Покистонлик журналистлар — таҳририят меҳмони
14.11.2017 Жамият

1news.uz - Покистонлик журналистлар ҳамда медиа-экспертлардан иборат делегация “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририятига ташриф буюрди.

Самарқанд шаҳрида ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун юртимизга турли мамлакатлардан делегациялар ташриф буюрди. Хусусан, улардан бири — Покистон делегацияси ташриф доирасида “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририятида меҳмон бўлди.

Бутунпокистон босма нашрлар жамияти (APNS) вакилларидан иборат делегация аъзоларига мамлакатимизнинг барча ҳудудида Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил ахборот берилди. Делегация аъзолари Самарқанд, Бухоро ҳамда Тошкентга ташрифлари чоғида бу ислоҳотлар, ўзгаришлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.

Учрашувда қайд этилганидек, Ўзбекистонда ахборот соҳасида изчил ислоҳотлар жараёни кечаяпти. Бугунги кунда республикада 1500 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари фаолият юритмоқда. Журналистлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, газета, журналлар, телевидение ва радио, интернет ОАВни бугунги кун талабларига мувофиқ ривожлантиришга қаратилган ўнлаб қонунлар, давлат раҳбарининг Фармон ҳамда қарорлари қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари оммавий ахборот воситалари ривожига алоҳида эътибор қаратаётгани учрашувда алоҳида айтиб ўтилди. Президентимиз мамлакатимиз ижодкор зиёлилари, етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашув ўтказди. Бу учрашув журналистларни янги ижодий изланишларга ундаётгани билан, айниқса, аҳамиятлидир.

Покистонлик журналистларга мамлакатдаги етакчи даврий нашр — “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарининг таъсис этилиши тарихи, улар фаолиятининг асосий йўналишлари, шунингдек, бугунги кунда қабул қилинганининг 25 йиллигини нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилаётган Конституциямиз лойиҳаси эълон қилиниши сингари муҳим воқеалар ҳақида батафсил ахборот берилди.

Покистонлик меҳмонлар юртимизга ташрифи таассуротлари билан ўртоқлашди, шунингдек, Самарқанд бўлиб ўтган йирик форумдаги иштироклари ҳақида фикр алмашишди.

Журналистлар 200 миллион кишилик Покистонда оммавий ахборот воситалари, журналистлар фаолияти ҳақида атрофлича маълумот беришди. Покистон глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази директори Холид Темур Акбарнинг сўзларига кўра, электрон оммавий ахборот воситалари ушбу мамлакатда жадал ривожланиб бораётган бўлса-да, аҳоли ҳали ҳам кўпроқ газета ҳамда журналларга ишонади. Босма оммавий ахборот воситалари ҳаққоний ва холис янгиликларнинг асосий манбаси бўлиб қолмоқда.

APNS катта вице-президенти, “The Daily Ibrat” газетаси бош муҳаррири Асад Обид Қазининг айтишича, Ўзбекистондаги етакчи газеталар, журналистлар ижодий ташкилотлари тажрибаси покистонлик журналистлар учун муҳим аҳамиятга эга. Унинг фикрича, икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ОАВ ходимлари малакасини оширибгина қолмасдан, мамлакатларимизнинг глобал ахборот маконидаги имижини яхшилашда биргаликда ишлаш имкониятини яратади. Бундай ҳамкорлик эришилган натижа ҳамда муваффақиятлар, халқимиз ва мамлакатларимиз бой тарихи ҳамда маданияти ҳақида дунё жамоатчилигини хабардор қилишга кенг йўл очади.

Бизнинг маълумот: Бутунпокистон босма нашрлар жамияти (All Pakistan Newspapers Society, APNS) 1953 йилда Карачида ташкил этилган.

Жамият аста-секинлик билан оммалашиб борди. Ҳозирги кунда APNS директорлар кенгашига камида 100 миллион кишилик аудиторияга эга бўлган медиа-компаниялар бошлиқлари аъзо ҳисобланишади.


“Халқ сўзи”

Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top