Муносабат: Миллат соғлом бўлса, мамлакат юксалади
14.12.2017 Жамият

1news.uz - Тиббиёт соҳасига давлат раҳбарининг эътибор қаратиши, шифохоналар, оилавий поликлиникалар, тез тиббий ёрдам хизматлари, умуман, соғликни сақлаш соҳаси фаолиятини чуқур таҳлилга тортиши мамлакатнинг барқарор ривожланиш йўлидан бораётганидан дарак беради. 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимиз тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилгани ана шу фикрни тасдиқлайди.

Мазкур йиғилишда юртбошимиз юртдошларимизнинг бахтли-саодатли, фаровон умр кечиришини кафолатлаш, ҳуқуқ ҳамда эркинликларини муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланиши; аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада яхшилаш, халқимизни тиббиёт тизими фаолиятидан рози қилиш – барчанинг, хусусан, ушбу соҳа ходимларининг муҳим вазифаси эканини таъкидлади.

Соғлиқни сақлаш соҳаси тубдан ислоҳ қилинаётганига барчамиз гувоҳмиз. Бу борада ўтган бир йил ичида қанча катта ўзгаришлар бўлгани йиғилишда аниқ рақамлар билан айтиб ўтилди.

Айниқса, жорий йилдан бошлаб соҳа учун кадрлар тайёрлаш ишлари кўлами кенгайди. Чунки мамлакатимизда 11 мингдан зиёд шифокор етишмаётгани, айнан шу сабабга кўра, тиббиёт муассасалари аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсата олмаётгани ҳам айтиб ўтилди.

Кадрлар таъминоти масаласи ечими сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёжни ҳудудлар, туманлар ва муассасалар кесимида аниқлаш, 2018 йилда бакалавриат таълим йўналишининг мақсадли қабул квотасини 2017 йилга нисбатан 20 фоиз ошириш, мақсадли магистратурани 10 фоиз, клиник ординатура қабул квотасини 15 фоиз ошириш белгиланди.

Хусусий тиббиёт масканлари давлат тиббиёт тизимининг рақобатчилари демакдир ва уларнинг ўзлари ҳам ўзаро рақобатлашади. Демак, хусусий тиббиёт масканлари қанчалик кўп бўлса, рақобат шунчалик кучли бўлади. Рақобат бўлган жойда эса изланиш, ижод қилиш, ривожланиш бўлади. Шунинг учун ҳам юртбошимиз хусусий тиббиётни тизимли асосда ривожлантиришга қаратилган топшириқлар берди. Хусусан, пойтахтимизда фаолиятини бошлаган “Акфа медлайн” хусусий тиббиёт муассасаси негизида мамлакатимизда хусусий тиббиётни ривожлантириш ва уларга малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ўқув-даволаш марказини ташкил этиш, мазкур тиббиёт маркази ҳамкорлигида Корея Республикасининг олий таълим тиббиёт муассасаси ва унинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш вазифасини қўйди.

    Тарих фанининг отаси Геродот “Тарих” китобида қайсидир халқ ҳақида ёзаётиб бундай дейди: “Уларда бирор киши касал бўлиб қолса, уни бозорга олиб чиқишади. Кейин бир жарчи: “Эй одамлар, мана бу одам фалон касалликка чалинган”, деб жар солади. Унинг гапини эшитган бозор аҳлидан кимдир илгари шу касалга чалиниб, даволаниб соғайиб кетган бўлса, келиб беморни кўриб унга ўзининг тажрибасини гапириб беради”.

Геродотнинг бу воқеани ёзганига икки ярим минг йилдан ошди. Ўша даврда юнонистонлик Геродотга ушбу тажриба касалликка  антиқа даво топиш усули бўлиб кўринган. Росмана шифохоналар эса мусулмон оламида пайдо бўлган. Дастлабки очилган шифохоналарда иккита бўлим бўлган. Улардан бирида талабаларга тиббиёт илмидан дарс берилган, иккинчисида эса беморлар ётиб даволанган.

“Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида қадимда ҳам даволаш муассасалари фаолият юритган. Хусусан, Амир Темур бошқа мамлакатларнинг машҳур табибларини пойтахт Самарқандга олиб келиб, махсус шифохоналар очган. Мовароуннаҳр ва Хуросонда шифохоналар учун алоҳида бинолар қурилган. Шифохоналар очишга Алишер Навоий ҳам катта аҳамият берган. Туркистоннинг баъзи вилоятларида махсус шифохоналар бўлгани манбаларда қайд этилган”, дейилади Ўзбекистон миллий энциклопедиясида.

    Қадимда энг зўр табибларнинг ҳам бизнинг ўлкамиздан чиққани бу гапларни тасдиқлайди. Кореяликлар ҳам қадим тиббий маданиятига эга халқ. Уларнинг ҳам даволаш борасида неча минг йиллик тажрибаси бор. Ёшларимиз ўзимиздаги илмлар билан бирга ана шу тажрибаларни ҳам ўзлаштирса, нур устига нур бўлади.

Ушбу йиғилиш миллатнинг, Ўзбекистон халқининг соғлигини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган савобли ишларга давлат раҳбарининг эътиборидир. Зеро, мамлакат тараққиётини таъмин этадиган муҳим омиллардан бири аҳолининг саломатлигидир. Аҳоли саломат бўлиши учун эса соғлиқни сақлаш тизими мукаммал бўлмоғи керак. Биргина кадрлар масаласига тўхталган Президентимиз 11 минг кадрнинг етишмаётганини айтиб ўтди. Бу – 11 минг кишига тайёр иш бор дегани. Энг муҳими ҳам бу эмас, энг муҳими, ўша 11 минг одам қанчадан-қанча одамнинг соғлигига масъул бўлади...



ЎМИ матбуот хизмати

Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top