АКТ тизимида 8 та лойиҳа амалга оширилади
12.10.2017 Техно

1news.uz - 2017 йил 12 октябрь куни Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида “Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Агентлик тизимидаги корхона ва ташкилот ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 1 августдаги “2016-2018 йилларда иқтисодиётнинг реал секторларида ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2569 сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон  матбуот ва ахборот агентлиги Бош директорининг 2016 йил 2 августдаги 246-сонли буйруғи қабул қилинган.

Қарорга кўра Агентлик тизимидаги корхоналарга умумий қиймати 785 млн. сўм бўлган жами 8 та лойиҳани амалга ошириш вазифаси  юклатилган. Агентлик буйруғига асосан тизим корхоналарида ушбу лойиҳанинг ижросини таъминлаш юзасидан махсус ишчи гуруҳлар тузилган. Лойиҳалар бўйича Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишилган ҳолда тармоқ жадваллари ишлаб чиқилган  ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган.

8 та лойиҳадан 7 тасининг дастурий таъминот қисми маҳаллий дастурчилар кўмагида ишлаб чиқилиши бўйича шартномалар имзоланган.

Шу билан бирга бу соҳани янада ривожлантириш ҳамда аҳолининг китобга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари “Ўзбекистон почтаси” билан ҳамкорликда “Почта орқали китоб” акциясини йўлга қўйишди. Мазкур акцияга биноан  нашриёт-матбаа ижодий уйларида нашр этилган китобларнинг электрон каталоги яратилиб, “Ўзбекистон почтаси”га тақдим этилади. Почта муассасалари эса ўз навбатида янги нашр этилган китоблар ҳақида кенг жамоатчилик вакиллари,  турли аҳоли қатламини хабардор этади.
Бу халқимиз, айниқса олис ҳудудларда истиқомат қилаётган китобхонлар учун ҳар томонлама қулайликлар яратиши шубҳасиз, албатта. Дейлик, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилган китобдан асакалик, бойсунлик ёки шуманайлик юртдошларимиз “Ўзбекистон почтаси”нинг ҳудудий бўлинмаларидаги электрон каталог орқали хабар топиб, почта орқали буюртма беришлари мумкин бўлади. Буюртма қилинган китоблар нашриётлардан тўғридан-тўғри харид қилиниши натижасида уларнинг нархи ҳам китоб дўконларидагига қараганда анча арзонга тушади.

Ҳужжат айланиш тизими, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи, молиявий-иқтисодий фаолият, кадрлар бошқаруви, ишлаб чиқариш ва технологик жараёнларни ташкил этиш тизимига дастурий маҳсулотларни ҳамда моддий-техник ресурсларни жорий этиш ва улардан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни истеъмолчилар билан муносабатларини тартибга солиш учун ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларини жорий қилиш, қолаверса, корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Интернет орқали сотиш учун янги схемалар, ишлаб чиқариш жараёнларида инновацион механизмларни ва технологияларни татбиқ қилиш иқтисодиётнинг реал секторида АКТни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифалари ва йўналишларидан ҳисобланади.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимига қаршли “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳолати” тўғрисида Кутубхонанинг АКТ ва хорижий ахборот-кутубхона фондларига уланиш хизмати раҳбари Дилшод Усмоналиев, “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида корхона бошқарувининг ягона ахборот тизимини ишлаб чиқиш (BPR)” бўйича нашриёт директорининг ўринбосари Рустам Ибрагимов, “Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйида статистика ҳисоботини шакллантириш жараёнини автоматизация қилиш” мавзусида нашриётнинг  директор ўринбосари Воҳид Икрамов, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйининг веб-порталини ишлаб чиқиш ва иш жараёнига татбиқ этиш” борасида нашриётнинг директор ўринбосари Абдуҳалим Камолитдинов, “Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида электрон ҳужжат айланиш тизимини жорий этиш ҳолати” тўғрисида нашриётнинг директори Улуғбек Ишмуҳаммедов ҳамда “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриётида АКТ соҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан нашриётнинг директори Эркин Абдураҳмонов ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Жумладан, “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи директорининг ўринбосари Рустам Ибрагимов ўз маърузасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 1 августдаги ПҚ-2569-сонли қарорига асосан “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа лойиҳани амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ таркиби ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари томонидан 2016 йил 26 сентябрда “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида корхона бошқарувининг ягона ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва яратиш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича тармоқ жадвали тасдиқланганини таъкидлади.
“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида  ушбу тармоқ жадвали асосида бугунги кунгача лойиҳани амалга ошириш учун назарда тутилган ускуна ва техника воситалари билан таъминлаш доирасида Республика товар-хом ашё биржаси савдолари натижаларига кўра замонавий техник параметрларга мувофиқ бўлган сервер 2017 йил 4 апрелда “Гротекс” қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамияти билан тузилган 59740-сонли шартномага мувофиқ харид қилинди ҳамда жорий йилнинг май ойида ўрнатилиб, ишга туширилди.    
  
Турли дастурларни ўзаро интеграция қилиш асосида корхонани бошқаришнинг ягона ахборот тизимини яратиш учун “1с: Бухгалтерия 8”, “1с: Корхона 8” ҳамда “1с: Полиграфия 8”  дастурий маҳсулотларни харид қилиш учун Республика товар-хом ашё биржаси савдоларига буюртма берилиб, савдолар натижасига кўра “Fides Solutions” масъулияти чекланган жамияти билан 2017 йил 5 июнда 63239-сонли шартнома тузилди. Харид қилинган дастурий маҳсулотлар жорий йилнинг август ойида ўрнатилиб, тегишли ходимлар иштирокида дастурий маҳсулотлар имкониятларининг дастлабки намойиши ўтказилди.

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйининг веб-порталини ишлаб чиқиш ва иш жараёнига татбиқ этиш борасида нашриётнинг директор ўринбосари Абдуҳалим Камолитдинов сўзга чиқиб, корхонада ахборот технологияларини ривожлантириш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилганини таъкидлади. Жумладан, нашриётнинг www.gglit.uz сайти Вазирлар Маҳкамасининг тармоқ графиги бўйича янгиланмоқда. Корхонани бошқаришнинг ягона ахборот тизимини яратиш учун “1с: Бухгалтерия 7”, ҳамда “1с: Полиграфия 7”  дастурий маҳсулотлар харид қилиб иш жараёнида фойдаланилмоқда. Бу дастурий маҳсулотлар меҳнат унумдорлиги ошириб, қоғозни иқтисод қилишга олиб келади ҳамда ҳодимларнинг иш фаолиятини анча енгиллаштиради.  Germes тармоғи, Е-хат электрон почтаси, ички локал тармоқ мавжуд бўлиб, булар ёрдами ахборот алмашиш имконияти кенгаяди ва тезкорлиги янада ошишини мисолар билан келтириб ўтди.

Ушбу дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишда корхонани бошқаришнинг замонавий халқаро усуллари (MRP II - material requirements planning, CRM - customer relationship management, SCM - supply chain management, ERP, ERP II – enterprise resource planning ва бошқалар) билан биргаликда кўп сонли ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолиятини автоматлаштириш тажрибасидан ҳам кенг фойдаланилган.

Замон талабларидан келиб чиқиб Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимида ахборот - коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича ишлар изчил ва доимий давом эттирилади.

Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top