Ўзбекистонликларнинг 93,1 фоизи Шавкат Мирзиёевга ишонади
30.11.2017 Сиёсат

1news.uz -  Соф демократик тамойиллар асосида ўтган ва халқимиз хоҳиш-иродасини ифодалаган сайлов натижаларига кўра, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганига, ҳадемай, бир йил тўлади. Ўтган шу қисқа давр мобайнида, шубҳасиз, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан том маънода янги тараққиёт босқичига чиқди.

Хўш, юртимиз фуқаролари давлатимиз раҳбари олиб бораётган ички ҳамда ташқи сиёсатни қандай баҳолайдилар? Ўзбекистонликларнинг бугун турли соҳаларда ҳаётга татбиқ қилинаётган жадал суръатдаги ислоҳотларга муносабати қанақа? Умуман, аҳолининг Президентга нисбатан ишонч рейтинги қай даражада?

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган галдаги сўровдан кўзда тутилган мақсад ҳам ана шу саволларга жавоб топишдан иборат бўлди. Унда республикамизнинг барча ҳудудидан турли миллат, турли ёшдаги ва турли ихтисосликларда фаолият юритаётган бир минг юз нафар киши иштирок этди.

Эътиборлиси, сўровнинг кўрсатишича, фуқароларимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида тарихан қисқа даврда давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча жабҳасида туб ўзгаришлар юз берганига қатъий ишонадилар.

Президентимиз мамлакат тараққиётининг янги йўли ҳақида сўз юритар экан, “Стратегия — бу янгиланиш жараёнларининг ҳақиқий ҳаракатлар дастуридир... 2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди. Бизнинг мақсадимиз — юртимизда халқ ҳокимиятини номига эмас, балки амалда жорий қилиш механизмларини мустаҳкамлашдан иборат. Ишончимиз комил: халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак,” дея алоҳида таъкидлаган эди.

Мазмун-моҳиятан халқ манфаати устуворлигига қаратилган Ҳаракатлар стратегияси илк палладаёқ аҳоли кенг қатлами диққатини тортди. Буни ўтказилган тадқиқот ҳам яна бир карра тасдиқлади. Унга кўра, юртдошларимизнинг мутлақ кўпчилиги ҳаётга муваффақиятли татбиқ қилинаётган ушбу дастуриламал ҳужжатни қўллаб-қувватлайдилар. Ҳамюртларимиз фикрича, давлатимиз раҳбари томонидан яқин истиқболга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида кўрилаётган чора-тадбирлар фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, иқтисодиётни эркинлаштириш, бизнес ва тадбиркорликни равнақ топтириш учун сифат жиҳатидан янги шарт-шароитларни яратишга имкон бермоқда.

Сўров қатнашчиларининг 90,2 фоизи “Президентимиз олиб бораётган сиёсат халқимиз орзу-умидларини тўла даражада оқлайди”, деган фикрни билдирдилар. Мамлакат иқтисодиётини, ижтимоий соҳани, тиббиёт, илм-фан, суд-ҳуқуқ тизими, ахборот-коммуникация технологиялари, фермерлик ҳамда тадбиркорликни ислоҳ этиш ва модернизациялаш, аҳолининг уй-жой фондини яхшилаш бўйича қилинаётган амалий ишлар, энг аввало, фуқаролар манфаатларига мос келмоқда.

Юртдошларимизнинг эътироф этишича, мамлакатда давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган, замонавий таҳдид ҳамда хатарларнинг олдини олувчи, ҳар бир фуқаронинг, бутун бир жамиятнинг истиқболини таъминлайдиган муҳим иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Буларнинг барчаси пировардида одамлар турмуш фаровонлигини тобора юксалтиришга хизмат қилаётир.

“Ўзбекистон 2017 йилда қайси соҳаларда энг катта ютуққа эришди?”, деган саволга 93,1 фоиз иштирокчи “Барча соҳада” жавобини берди. Алоҳида қайд этишларича, давлатимиз раҳбари ташаббусига кўра жорий қилинган фуқаролар билан фаол ҳамда очиқ мулоқот тизими — Халқ қабулхоналари жамиятда ижтимоий адолатни қарор -топтиришда, одамларни ўйлантираётган, қийнаётган долзарб муаммоларни бартараф этишда ҳал қилувчи роль ўйнамоқда. 88,6 фоиз респондент фикрига кўра, юртимизда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, аҳолини, айниқса, ёшларни тадбиркорликка янада кўпроқ жалб этиш, оилавий бизнес ва касаначиликни, ёрдамчи хўжаликларни ривожлантириш имкониятлари кенгайтирилаяпти.

Шаҳару қишлоқларимиз қиёфасини ўзгартириш, замонавий иншоотлар, уй-жойлар, -ижтимоий аҳамиятга молик объектларни қуриш ишлари қамрови ортиб бораётганидан мамнун респондентлар сони эса 90,9 фоизни ташкил қилди. 85,2 фоизи эса кейинги пайтларда мамлакатимизда аҳолини, биринчи навбатда, эҳтиёжманд қатлам вакилларини ижтимоий ҳимоялаш самарадорлиги ошаётганини, ўз навбатида, аҳолининг реал даромади ҳамда турмуш тарзи изчил ўсаётганини кўрсатди.

Ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, мактабгача таълим бўйича янги тизимнинг яратилиши, умумтаълим мактабларида 11 йиллик ўқишнинг қайта тикланиши, таълим-тарбия ишлари янада яхшиланиши ёш авлод камолотини кафолатлашига ишонч билдирганлар 86 фоиздан ортди.

90,7 фоиз ўзбекистонликлар Президентимизнинг халқаро майдонда юртимиз манфаатларини илгари суриш, хорижий давлатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда қўшни мамлакатлар билан барча йўналишдаги алоқаларни фаоллаштириш, улар билан яхши қўшничилик, дўстлик, шериклик муносабатларини ўрнатиш бўйича изчил фаолиятини юқори баҳолади.

Сўров қатнашчиларининг белгилашича, Ўзбекистон 2017 йилда жаҳон ҳамжамиятида ўз мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлади, минтақавий ва халқаро хавфсизликни -таъминлашга салмоқли улуш қўшди. Давлатимиз ҳам яқин, ҳам узоқ хориж мамлакатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий соҳаларда ўзаро фойдали алоқаларни йўлга қўймоқда.

Албатта, мазкур тадқиқотда эришилаётган натижалар қаторида ечимини кутаётган муаммолар хусусида жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари ҳам инобатга олинди. Маълум бўлишича, бандликни таъминлаш ҳамда янги иш ўринлари яратиш, жамиятнинг интеллектуал-ахлоқий салоҳиятини юксалтириш, таълим, тиббиёт соҳаларининг сифат даражасини кўтариш, газ, сув, электр энергияси таъминотини барқарорлаштириш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш механизмларини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик муҳити жозибадорлигини ошириш, атроф-муҳит ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ёшлар муаммоларини ҳал этиш, шунингдек, терроризм, диний экстремизм ҳамда коррупцияга қарши курашишни кучайтириш долзарб вазифалардан саналади.

Тадқиқот асносида фуқароларнинг Президентимизга ишонч рейтинги аниқланди. Ҳамюртларимизнинг мутлақ катта қисми айтиб ўтганидек, бугун давлатимиз раҳбари халқимиз ишончи ва орзу-умидларини оқлаб, мамлакат тақдири ҳамда эл фаровонлиги учун масъулиятни ўз зиммасига олган етакчи сифатида юксак ҳурмат-эътиборга сазовор бўлмоқда.

Сўровлар мониторинги шуни кўрсатадики, ўзбекистонликларнинг Юртбошимизга ишончи рейтинги тобора ўсмоқда (2017 йил июль ойидаги 92,4 фоиздан шу йил октябрь ойида 93,1 фоизга етди). Зотан, мамлакатимиз аҳолиси давлатимиз раҳбари олиб бораётган, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассамлаштирган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида тайёрланди.

"Халқ сўзи"


Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20