Самарқандлик ижодкор Парижга велосипедда бормоқчи
25.10.2017 Спорт
1news.uz - Шокир Аҳроров – Тойлоқ туманидаги "Пайшанба-Сиёб" маҳалласида яшайди. Уни "Қабрдан қайтган умр" сериали, "Шаббона", "Ширингина армоним", "Чимилдиққа отилган ўқ", "Шаҳарлик олифта" каби фильмлар сценарийсининг муаллифи сифатида яхши биламиз. Аммо, Шокир аканинг ижодкор – драматурглигидан ташқари спорт билан шуғулланишини ҳамма ҳам билмаса керак.
Эндигина 50 ёшни қоралаётган Ш.Аҳроров "Буюк тарих бағридан, буюк келажак остонасигача" шиори остида югуриш бўйича шахсий марафонини ўтказди. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти И.Каримов хотирасига бағишланган марафонда Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонидан Тошкент шаҳригача бўлган масофани беш кун ичида босиб ўтди. Марафончини пойтахтда республика жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси, Ўзбекистон миллий матбуот маркази ходимлари ҳамда жамоатчилик вакиллари кутиб олди.

– Қарийб 35 йилдан бери спорт билан шуғулланиб келаман, – дейди Ш.Аҳроров. – Ўрта мактабни тугатиб, Самарқанд физкультура техникумида таҳсил олганман. Ўқиш давридаёқ узоқ масофага югуришни одат қилганман. Бир неча бор вилоят биринчиликларида совриндор бўлганман. Енгил атлетика бўйича республика биринчилигида чемпионликни қўлга киритиб, спорт усталигига номзодлик талабини бажарганман.
Шокир ака 1993 йилда мамлакатимиз ҳудудини велосипедда 22 кун ичида босиб ўтиб, шахсий рекордини ўрнатган эди.

– Велосипед ҳайдашдан кўра югуриш қийинроқ дейишади, – дейди спортчи. – Аммо техникасини яхши ўзлаштирса, югуриш анча осон кечади. Ҳар куни эрта тонг соат 5:00 дан қоронғу тушганича 60 километр масофага югурардим. Дастлаб Жиззах вилоятининг Fаллаорол туманидаги чойхоналар олдида тўхтаб, нафасимни ростладим. Йўл-йўлакай юртимизнинг гўзал табиати, бепоён ҳудудларини кўриб, улар манзарасидан илҳомланиб, завқ олдим. Турфа одамлар, бободеҳқон-фермерлар, тадбиркорлар билан учрашиб, улар билан суҳбатлашдим. Меҳридарё юртдошларимизнинг саховатидан баҳраманд бўлдим.
Ижодкорнинг режалари кўп. У келгуси йил Мустақиллик байрами муносабати билан Франция пойтахти Париж шаҳригача бўлган масофани велосипедда босиб ўтишни орзу қилади.
Ш.Аҳроров саёҳатларидан илҳомланиб, ижодий режаларини ҳам амалга ошириб келади. Кўпгина асарлари ана шу сафарларда битилган. Бу юришда ҳам шундай бўлди. Оддий одамлар ҳақидаги турли ҳикоялар ва фильм ва сериаллар учун сценарийлар билан қайтиб келди.

Муаллиф: Д.ЎТАМУРОДОВ, "Зарафшон"
Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top