«Beeline» мижозлари нимадан норози?
25.02.2018 Техно
Соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, изчил дастурлар натижаси ўлароқ бундан 20-25 йиллар муқаддам кўпчилик учун янгилик ва орзу бўлган мобил алоқа хизмати шундоқ қўл узатса етгулик масофага келди. У вақтдаги ва бугунги хизмат нархлари орасида ҳам осмон билан ерча фарқ бор. Буни албатта, давлатимиз томонидан хорижий инвесторларга берилган имтиёзлар, соҳага оид қонунчиликнинг такомиллашгани, мобил алоқанинг ҳаётий заруратга айлангани билан изоҳласа бўлади.

Аҳолида танлов имкони бор, ўзи хоҳлаган компаниясига уланиб, мобил алоқадан фойдаланади. Абонентга тўловлар, хизматларни бошқариш каби кўплаб операцияларни мустақил бажариш имконияти яратилган. 32 миллиондан ошиқ аҳоли учун 5та мобил оператор хизмат кўрсатиб келмоқда.

Мақоламизда компанияларнинг алоҳида хусусиятлари эмас, улар томонидан кўрсатилаётган хизматлардаги айрим номутаносибликлар ҳақида тўхталамиз.

«UNITEL» ва «Beeline» номлари Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросига таниш десак, муболаға бўлмас. «UNITEL» мобил хизматларни ривожлантириш борасида катта тажрибага эга, таъбир жоиз бўлса, отахон компаниялардан бири.

Компания 1996 йилда ташкил этилган. Унинг тижорат фаолияти 1997 йил 25 сентябр куни бошланган. Ҳозирги кунда компания Ўзбекистоннинг алоқа операторлари қаторида етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. 2017 йил натижалари бўйича компания абонентларининг сони 9 730 149 кишини ташкил қилган.

Салкам ўн миллионга яқин абонент компания учун аввало мижозлар ишончи, қолаверса, даромад дегани. Бироқ бугун шу абонентларнинг барчаси компаниядан розими?

Компаниянинг стратегик ривожлантириш дастурлари бугунги кун талабларига жавоб беряптими? Компания учун мижоз талаби қанчалик аҳамиятга эга?

Афсуски, бу саволларга жавоб излаганда бир қанча аччиқ хулосалар келиб чиқмоқда.

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг таҳлилига кўра, сўнгги вақтларда «UNITEL» МЧЖ кўрсатаётган мобил алоқа хизматларида кўплаб камчиликларга йўл қўймоқда.

Мобил алоқа абонентларидан келиб тушган мурожаатларнинг мониторинги ва таҳлили натижасида бошқа операторларга нисбатан айнан «UNITEL»нинг сифат кўрсаткичлари сезиларли даражада ёмонлашгани аниқланди.

Хусусан, фуқаролар томонидан компания хизматлари сифат кўрсаткичлари ёмонлашуви бўйича 2016 йилда 224та шикоят келиб тушган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 863тани ташкил этган, мурожаатлар 385 фоизга ошган.

Қабул қилинган мурожаатларнинг 58,8 фоизи мобил алоқа қамрови ва алоқадаги тўхташларга, 23,8 фоизи тариф режалари ва тўловларини ўзаро ҳисоб-китоб қилишдаги хатоликларга, 9,3 фоизи мижозларга хизмат кўрсатиш ва 6,2 фоизи аҳолининг базавий станцияларнинг ишлашига норозилигига тўғри келади.

Бу мурожаатлар ва фоизлардан компаниянинг истеъмолчилар ҳуқуқларига ва зиммасига олган қонуний мажбуриятларга бўлган муносабатини англаш қийин эмас.

Айтиш ўринлики, фуқароларнинг «UNITEL» МЧЖ мобил алоқа сифати ёмонлигига оид шикоятлари улуши республикадаги жами мобил алоқа операторлари кўрсаткичига нисбатан 45 фоизни ташкил этади.

Яна бир маълумот, 2017 йилда пойтахтдаги абонентларининг ҳам ушбу операторга нисбатан асосли шикоятлари сезиларли даражада ўсган.

2017 йилнинг 6 декабридан 21 декабргача бўлган муддатда Тошкент шаҳри кўчалари бўйича ўтказилган бенчмаркинг тест натижаларига кўра барча мобил алоқа операторларининг қамров сифати бўйича энг ёмон кўрсаткич «UNITEL» тармоғида қайд этилди.

Ажабланарли ҳолат, шундайми? Пойтахтда вазият бундай бўлса, компаниянинг бошқа ҳудудларидаги мобил алоқа хизмати қандай аҳволда?

Саволларга фактлар асосида жавоб топамиз. Маълумот учун, республикамиздаги мавжуд аҳоли масканларини компания фақатгина 18,1 фоиз 3G қамрови билан таъминлаган, 68 фоиз аҳоли маскани 2G қамровида қолиб кетган.

Мазкур рақамларнинг ўзидан ҳам компаниянинг аҳолиси кам бўлган ҳудудларга етарли даражада эътибор бермаётганлигини тушуниш қийин эмас. Демак, оператор ўз тармоғини назорат қилмайди.

Назоратсизлик, лоқайдлик ҳеч кимга яхшилик келтирмаслиги аниқ.

Қизиғи, одамларни ҳаётнинг ёрқин тарафида бўлишга ундаётган компания ўз абонентларини маълум муддатга алоқасиз қолдиришгача бориб етмоқда.

Хусусан, «UNITEL» 2016 йил 23 январда бутун Фарғона вилоятини (соат 13:58 дан 17:01 гача) 3 соат 3 дақиқага, 2017 йил 7 июлда бутун Хоразм вилоятини (соат 11:00 дан 12:25 гача) 1 соат 25 дақиқага алоқасиз қолдирди.

Компания томонидан база станциялари захира электр таъминоти билан тўлиқ таъминланмаганлиги сабабли 2017 йилда 2016 йилга нисбатан алоқадаги тўхташлар сони сезиларли ошган.

Ҳуқуқий жиҳатдан олганда аҳолини мобил алоқасиз қолдириш Ўзбекистон Республикасининг бир қанча қонунлари талабларининг бузилишига олиб келади.

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ. Ҳазрат Навоий томонидан айтилган бу сўзларни мобил компаниялари орасида кузатилаётган кескин рақобатга нисбатан ҳам қўлласа бўлади. Рақобатнинг шуниси яхши, доимий изланишга, интилишга ундайди.

Бугунги замон тили билан айтганда, новаторлик ва инновация билан бирга инсонларнинг розилигини олиш — муваффақият дегани.

Шу маънода «UNITEL» томонидан ўз абонентларининг мурожаатларига бепарво муносабатда бўлинаётгани кишини ўйлантирмай қолмайди.

Маълумотларга кўра, компаниянинг «Call Center»ига ҳар ойда деярли 800 000дан ортиқ қўнғироқлар амалга оширилади, бироқ уларнинг ўртача 45 мингга яқини операторлар томонидан қабул қилинмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

2017 йил якунларига кўра, инспекция томонидан компанияга аниқланган камчиликлар, алоқадаги узилишлар ҳамда мобил алоқа хизматлари сифатининг ёмонлашгани юзасидан 14та кўрсатма берилиб, камчиликларни бартараф этиш ва мобил алоқа хизматлари сифатини қонун талаблари даражасига етказиш сўралган.

Шунингдек, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва лицензия келишувлари талаблари бузилганлиги учун компаниянинг 5 нафар масъул раҳбарларига маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган.

Юқорида кўрсатилган ҳаққоний рақам ва фактлардан хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, компания йўл қўйилган қўпол хато ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этишга иккинчи даражали вазифа сифатида қарамоқда.

Ташвишланарлиси, компания ижтимоий тармоқларда истеъмолчилар томонидан билдирилаётган ҳақли эътирозлар, турли идоралар томонидан берилаётган кўрсатмаларга панжа ортидан қарашда давом этмоқда.

Қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, лицензия талаблари бузилишининг тизимли характер касб этаётгани, аввалло, компаниянинг обрў ва нуфузига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Қолаверса, бу каби ҳолатлар истеъмолчилар манфаатларига ҳам зиддир.

Қонунга зид ҳаракатлар эса ҳеч кимни жавобгарликдан озод қилмайди.

Хулоса ўрнида, «Beeline»ни яна бир маротаба ҳаётнинг ёрқин тарафида бўлишга чақирамиз ва ундаймиз.

“Хабар” газетасидан олинди

Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20