“Қишлоқ қурилиш банк” янги хизматни жорий қилмоқда
30.06.2017 Техно

1news.uz  - 2017 йил 30 июнь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “АТБ “Қишлоқ  қурилиш  банк” тизимида ахборот технологияларини жорий этиш орқали замонавий банк  хизматлари  кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда банк Бошқаруви раҳбарлари, банк  мижозлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда қайд  этилдики,  бугунги кунда республика раҳбарияти томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шу жумладан, республика тижорат банклари олдига “Электрон ҳукумат” тизими механизмларини амалиётда йўлга қўйиш, аҳоли ҳамда юридик шахсларга давлат ва соҳавий хизматларни кўрсатиш жараёнларига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш вазифалари қўйилмоқда.

Эркин бозор иқтисодиёти шароитида ахборот технологияларини жорий этиш орқали  замонавий  банк  хизматлари  кўламини кенгайтириш тижорат банкларининг молия бозоридаги ўрни ва рақобатбардошлигини таъминлашдаги асосий омил ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, акциядорлик тижорат “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан мижозларга кўрсатилаётган замонавий банк хизматларини кўламини кенгайтириш ва уларнинг сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда банк томонидан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда мижозларга кўрсатилаётган замонавий хизматлар банк ҳисобварақларига масофадан хизмат кўрсатиш тизимлари “Интернет банкинг”, “Мобил банкинг” ва “СМС-банкинг” хизматларидан (масофавий банк хизматлари) иборат бўлиб, мазкур хизматларни кўрсатиш орқали мижозлар учун ўз вақтларини тежаш ва маблағларни тезкор тасарруф этиш каби қулайликлар яратилаётган бўлса, банк тузилмалари  учун мижозлар сонини кенгайтириш, иқтисодий самарадорликни ошириш ва меҳнат ресурсларини тежаш имконияти яратилмоқда.

АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”да  масофавий банк хизматларининг янги турларини жорий қилиш, уларни кўрсатиш сифатини такомиллаштириш ва қулайлаштириш, амалга оширилиши мумкин бўлган операциялар кўламини кенгайтириш борасида бир талай ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбир доирасида жисмоний шахслар учун жорий қилинган янги - “Депозит-банкинг” хизматининг тақдимоти бўлиб ўтди. “Депозит банкинг” мобил  дастури  банк омонатчилари  -  жисмоний шахсларга банк муассасаларига келмасдан шахсий мобил телефонлари орқали, ўз талаб қилиб олгунча ва муддатли омонат ҳисобрақамларидаги маблағлар доирасида:  
-    Омонатларга  ҳисобланган фоизларни чиқим қилиш;
-    Муддати тўлган омонатларни тўлиқ ёки қисман қайта расмийлаштириш (Агар мижоз омонатини қисман расмийлаштирмоқчи бўлса орадаги фарқ сумма унинг талаб қилиб олингунча ҳисоб рақамига автомат равишда ўтказилади);
-    Омонатни нақдсиз ёпиш;
-    Омонатни муддатидан олдин нақдсиз ёпиш имконига эга бўлади.

Шунингдек, “Депозит банкинг” мобил дастури ёрдамида мижозлар доимо ўзларининг омонатларини  муддатлари тугаганлиги тўғрисида  СМС хабарнома олиб борадилар.

Матбуот анжумани давомида ахборот технологияларини жорий этиш орқали  кенгайиб  бораётган  АТБ “Қишлоқ  қурилиш банк” хизматлари кўламига мос равишда банк мижозлари сони ҳам йилдан-йилга ортиб бораётганлиги  таъкидланди. 2017 йил 1 июнь ҳолатига АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”  тизимида 42  та филиал, 43 та минибанк ва 176 та шаҳобчалар  фаолият юритмоқда ва улар орқали 794 мингдан  ортиқ жисмоний ва юридик шахслар мақомидаги  мижозларга кенг кўламли банк хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Матбуот анжуманида АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан амалга оширилиши кўзда тутилаётган истиқболли лойиҳалар, банк фаолиятининг келгусидаги асосий йўналишлари бўйича маълумотлар берилди ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.

Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top