O‘zLiDeP Мубин Мирзаев ҳисоботини эшитди
31.08.2018 Сиёсат
Жорий йилнинг 30 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевнинг мамлакатимиз инвестициявий салоҳиятини ошириш, тадбиркорлик субъектлари учун халқаро молиявий-инвестициявий ташкилотларнинг молиявий маблағларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлари тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Таъкидланишича, 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида ўтган йилнинг ҳудди шу даврига нисбатан жами инвестициялар ҳажми 13,4 фоизга кўпайиб, 41,2 трлн. сўмдан (доллар эквивалентида 5,1 млрд. АҚШ доллари) ошганлиги, жорий йилнинг январь-июнида 8,6 трлн. сўм ёки 2017 йилнинг январь-июнига нисбатан 8,3 фоиз кам хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилганлиги қайд этилди. Уларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбати 3,3 фоизни ташкил этиб, 2017 йилнинг мос даври кўрсаткичига нисбатан 1,9 фоиз пунктга камайган.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида юртимизга жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми аввалги йилнинг шу даврига нисбатан миллий валютада ҳисобланганда, 37,9 фоизга камайган. Шунингдек, инвестицияларнинг муҳим манбаси бўлган аҳоли томонидан киритилган сармоялар ҳам 1,6 фоизга камайган. Демак, 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида инвестицияларнинг ўсиши корхона маблағларининг 24,8 фоизга, тижорат банклари кредитларининг 70,7 фоизга, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларининг 11,6 фоизга ошиши ҳисобига таъминланди.

Йиғилишда мамлакатимизда қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилашга хизмат қиладиган Президент фармон ва қарорлари қабул қилинаётгани инветицион муҳитни яхшилашга хизмат қилаётгани таъкидланди. Хусусан, 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги Фармони тарихий аҳамиятга эгалиги эътироф этилди. Бунинг боиси, фармонда 2019 йил 1 январдан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юки камайтирилади, давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг тушумидан ундириладиган мажбурий ажратмалар бекор қилинади ва уларнинг фойда солиғи ставкаси камайтирилади. Шу билан бирга, дивидендлар ва фоизлар бўйича фойда солиғи ставкасининг пасайтирилиши, қўшимча фойда солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартибининг такомиллаштирилишига олиб келади.

Қолаверса, Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги «Жаҳон банки ва халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам мамлакатимизда бизнес муҳитини яхшилаш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Ушбу қарор ижроси келгуси беш йил давомида юртимизда яратилган бизнес учун шароитлар жаҳоннинг Германия, Латвия, Канада, Ирландия, Литва каби мамлакатлар даражасидан кам бўлмаслигига ҳаракат қилиниши кераклигини билдиради.

Йиғилишда фракция аъзолари аосий эътиборни хусусий мулкнинг устуворлигини таъминлаш, хусусий мулк ва тадбирколикнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоясини кучайтиришга қаратилган инновацион бозор усуллари ва механизмларининг жорий этилиши ҳолатига қаратишди.

Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2018 йил 7 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинди.

М.Мирзаев депутатларга тадбиркорлик фаолияти ривожланишини рағбатлантириш ва иқтисодиёт тармоқларида хусусий сектор улушини ошириш бўйича кўрилаётган аниқ комплекс чора-тадбирлар тўғрисида ҳам ахборот берди.

Маълум бўлишича, Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат Дастурининг 134-бандига мувофиқ, Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Давлат-хусусий шериклиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

Мазкур қонун лойиҳаси иқтисодиётнинг кўп харажатли тармоқлари (муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмаси ва бошқалар) ҳамда таълим ва соғлиқни сақлаш каби ижтимоий соҳаларда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш борасида давлат ва хусусий инвесторларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини йўлга қўйишга имкон берадиган давлат-хусусий шерикликни кенг жорий этиш назарда тутилган.

Шу билан бирга, давлатнинг иқтисодиётни бошқаришдаги таъсирини қисқартириш, унинг айрим функцияларини хусусий секторга ўтказиш юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасига ўртанилган тартибда киритилган.

Мазкур қарор лойиҳасига кўра давлат назорати механизмларини такомиллаштириш орқали рухсат бериш тартиб-таомилларига оид айрим давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш, давлат иштирокидаги бизнес тузилмаларнинг ташкил этилишини чеклаш, давлат бошқарув органларининг айрим функцияларини, шу жумладан уларни муқобил тартибга солиш турларига (жавобгарликни мажбурий суғурталаш, мувофиқликни декларациялаш ва бошқалар) алмаштириш орқали қисқартириш кўзда тутилган.

Ишчанлик ва позицион ёндашувлар асосида ўтган йиғилиш якунида иқтисодиёт вазири биринчи ўринбосарининг мамлакатимиз инвестициявий салоҳиятини ошириш, тадбиркорлик субъектлари учун халқаро молиявий-инвестициявий ташкилотларнинг молиявий маблағларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлари тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш ҳақида O‘zLiDeP фракциясининг тегишли қарори қабул қилинди.

Йиғилиш давомида O‘zLiDeP фракцияси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилган бир қатор қонун лойиҳаларини ҳам муҳокама қилдилар ва барча масаллар юзасидан фракциянинг нуқтаи назари шакллантирилиб, тегишли қарорлари қабул қилинди.

O‘zLiDeР матбуот хизмати

Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20