Таниқли кардиожарроҳ Ватанига қайтди
09.01.2018 Жамият

1news.uz - Халқаро тиббиёт доираларида таниқли бўлган кардиожарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган  соғлиқни сақлаш ходими Қаландар Бобожонов Ватанга қайтиш ва юртдошлари саломатлиги йўлида ўзининг касб фаолиятини давом эттиришга қарор қилди.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг хориждаги юртдошларимизни Ватан равнақига ўз ҳиссаларини қўшишга даъват этгани кейинги йиллар давомида Украина тиббиёт фанлари академиясининг Н. Амосов номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги Миллий институтида бош маслаҳатчи бўлиб ишлаётган шифокорнинг ана шундай қарорга келишига сабаб бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан Ўзбекистонда ҳаётга тадбиқ этилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, шу жумладан, соғлиқни сақлаш тизимидаги ўзгаришлар ҳам юқори малакали мутахассиснинг ушбу қарорига туртки бўлди, деб хабар беради “Жаҳон”.

Шуни қайд этиш жоизки, Қ.Бобожонов Ўзбекистонда биринчи бўлиб Фонтен, Глен Биглен операциялари тажрибасини, мураккаб туғма юрак нуқсони ҳолатида артериал жарроҳлик, юрак ишемик касаллиги бўлгани ҳолатида ишлаб турган юракда аортокоронар шунт ўрнатишни амалиётда қўллаган, яъни алоҳида хизмат кўрсатган шифокордир. У 2002 йили мамлакатимиз Президентининг Фармонига биноан, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган  соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвонига сазовор бўлган.  

Олим ўзининг меҳнат фаолияти давомида Лусакадаги (Замбия) Университет шифохонасининг Кардиожарроҳлик марказига асос солган. Қ.Бобожонов у ерда юрак паталогияси билан боғлиқ 200 дан зиёд операцияларни бажарган. Хизмат кўрсатган тиббиёт ходими турли паталогиялар ҳолатида очиқ юракда ҳаммаси бўлиб 8000 операция ўтказган: митрал ва аортал клапанларни протезлаш, икки клапанли протезлаш, Фалло тетрадаси касаллиги ва бошқа мураккаб туғма нуқсонлар билан боғлиқ операциялар.

1986 йили Қ.Бобожонов собиқ иттифоқ Олий аттестация комиссияси қарорига биноан юрак-қон томирлари жарроҳлиги бўйича тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасини олган. 2004 йили эса Украина Олий аттестация комиссияси қарорига биноан юрак-қон томирлари жарроҳлиги бўйича тиббиёт фанлари доктори бўлган. У 6 фан номзоди ҳамда бир  фан докторини тайёрлаган.

Олим турли табобат нашрларида чоп этилган 271 илмий мақолаларнинг ҳамда “Болалар кардиожарроҳлигида анестезиологик таъминот ва интенсив терапия” номли монографиянинг муаллифидир.

Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top