Самарқанддаги кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноятлар
19.06.2018 Жамият

Бундан бир неча кун аввал Самарқанд шаҳрида фаолият юритган хусусий клиникада содир этилган жиноятлар ҳақидаги хабарлар фойдаланувчилар қалбини ларзага солди.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб маълум қилишича, Самарқанд шаҳрида жойлашган Наргиз Санаханова бошқарувидаги “Sam so‘zani plus” хусусий тиббиёт муассасаси лицензияда кўрсатилмаган туғуруқни қабул қилиш фаолияти билан шуғулланганлиги учун лицензиясининг амал қилиши Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан суд тартибида уч марта тугатилган.

Лицензиясининг амал қилиши суд тартибида тугатилгач, ташкилотнинг лицензия олиш учун қилинган мурожаатларига кўра, қонунда кўзда тутилган меъёрларга асосан “Sam so‘zani plus” хусусий тиббиёт муассасасига қайта лицензия берилган. Аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ушбу муасасада туғуруқни қабул қилиш билан боғлиқ фаолият қаттиқ назоратга олинганидан сўнг, ташкилот ходимлари чақалоқларни сотиш учун янги усулни — ҳомилани сунъий йўл билан тушириш орқали болани муддатидан олдин туғдириб, гўёки онани хавфли вазиятдан сақлаб қолганлик ниқоби остида ўз ниятларини амалга оширганлар.

Маълум бўлишича, 2016 йилнинг охирида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган текширувлар натижасида клиникада ноқонуний ҳолатлар юзага келгани такроран аниқланган.

Маълум бўлишича, аксарият ҳолларда “Sam so‘zani plus” хусусий тиббиёт муассасаси бирламчи бўғинда ҳисобда туришдан қочган, ҳеч бир тиббиёт муассасасида назоратда бўлмаган ҳомиладор аёлларни туғдириб, тақиқланган тиббий хизмат фаолияти билан шуғулланиб келган.

Шундан сўнг, “Sam so‘zani plus” хусусий тиббиёт муассасасига 2015 йилда берилган 7087-00-рақамли лицензиянинг амал қилиши Самарқанд вилоят хўжалик судининг 2017 йил 19 январдаги ҳал қилув қарори билан тўртинчи бор тугатилди. Текшириш материаллари прокуратурага тақдим этилган. Муассасанинг масъул шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Шундан буён “Sam so‘zani plus” МЧЖга тиббий фаолият учун лицензия қайта берилмаган.


Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20