Президент бунёдкорлик ишлари билан танишди
01.06.2018 Сиёсат

prezident.uz: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни Қибрай туманидаги аэродромда амалга оширилаётган ишларни бориб кўрди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 июндаги қарори асосида бу ерда 2018-2020 йилларда бизнес авиацияси учун замонавий аэропорт қурилиши белгиланган. Лойиҳани икки босқичда амалга ошириш – биринчи босқичда 4 километрлик учиш-қўниш йўлаги ва соатига 250 йўловчини ўтказиш имкониятига эга терминал барпо этиш, иккинчи босқичда қўшимча инфратузилма объектлари, меҳмонхона мажмуаси қуриш режалаштирилган.

Аэропортда энг катта юк ташувчи самолётларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилади. Бу мамлакатимиз транспорт ва транзит салоҳиятини янада ошириб, ташқи савдо ривожига катта ҳисса қўшади.

Ҳозирги кунда бу ерда лойиҳалаштириш ва умумий қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Эски учиш-қўниш йўлаги бутунлай олиб ташланмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев мазкур ишларни кўздан кечирди. Аэропортда бунёд этиладиган объектлар лойиҳаларини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Хорижий делегацияларни кутиб олиш биноси миллий маданиятимизни, бағрикенглигимизни кўрсатиб турсин. Самолётдан тушган одамнинг кайфиятини кўтарадиган, меҳмонларга ва ишбилармонларга ҳар томонлама маъқул келадиган бўлсин, деди Шавкат Мирзиёев.

Президент қурилишда иссиқ ранглардан кўпроқ фойдаланиш, аэропорт ҳудудини кўкаламзорлаштириш, дренаж тизимини оқилона йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари туташган жойда қурилаётган кўп тармоқли спорт саройини бориб кўрди.

Бу ерда қурилиш ишлари 2017 йил февраль ойида бошланган эди. Арена уч хил: муз, спорт ва концерт тартибида ишлайдиган бўлади. Заруратга қараб, бир ҳолатдан бошқасига мослаштирилади. Унда хоккей, фигурали учиш, шорт-трек, кёрлинг билан шуғулланиш, баскетбол, волейбол, футзал, кураш, бокс, қиличбозлик, таэквондо каби спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш учун замонавий шароит яратилади. Шунингдек, бу ерда концертлар, кўргазма ва конференциялар ташкил этиш ҳам мумкин бўлади. Режага кўра, мазкур мажмуа жорий йил декабрь ойида, Янги йил байрами арафасида фойдаланишга топширилади.

Давлатимиз раҳбари мажмуа қурилишининг бориши билан танишди.  Бу иншоот улкан ижтимоий аҳамиятга эга эканини, бутун йил давомида ишлаши зарурлигини таъкидлади. Бу ерда шуғулланадиган спорт жамоаларини шакллантириш, улар учун спорт кийимлари ва анжомларини ишлаб чиқарадиган корхона ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.

маъмурий кенгаши томонидан қарийб 10 сармоядор субъект билан ҳамкорлик тасдиқланган. Улар орасида Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея каби давлатларнинг йирик қурилиш компаниялари бор.

Давлатимиз раҳбари  “Tashkent City” бизнес маркази қурилишининг бориши билан танишди. Қурувчи ва муҳандислар, хорижлик мутахассислар билан суҳбатлашди. Меҳмонхона ва конгресс-холда халқаро тадбирларни ўтказиш учун барча шароитлар яратиш, залларни безатиш ва жиҳозлашда миллийлигимизга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.


Президент Шавкат Мирзиёев Чилонзор тумани Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасида бунёд этилаётган йўл ўтказгични кўздан кечирди.

Ушбу йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 676 метр, кенглиги 24 метрдан зиёд бўлади. Транспортлар 6 қаторда ҳаракатланади.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприк қурилиш трести” корхонаси томонидан олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари якунланиш арафасида. Бугунги кунда устунларга темир-бетон плиталар ётқизилиб, йўлгача бўлган оралиқ шағал билан тўлдирилмоқда. Ҳар бири 124 метр бўлган иккита пиёдалар эстакадаси қурилиши давом этмоқда.

Шу ерда янги кўприклар қуриш, мавжудларини таъмирлаш ва эксплуатация қилиш борасидаги ишлар тақдимоти ўтказилди. Тошкент шаҳрида яна ўн бешта жойда йўл ўтказгичлар қурилиши маълум қилинди.

Шавкат Мирзиёев мамлакатимиздаги барча кўприкларни инвентаризациядан ўтказиш, уларни сақлаш ва режали таъмирлаш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда кўприкларни эксплуатация қилиш билан шуғулланадиган тизим яратиш, бунга ихтисослашган кадрлар тайёрлаш ва замонавий қурилиш материалларини ўзлаштириш бўйича топшириқлар берди.



Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20