Саёҳ учун алоқа қанчалик муҳим?
08.04.2018 Техно
Сир эмас, сайёҳлик дунё иқтисодиётида ҳал қилувчи ўринларни эгаллаб келади. Кўплаб мамлакатлар айни шу соҳа орқали аҳолисининг фаровонлигини таъминлаяпти. Айрим мамлакатлар ўз тарихий масканлари, сўлим табиати, қадимий обидалари билан сайёҳларни жалб этаётган бўлса, айримлари бутунлай бошқа йўналишларда, хусусан, савдо ва хизматлар билан дунёга эшик очмоқда.

Айни шу жиҳатдан қараганда Ўзбекистон имкониятлари ҳеч қайси жабҳада ҳеч кимдан кам эмас. Бироқ, бу имкониятни рўёбга чиқариш борасида дўппини бошдан олиб, ўйлайдиган масалалар йиғилиб қолган эди.
Аввало, соҳа билан боғлиқ расмиятчиликлар, сайёҳларга хизмат кўрсатишдаги камчиликлар, нархлар ва хизматлар ўртасидаги тафовутлар...буларнинг барчаси улкан имкониятларимизга соя солиб турган эди.

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиеёв бу каби муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида ҳал қилувчи қарорлар қабул қилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилиб, унинг фаолияти замон талабларига мослаштирилди.

 Президентимиз бир неча бор Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик корпус раҳбарлари иштирокида йиғилишлар ўтказди, соҳа истиқболи билан боғлиқ вазифаларни белгилаб берди.
Президентнинг тегишли қарор ва фармонлари эълон қилинди. Виза тартиблари соддалашди, сайёҳлик учун қўшимча имконият ва имтиёзлар берилди.

Натижада қисқа вақт ичида Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар сони сезиларли даражада ошди. Президентимизнинг ички туризмни ривожлантириш борасида илгари сурган ташаббуслари ҳам халқимиз кўнглидаги гап бўлди. Ўзбекистонда яшаб Ўзбекистонни билмайдиган одамлар жамоа бўлиб, тарихий шаҳарларимиз, муқаддас қадамжоларни қайта кашф этмоқда.

Бизнингча, бу жараёнда ҳар бир ташкилот ва муассаса, шу юртнинг ҳар бир фуқароси фаол бўлиши зарур. Шунда бошланган хайрли ишлар янада жадаллашади. Меҳнатлар маҳсули тезроқ кўзга ташланади.
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ҳам ўз йўналишида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросига масъулият билан ёндошиб келмоқда.

Инспекция раҳбариятининг кўрсатмаси асосида йил бошидан тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар жойлашган ҳудудлардаги алоқа қамровлари ўрганиб чиқилди.
Аввало, Ўзбекистоннинг ташриф қоғозига айланган Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларидаги алоқа хизматлари синчковлик билан кўрикдан ўтказилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, Самарқанд шаҳрида жами 107 та меҳмонхона мавжуд бўлиб, шундан 11 таси оптик толали кабел орқали, қолган меҳмонхоналар АDSL технологияси асосида Интернет тармоғига уланган. Меҳмонхоналар ҳудудида барча мобил алоқа хизматлари бўйича қамров 100% ни ташкил этади.
Бироқ, вилоятда жойлашган муқаддас қадамжоларнинг барчасида ҳам мобил алоқа операторларининг қамрови кўнгилдагидек, деб бўлмайди.

Хусусан, Самарқанд шаҳридаги Хўжа Дониёр ва Самарқанд вилоятининг Оқдарё, Пойариқ, Нуробод туманларида жойлашган зиёратгоҳларда қамров билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

 Жумладан: Хўжа Дониёр зиёратгоҳи ҳудудида “COSCOM”, “Uzmobile (GSM)”, “Uzmobile (CDMA)”, “RWC” мобил компанияларининг 2G технологияси сигналлари қониқарли, бироқ, 3G технологияси сигнали талаб даражасида эмас.

Бу борада фақатгина “UMS” компаниясининг 2G ва 3G технологиясида муаммолар учрамайди. Маҳдуми-Аъзам зиёратгоҳи ҳудудида “COSCOM”, “UMS”, “RWC”, “Unitel”компанияларининг 2G ва 3G қамровлари талаб даражасида, “Uzmobile (GSM)” нинг 3G сигналлари етарли эмас. Имом-Ал-Бухорий зиёратгоҳи ҳудудида “UMS”, “COSCOM”, “Uzmobile (GSM, CDMA)”, “Unitel”, компанияларининг хизмат сифатида муаммолар учрамайди. Бироқ, “RWC”сигнали қамрови етарли эмас.

Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи ҳудуди фақатгина “Ўзбектелеком” АК “Uzmobile” филиалининг 2G ва 3G алоқа қамрови билан (яхши) таъминланган, бугунги кунда мазкур зиёратгоҳга яқин ҳудудда “Unitel” МЧЖ томонидан янги таянч база станцияларини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида Wi-fi зоналарини ташкил этиш ва бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғига уланиш имкониятини яратиш мақсадида ҳозирги кунда “Ўзбектелеком” АК Самарқанд филиали томонидан Регистон майдони, Самарқанд темир йўл вокзали, Самарқанд аэропорти, Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси, Сиёб бозори ҳамда Ҳазрати Хизир масжиди ва Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг мақбараси ҳудудидаларида Wi-Fi зонаси ташкил қилинган бўлсада, бугунги кунда фаолият кўрсатмаяпти.

Шунингдек, бошқа объектларга ҳам Wi-fi зоналарини ташкил этиш бўйича “Ўзбектелеком” АК Самарқанд филиали ва “ЎзИ-Самарқанд” филиали билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда. Хоразм вилоятида ҳам аҳолига сифатли алоқа ва Интернет хизматларини кўрсатиш борасида кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, сайёҳлар кўп тўпланадиган тарихий масканларни симсиз ва тезкор Интернет тармоғи билан қамраб олиш борасида муаммолар мавжуд.

2014 йилда “Ўзбектелеком” АК томонидан Урганч темир йўл вокзалида 4 та нуқтада, Урганч аэропортида 5 та нуқтада, Хива шаҳрининг Ичан қалъа ҳудудида 34 нуқтада Wi-Fi зонаси ташкил қилинган. Бироқ, бугунги кунда ушбу Wi-Fi Интернет тизими фақат Урганч темир йўл вокзали ҳудудида ишлаб турибди. Сабаби, Интернет трафиги учун тўловни Урганч темир йўл вокзали маъмуриятидан бошқа ҳеч бир ташкилот ўз зиммасига олмаган.

Бу муаммолар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда Инспекция ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ўрганилиб, тегишли тартибда ҳал этилиши устида иш олиб борилмоқда.

2017 йил 16 декабрь куни Хоразм вилоят ҳокими ўринбосари ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармасига юқоридаги объектлар маъмуриятлари “Ўзбектелеком” АК Хоразм филиалидан мавжуд интернет карталарни сотиб олиб ҳорижий сайёҳларга етказиш тизимини ташкил қилишлари таклифи берилиб, бу орқали улардаги Wi-Fi Интернет тизимини ишлатишга тайёр эканлиги билдирилди.

Шунингдек Хива шаҳридаги жами 37 та меҳмонхонадардан 32 таси симли телефон алоқаси ҳамда Интернет тармоғига уланган. Қолган 5 та меҳмонхоналарда қурилиш ишлари охирига етказилмаган ва шу сабабли телефонлаштирилмаган. Ушбу зонада барча мобил алоқа хизматлари бўйича қамров 100%ни ташкил этади.

Президентимизнинг жорий йил 19 майдаги “2017 — 2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти сайёҳлик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида вилоятдаги сайёҳлар тўпланадиган гавжум жойларда Wi-Fi-ҳудудларини яратиш билан боғлиқ вазифалар белгиланган эди.

Қарор асосида Бухоро шаҳридаги барча тарихий қадамжоларда жумладан, Пойи калон, Лаби-ҳовуз, Тоқи-Саррофон, Тоқи-Телпакфурушон, Тоқи-Заргарон, Абу-али Ибн Сино хиёбони, қадимий АРК майдони, Бухоро аэропорти ҳамда Бухоро автошоҳ бекатлари, “Ситораи Мохи Хоса” қасри, Темир йўл вокзали ҳамда Нақшбандий зиёратгоҳларига узоқ масофада ишловчи WI-FI узатгич қурилмалари ўрнатилиб, тайёр ҳолатга келтирилган. Тасдиқланган жадвал асосида хизмат ишга туриширилмоқда. Шунингдек, Бухоро шаҳрида мавжуд 100 дан ортиқ мехмонхоналарда замонавий симсиз Wi-Fi Интернет хизматлари жорий этилган.
Вазирликнинг ҳудудий бошқармаси ва Инспекция ҳудудий бўлинмаси томонидан бу борадаги ишлар мониторингги олиб борилмоқда.

Шу ўринда бир мулоҳаза, бугун пойтахтимиз ва вилоят марказларида фаолият олиб бораётган турли кўнгилочар ва савдо мажмуаларда мижозлар учун бепул Wi-Fi зоналари тақдим этилмоқда. Ижара асосида планшет ва бошқа электрон қурилмалардан маълум вақт фойдаланиш мумкин. Бу биринчидан, бу жойларга келувчи харидорларни ўзига жалб этса, иккинчидан тадбиркорлик субъектига қўшимча даромад дегани.
Вилоят ҳокимликлари ҳам тарихий масканларга келаётган сайёҳларга бепул Интернет хизматларни тақдим этиш орқали улар ташрифини рағбатлантирса, фойдадан холи бўлмайди.

Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган алоқа операторлари ҳам тарихий шаҳарларимиз, муқаддас қадамжолар ҳудудидаги алоқа қамровни ўрганиб, хизмат сифатини замон талабларига етказса, аввало, ўз зиммасидаги мажбуриятни бажарган ва қолаверса, юртимиз туризм салоҳиятини юксалтиришга ҳисса қўшган бўлар эди.

Сир эмас, бирор бир мамлакатга борсангиз, энг аввало соғ-омон етиб келганингиздан уйдагиларни хабардор қилишга шошиласиз. Иқтисоди тараққий этган, туризм ривожланган мамлакатларда бу борада муаммолар учрамайди. Сиз, турли пакетдаги сим карталар орқали алоқа хизматидан фойдаланишингиз мумкин. Сафар давомида мобил телефонингиз беками -кўст ишлаб турса, ўзингизга ишончингиз мустаҳкам бўлади.

Юртимизга келаётган саёҳларни ҳам ўзимизга қиёсласак, масала моҳияти янада ойдинлашади.
Бу борада “Uzmobile” компанияси томонидан туристлар учун махсус тарифларнинг ишлаб чиқилгани, мобиль роутерни ижарага бериш хизматларининг жорий этилганини олқишласа арзийди. Бошқа компаниялар ҳам бу борада ўзаро рақобатга киришса нур устига аъло нур.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Оллоҳ назари тушган юрт. Дунё тараққиётига муносиб ҳисса қўшган алломалар Ватани. Қадим тарих ва буюк келажак чорраҳасини макон тутган мудаддас гўша.
Истиқлол туҳфаси боис, юртимизда асрларга татигулик оламшумул ўзгаришлар амалга ошди. Дунё бизни қайтадан кашф этди.

Бугун мамлакатимизда тараққиётнинг янги тўлқи мавжи халқимизнинг бунёдкорлик ва яратувчанлик хислатларини жўш урдирди.

Шундай экан ҳар биримиз ўзимизга талабни қаттиқ қўйиб, дунёқарашимизни ва амалий ҳаракатимизни замон талабларига мослаштирсак, давлатимиз раҳбари ташаббусларини қўллаб-қувватлаган бўламиз.

“Xabar” газетасидан олинди
Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top