Мирзиёев Тошкент вилоят ҳокими билан жума куни ҳисоб-китоб қилади
10.08.2017 Сиёсат

1news.uz - Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоят ҳокими Шукрулло Бобоев билан жума куни ҳисоб-китоб қилишини билдирди.

Давлатимиз раҳбари бу гапни 9 август куни ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаласига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтди.

"Ўзбекистон24" телеканали орқали берилган йиғилиш тўғрисидаги видеолавҳада Мирзиёев,  жумладан, Бобоевни “Ғўддайиб юришни йиғиштиринг”, деб танқид қилди.

Видеоселектор йиғилишида барча вилоятларда мавжуд бўлган муаммолар тасвирга туширилган видеофильм намойиш этилди. Видео намойиши якунланганидан сўнг, Президент йиғилганларга мурожаат қилар экан:

- Биз халқдан узилиб, ёлғон рақамларга маҳлиё бўлиб,одамларнинг дарди ва ташвишини унутиб,оёғимиз ердан узилиб, ўзимизни ҳам, халқни ҳам алдаб, шу куйга тушмадикми? - деб айтди.

Шавкат Мирзиёв бу муаммоларга чидаб яшаб келгани учун ҳокимият халққа “бош эгиб, сажда қилиши керак”, деб таъкидлади.

- Ҳалиям биз барчамиз ўз халқимиз учун бош эгиб, сажда қилишимиз керак, бардош бергани, чидагани учун. Мана нима учун бугун биз бу йиғилишга тўпландик.Биз ишимизни мутлақо янги тизим асосида ташкил этмоқчимиз, - деди президент.

Мирзиёев халқнинг йиғилиб қолган маиший муаммоларига эътибор қаратмаган раҳбарлар сафида Тошкент вилоят ҳокими Шукрулло Бобоевни тилга олди:

“Жаноб Бобоев, сиз билан ҳам ҳисоб-китоб вақти келди. Ғўддайиб юришни йиғиштиринг. Уддаласангиз, уддаланг. Йўқса, сиз билан ҳам жума куни ҳисоб-китоб қиламиз”, - деди Президент.

Қорақалпоғистон Жўқорғи кенгеси Раиси Мусо Ерниёзовни Тахиатош шаҳрида аҳоли муаммоларини ҳал этолмаётганликда танқид қилган Мирзиёев: “Аҳволни тузатмасангиз, Тахиатошга ҳоким қилиб туширамиз сизни”, - деб қатъий огоҳлантирди.

Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top