Ўзбекистон — Афғонистон: Икки томонлама муносабатлар равнақида янги босқич
03.12.2017 Сиёсат

1news.uz - Ўзбекистон мустақилликнинг илк йилларидан Афғонистон билан яқин қўшничилик ва дўстона сиёсат олиб бориб, ушбу мамлакатда барқарорлик ва тинчлик қарор топишига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Афғонистонда муайян танглик сақланиб қолаётганига қарамасдан, Ўзбекистон жанубдаги қўшниси билан барча йўналишда ҳамкорликни фаол ривожлантиришга интилаяпти.

Ўтган қисқа давр ичида Ўзбекистон — Афғонистон муносабатлари мутлақо янги босқичга кўтарилиб, икки давлат ва халқнинг узоқ манфаатлари йўлида жадаллашиб бораётир. Ўзбекистон ва Афғонистон раҳбарлари мунтазам учрашув ўтказмоқда. Масалан, жорий йилнинг ўзида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Афғонистон Президенти Ашраф ўани билан уч марта — ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммитларида (Остона), БМТ Бош Ассамблеясида (Нью-Йорк) учрашди. Яқин кунларда Афғонистон раҳбари мамлакатимизга расмий ташриф билан келади.

Маълумки, Ҳаракатлар стратегиясида Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яқин қўшничилик камарини яратиш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Шубҳасиз, афғон муаммосини ҳал қилиш ва Афғонистонни узоқ йиллик можаролардан сўнг тиклаш ушбу мақсадга эришишда муҳим омил ҳисобланади.

2017 йил бошида Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Кобулга расмий ташриф билан борди. Ташриф давомида Афғонистон Президенти А. ўани, ижро ҳокимияти раҳбари А. Абдулла, ташқи ишлар вазири С. Раббоний ҳамда давлат тузилмаларининг бошқа вакиллари билан музокаралар олиб борилди.

Унинг якунларига кўра, ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинди. Ушбу ҳужжатнинг ҳаётга татбиқ этилиши маҳсулот айирбошлаш ҳажмини 1,5 миллиард АҚШ долларига етказиш имконини беради. Бундан ташқари, икки дўст мамлакат бизнес-тузилмалари вакиллари томонидан дори воситалари ва тиббиёт буюмларини, “тез ёрдам” автомобиллари, ғалла, маиший электрон техникаларни етказиб бериш бўйича манфаатли битимлар имзоланди.

Жорий йилнинг 8 ойи давомида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 21,8 фоиз ўсгани, айниқса, диққатга сазовордир. Йил охиригача маҳсулот айирбошлаш ҳажмини 520 миллион АҚШ долларидан 1 миллиард АҚШ долларига етказиш мўлжалланаётгани ҳамкорлик алоқалари чуқурлашиб бораётганидан далолатдир.

Ўзбекистон ва Афғонистон савдо-иқтисодий алоқаларни изчил кўпайтиришга интилаётганини алоҳида қайд этиш жоиз. Мисол учун, жорий йилда Ўзбекистондан Афғонистонга йилига 300 минг тонна минерал ўғит, 2 минг дона қишлоқ хўжалиги техникаси, 250 минг тоннагача ғалла ва афғон бозорида талаб юқори бўлган бошқа маҳсулотларни узоқ муддатли етказиб бериш бўйича келишувларга эришилди.

Юртимизда афғонистонлик сармоядорлар иштирокида 70 та, шу жумладан, 100 фоиз чет эл капитали иштирокида 20 та корхона фаолият кўрсатаётгани ҳам қўшни мамлакат тадбиркорларининг ўзбекистонлик шериклари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканлигини кўрсатади. Бугунги кунда мамлакатимиз бозорида хизматлар, савдо, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида Афғонистоннинг 12 та компанияси фаолият олиб боради.

Икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарларининг учрашувлари ҳам фаоллашди. Хусусан, жорий йилнинг ноябрь ойида Афғонистон Президентининг МДҲ мамлакатлари ҳамда Россия Федерацияси билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили -Муҳаммад Шокир Коргар Ўзбекистоннинг қатор вазирлик ва идораларида музокаралар олиб борди. Икки томонлама учрашувлар кун тартибидаги муҳим масалалардан бири савдо тўғрисидаги, транзит соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимларни тайёрлаш бўлди. Ушбу ҳужжатлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли даражада оширишга қаратилган.

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш ҳақида сўз борар экан, ушбу соҳада ижобий натижалар қўлга киритилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Аввалроқ, Ўзбекистон Афғонистон учун стратегик аҳамиятга эга бўлган лойиҳани амалга оширди, яъни Ҳайратон — Мозори Шариф темир йўлининг 75 километрини қуриб берди.

Ҳозирги кунда бир қатор лойиҳалар ўрганиб чиқилмоқда. Биринчидан, бу Мозори Шариф — Ҳирот темир йўли бўлиб, мамлакатимизнинг Афғонистон ижтимоий-иқтисодий тикланишида муҳим ҳисса бўлиб хизмат қилади. Ушбу лойиҳани рўёбга чиқаришга доир масалалар Афғонистон раҳбарининг мамлакатимизга ташрифи давомида муҳокама қилиниши кутилаяпти. Мазкур йўналишда, шунингдек, электр узатиш линияси ва автомобиль йўлини барпо этиш кўзда тутилаяпти.

Томонларнинг ушбу соҳадаги муносабатларни ривожлантиришга бўлган -интилишларини икки мамлакат тарихида биринчи марта Кобулдан Тошкентга тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилгани ҳам тасдиқлайди. Мазкур йўналишда биринчи ҳаво қатнови шу йилнинг 29 ноябрь куни йўлга қўйилди. Авиақатнов жорий йилнинг 8 декабридан доимий равишда амалга оширилиши кутилаяпти.

Икки мамлакат ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш муҳим ўрин тутиши, шубҳасиз. Ўзбекистон ва Афғонистон чуқур тарихий, маданий ва гуманитар ришталарга эга. Буни афғон заминида буюк аждодларимиз, жумладан, Абу Райҳон Берунийнинг ўазнада, Алишер Навоийнинг Ҳиротда, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Кобулда дафн қилингани ҳам тасдиқлайди.  2016 йилда Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раиси раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегациясининг Ҳирот шаҳрига ташрифи чоғида Алишер Навоий мақбараси атрофидаги ҳудуд кўкаламзорлаштирилди ва ободонлаштирилди. Шунингдек, Камолиддин Беҳзод мангу қўним топган жой таъмирдан чиқарилди.

Илм-фан ва таълим соҳасида ҳамкорлик ҳам мустаҳкамланмоқда. Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қошида Афғонистон фуқароларини ўқитиш бўйича таълим маркази ташкил қилинаяпти. Янги марказ Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида жойлашади. Унинг асосий вазифаси олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш, шунингдек, афғон мутахассисларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш ҳисобланади. Таҳсил олувчиларнинг яшаши учун қулайлик яратиш мақсадида тегишли инфратузилмага эга бўлган талабалар шаҳарчасини ташкил қилиш кўзда тутилаяпти.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон ва Афғонистон муносабатларининг ривожланиши халқаро экспертлик-таҳлилий доираларда ҳам юксак баҳоланмоқда. Экспертларнинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича янги ёндашувлари Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, уларнинг фикрича, Ўзбекистон -Республикаси Президентининг Афғонистон Ислом Республикаси бўйича махсус вакили институти таъсис этилгани ҳам Тошкент Афғонистон масаласига устувор эътибор қаратаётганини тасдиқлайди. Ўзбекистон Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш орқали ушбу мамлакатда вазиятни барқарорлаштиришда муҳим роль ўйнайди.

Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида икки томонлама муносабатлар барча йўналишда, жумладан, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳаларда жадал ривожланиб бораяпти. Шубҳасиз, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган олий даражадаги учрашувлар нафақат Ўзбекистон ва Афғонистон -халқлари фаровонлиги йўлида икки томонлама муносабатларни тараққий эттиради, балки бутун Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни мустаҳкамлаш ва барқарор тараққиётга эришишга улкан ҳисса қўшади.

Шавкат АБДУХАЛИЛОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими.

"Халқ сўзи"


Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20