Кристиан Карамбё: Ўзбек футболида сезиларли ўсиш бўлди
07.02.2018 Спорт

1news.uz - Хабарингиз бор, Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси Coca Cola компанияси билан ҳамкорликда FIFA World Cup Trophy Tour  доирасида жаҳон футболининг бош мукофоти биринчи марта Тошкентга олиб келинди.

Пойтахтимиздаги HYATT REGENCY меҳмонхонасида ЖЧ Кубоги делегацияси аъзолари билан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда ЖЧ-98 ғолиби франциялик футболчи Кристиан Карамбё, Coca-Cola компаниясининг Трукия, Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари бўйича президенти Евгения Стоичкова,Жисмоний тарбия ва спорт Давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов,Ўзбекистон футбол Ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов қатнашди. Умид Аҳмаджонов ЖЧ Кубогининг юртимизга келиши тарихий воқеа эканлигини таъкидлар экан, келгусида бу Кубокни Ўзбекистонга ФИФА вакиллари эмас, футболчиларимиз олиб келишига умид билдиришини айтиб ўтди.

ЖЧ-98 ғолиби, ФИФА элчиси Кристиан Карамбё эса, сўнги пайтларда Ўзбекистонда футбол сезиларли тарзда ўсишга эришгани, буни Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг ғалаба қозонганидан ҳам билиш мумкинлигини айтиб ўтди.



“Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё чемпионатидаги ўйинлари жуда чиройли бўлди. Терма жамоангиз таркибида яхши ҳужумчилар, яхши футболчилар борлигини кўрдим. Бу футболчилар келгусида миллий терма жамоа таркибида Жаҳон чемпионатларида иштирок этишига тилакдошман”, деб айтиб ўтди Карамбё.


Coca-Cola компаниясининг Трукия, Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари бўйича президенти Евгения Стоичкова эса қуйидаги фикрларни билдириб ўтди: “Бу йил Coca-Cola компанияси Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлаганига 25 йил бўлади. Ана шу муҳим юбилейда мамлакатга футбол бўйича Жаҳон Чемпионати Кубоги ташрифини туҳфа қилиш имконяти  биз учун  рамзий маънога эга.  Мен мазкур акцияни қўллаб-қувватлаган  Ўзбекистон Республикаси Президенти, Жисмоний тарбия ва спорт Давлат қўмитаси, Ўзбекистон Футбол Ассоциациясига ўзимнинг  чуқур миннатдорлигимни изҳор этаман”.


Шундан сўнг ЖЧ Кубоги йиғилганларга намойиш этилди. Футбол бўйича ФИФА нинг Жаҳон Чемпионати кубоги  – дунё биринчилиги ғолибларига топшириладиган, аммо ФИФА ихтиёрида қоладиган   асосий соврин. У соф олтиндан ясалган бўлиб, вазни  6,142 кг ни ташкил қилади. Унинг композициясида ер шарини қўллари билан кўтариб турган икки инсон акс эттирилган. Расмий кубок 1974 йилдан бери мана шундай шаклга эга.



ФИФА қоидаларига кўра, дунёдаги энг машҳур ва қимматли спорт рамзларидан бирини фақат турнир ғолиблари ва давлат раҳбарлари ушлаши мумкин. Кубок ҳеч кимга бутунлай бериб юборилмайди. Уни қўлга киритган ғолиб жамоа афсонавий  кубокни кейинги мундиалгача ўзида сақлайди. Кейин эса унинг олтин суви юртилган нусхасини қабул қилиб олади. 


Айнан шунинг учун ҳам ноёб, ягона саналган мукофотни кўришдек имкониятни  – Coca-Cola компанияси FIFA World Cup Trophy Tour доирасида барча футбол мухлисларига тақдим этмоқда. Футбол ишқибозлари ана шу имкониятдан бажонидил фойдаланишади, ахир бошқа пайт бош совринни фақат ФИФАнинг Цюрихдаги Жаҳон футболи музейида кўриш мумкин. 



Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20