Нукусда тадбиркорлар ва фермерлар кўргазмаси ташкил этилди
29.08.2018 Жамият
O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб “Мустақилликка менинг туҳфам” шиори остида тадбиркорлар ва фермерлар маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

Унда ўз маҳсулотлари билан иштирок этган 50 нафардан ортиқ тадбиркор ва фермерлар ўзлари етиштирган маҳсулотларини намоён этар эканлар, тадбиркорлик фаолияти учун яратиб берилган бугунги шарт-шароитлар учун шукроналик келтиришди.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида жорий йилнинг июль ойи ҳолатига кўра Қорақалпоғистон Республикасида 15 минг 258 нафар тадбиркор фаолият юритмоқда. Шундан 1455 нафари янгидан иш бошлаган тадбиркорлардир.

– Корхонамиз 2011 йилда ташкил этилган, – дейди “Зар Дил Дилбар” МЧЖ раҳбари Паруаз Ережепова. –Дастлаб 2 нафар ишчи билан фаолият бошлаган эдик, ҳозирга келиб уларнинг сони 30 нафарга етди. Айни чоғда Қорақалпоғистоннинг бешта туманида корхонамиз филиаллари фаолият юритяпти. Яқинда корхонамизда пайпоқ ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди. Бугунги тадбирда 40 турдаги маҳсулотларимиз билан иштирок этмоқдамиз. Бу каби тадбирлар тадбиркорларнинг ўз маҳсулотларини маҳаллий бозорга чиқариш, ўзини таништириш учун кенг имконият яратади.

Шунингдек, кўзгазма доирасида ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Унда Нукус шаҳридаги 59 та корхона ва ташкилот 402 бўш иш ўрини билан қатнашди.

–Жорий йилда Қорақалпоқ давлат университетини тамомладим, – дейди Оразхан Утеулиева. – Бугунги меҳнат ярмаркасида ўз мутахассислигим бўйича Нукус шаҳридаги 6-сон мактабига ишга жойлашдим. Энди ўқувчиларга математика фанидан сабоқ бераман.

Таъкидлаш керак, ярмарка якунида 34 нафар фуқарога ишга жойлашиш бўйича йўлланма берилди, шундан 19 нафари ёшлардир.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20