиши тақиқланган ахборот маҳсулотлари Реестрини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Унга кўра, Республика ҳудудида тарқатилиши тақиқланган болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот маҳсулотлари Реестрига тегишли ахборот маҳсулоти тўғрисидаги маълумот ишчи органнинг эксперт хулосаси асосида махсус ваколатли давлат органи қарорига асосан киритилади.

Республикада тарқатилиши тақиқланган болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот маҳсулотлари Реестри ҳамма қизиқувчилар эркин фойдаланишлари учун очиқ ва Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштирилади.

Гульшана Худоярова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O‘zLiDeP фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top