Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзодлар: Хиддинк, Марадона, Ван Гал, Дель Боске, Капелло...
04.01.2018 Спорт
1news.uz - “Бу гапни қаердан олдингиз?”, “Бўлиши мумкинмас” дейишга шошилманг...

Футболга бефарқ бўлмаган юртдошларимизни шу кунларда “Ўзбекистон миллий терма жамоасига ким бош мураббий бўлиб келади?” деган савол жавоби қизиқтираётгани шубҳасиз. Бу борада интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда жуда кўп фикрлар, тахминлар билдирилаяпти. Мана шундай паллада Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов масалага бир оз ойдинлик киритди: “Ўзбекистон миллий терма жамоасига тез орада хориждан кучли мураббий олиб келинади. Бу мураббий, албатта, ўз терма жамоаси билан жаҳон чемпионатига йўл олган, катта тажрибага эга мураббий бўлади”.

ЎФФ раҳбари ўша мутахассиснинг исмини ошкор қилмай омманинг қизиқишини янада кучайтириб юборди. Хўш, ким ўша сирли мутахассис? Қаердан? Бу бўйича ҳадемай расмий маълумот тақдим этилади. Унга қадар “Халқ сўзи онлайн” нашри бунга аниқлик киритишга уриниб кўрди. Қандай қилиб дейсизми? У. Аҳмаджоновнинг мана бу гапига яхшилаб эътибор беринг-а: “Бу мураббий, албатта, ўз терма жамоаси билан жаҳон чемпионатига йўл олган, катта тажрибага эга мураббий бўлади...”

Биз шу фикр асосда ўз терма жамоаси билан жаҳон чемпионатига чиққан ҳамда катта тажрибага эга номзод-мураббийлар рейтингини тузиб кўрдик.

Биринчи номзод — Гус Хиддинк. Голландиялик мутахассис терма жамоаларни ЖЧга олиб чиқиш ва яхши натижа қайд этиш бўйича пешқадамлардан бири, тажрибали мутахассис саналади. Жумладан, 1998 йили Францияда ўтказилган мундиалда унинг бош мураббийлигидаги Нидерландия ярим финалгача етиб борганди. 2002 йилда Япония ва Жанубий Кореядаги мусобақада Гус бошчилигидаги корейс футболчилари бронза медаль билан тақдирланди. 2006 йилда эса Австралияни сўнгги 32 йил ичида илк марта ЖЧга олиб чиқди ва нимчорак финалгача боришга эришди. 2008 йилги Европа чемпионатида Россия терма жамоасини бошқарган мураббий бронза медаль билан тақдирланди.

Иккинчи номзод — Диего Армандо Марадона. 58 ёшли афсонавий футболчи, мутахассис 2008 — 2010 йиллар давомида Аргентина термасига мураббийлик қилди ҳамда жамоани мундиалда чорак финалгача олиб борди.

Учинчи номзод — Луи Ван Гал. Яна бир голландиялик мутахассис 2014 йили Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Нидерландияни ярим финалгача олиб чиқиб, 3-ўрин учун кечган баҳсда мезбонларни йирик ҳисобда мағлубиятга учратган ҳамда жамоасига бронза медални тақдим қилишга эришган.

Тўртинчи номзод — Висенте Дель Боске. 2010 йили ЖАРда бўлиб ўтган мундиалда Испания терма жамоасини чемпион қилишга муваффақ бўлган.

Бешинчи номзод — Фабио Капелло. 72 ёшли дон Фабио 2010 йилги ЖЧга Англия терма жамоасини олиб чиқишга эришган. Россия терма жамоасини эса 12 йиллик танаффусдан кейин 2014 йилги ЖЧга олиб чиққан.

Бундан ташқари, Бора Милутонович, Дик Адвокат, Лоран Блан, Юрген Клинсманн каби мураббийлар ҳам бўлиши мумкин.

Юқоридагиларни расмий маълумот деб эмас, “Халқ сўзи онлайн”нинг тахмини, деб қарашингизни сўрардик. Биз шунчаки Умид Аҳмаджоновнинг сўзлари “мағзини чақиб” кўришга уриндик холос. Терма жамоамизга кучли ва тажрибали мураббий келишини ҳаммамиз хоҳлаймиз. Зеро, жаҳон чемпионатига чиқишни анчадан бери кутамиз...
Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top