Президентнинг Наманганга ташрифи, натижалар, вазифалар
03.05.2018 Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2,3 май кунлари Наманган вилоятига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Чуст туманидаги “Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Шу ерда 2018-2019 йилларда балиқчилик, паррандачилик, чорвачилик, пиллачиликни йўлга қўйиш, томорқачиликни янада ривожлантириш, иссиқхонада лимон етиштириш, тутзорлар ташкил этиш, оғир ҳудудлардаги майдонларнинг сув таъминотини яхшилаш, пахтадан бўшаган ерларга турли экинлар экиш ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, вилоят экспорт салоҳиятини янада ошириш бўйича лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Наманган шаҳридаги “Орзу” кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдим этилди.

Президент ёнғоқзорларни кўпайтириш, балиқчилик бўйича мутахассислар тайёрлаш, картошка уруғчилигини ривожлантириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Давлатимиз раҳбари тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш, хом ашё етказиб бериш ва маҳсулотини сотишга кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. Хорижий технологияларни олиб келиш учун маблағ ажратиш, экспортни кенгайтириш учун корхоналарга халқаро мақом бериш зарурлигини таъкидлади.

Наманган шаҳрида енгил саноатни ривожлантириш, хусусан, “Юксалиш”, “Орзу”, “Пахталикўл”, “Хонобод” саноат зоналарида амалга ошириладиган лойиҳалар, Катта Фарғона каналининг Учқўрғон тумани ҳудудидан ўтган қисмида кичик ГЭСлар каскади қурилиши, “Водий нефтгаз энергия” корхонасида ишлаб чиқарилган газ тармоғи хавфсизлигини таъминлайдиган инновацион қурилма тақдимотлари ўтказилди.

Президентимиз мазкур лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Норин туманидаги “Беш сада” фермер хўжалиги шийпонида Наманган вилояти фермерлари билан мулоқот қилди.

Барча саъй-ҳаракатларимиздан асосий мақсад халқимизни рози қилиш, эртанги кунга ишонтиришдир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Миришкорлар Президентимизга фермерлар учун яратилган шароит ва имкониятлар, давлат томонидан қаратилаётган алоҳида эътибор учун миннатдорлик билдирди.

Шавкат Мирзиёев Учқўрғон туманидаги “Uztex Uchkurgan” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди.

Кам таъминланган оилаларга кўмак бериш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш “Uztex Uchkurgan” корхонасининг брендига айланиши лозим, –деди Шавкат Мирзиёев. – Шу орқали аҳолининг муҳтож қатламини ишлашга, яхши яшашга ўргатамиз, ҳаётга бўлган ишончини оширамиз.

Туманда кластер тизимида чигит экишдан то тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи сифатли ташкил этиш, 2 та янги боғча қуриш, ичимлик суви ва канализация тармоқларини барпо этиш юзасидан топшириқлар берилди.

Шу куни Норин тумани ҳокимлигида вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Видеоселектор шаклида ўтган йиғилишда вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, таълим, тиббиёт соҳаларини такомиллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифининг иккинчи куни Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Тўра Ибрат мемориал мажмуасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатни кириб кўрди, ўқитувчи ва ўқувчилар билан мулоқот қилди.

Аввал таъкидлаганимдек, Ибрат домланинг Ватан ва юрт тараққиёти йўлидаги фидокорона ҳаёти нафақат ўз даврида, балки бугунги кунда ҳам барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб қолмоқда,– деди давлатимиз раҳбари. – Ёшларимиз шунга муносиб, юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиб вояга етишлари керак. Бу мактабга нафақат Наманган вилояти, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан энг иқтидорли ёшлар ўқишга қабул қилинади.

Президентимиз Ибрат мактабини аъло баҳоларга битирган ўғил-қизларни олий ўқув юртларига имтиҳонсиз қабул қилиш ва грант асосида ўқитиш бўйича топшириқ берди.

Шавкат Мирзиёев мажмуага уйғун тарзда Косонсой сойининг икки қирғоғида бунёд этилган хиёбонни кўздан кечирди. Бу ерда қурилаётган уй-жойлар, савдо шохобчалари, кўнгил очар масканлар, аҳоли сайр қиладиган йўлаклар ва бошқа инфратузилма объектлари қурилишини янада такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Мажмуа ҳудудида вилоят зиёлилари, нуронийлар билан мулоқот қилди. Улар Президентимиз ташрифидан хурсандлигини, буюк аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишлари учун миннатдорлик изҳор этди.

Давлат раҳбари Наманган шаҳар давлат хизматлари марказида ҳам бўлиб, марказдаги шарт-шароитлар билан танишди, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш жараёнини кўздан кечирди. Тўлиқ электронлаштирилган мазкур тизим орқали фуқароларга 5 дақиқада янги тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади.

Муассасанинг учинчи қаватида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бўлими ҳамда Наманган инновация маркази фаолият кўрсатмоқда.

Хотин-қизлар қўмиталари вакиллари энди йиғилишма-йиғилиш юрмайди, ўз участкасидаги аёллар муаммолари билан шуғулланади. Бу соҳадаги энг катта иллат – хотин-қизлар қўмиталари ўз ортидан ҳеч кимни эргаштиролмайди. Бунга барҳам берилсагина жамиятимиздаги маънавий муҳит ўзгаради, хотин-қизлар муаммолари камаяди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Хотин-қизлар ишсизлигининг олдини олиш, кўрсатилаётган тиббий хизматни, уй-жой шароитини яхшилаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш юзасидан мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари ташрифидан сўнг “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Наманган шаҳар ва 11 туман бўлимларига “Spark” русумли автомобиллар топширилди.

Манбаа: ЎзА

Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20