Иккинчи марта оғиз куйишга йўл қўйишмас
16.10.2017 Сиёсат
1news.uz - Қуллик ва тобеликнинг янги “қирра”лари ёхуд Ҳазрат Навоийнинг “шамол” ва “шам” образлари хусусида

Телевизор кўрасиз, радио эшитасиз. Даврий матбуот ёки интернетга юзланасиз. Ва айни пайтда қайта-қайта такрорланаётган, халқаро экспертлар ва таниқли таҳлилчилар эътибор қаратаётган долзарб мавзулардан бири БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси эканига ишонч ҳосил қиласиз. Бу жараён турли мамлакатлардаги турфа миллатларга мансуб мутасаддилар, мансабдору масъулларнинг таклифларини муҳокамалар чиғириғидан ўтказиши, олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигига холис баҳо бериши билан ҳам аҳамиятлидир. Муҳим жиҳати шундаки, ана сессияда нутқ сўзлаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуслар мамлакатимизнинг жаҳон миқёсида тутган ўрни ва обрўсини янада ошириш баробарида Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият учун очиқлигини, барча шериклар билан тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини амалда намойиш этди.

Аслида сиёсат соҳасида “холис баҳо” тушунчаси бироз нисбий. Зеро, сиёсат манфаатга қурилади. Манфаатни қондирувчи муддаога етиш учун баъзан холислик кўчасини усталик билан айланиб ўтишга ҳам тўғри келади. Бунга жаҳон айвонида дам ошкора, дам пинҳона юз бераётган воқеликлардан юзлаб мисоллар келтириш мумкинлиги ҳеч кимга сир эмас. Лекин узоқни кўра биладиган, мавжуд муаммони бир мамлакат миқёсида ечиш билан пировард мақсадга эришиб бўлмаслигини теран англайдиган сиёсатчилар, давлат раҳбарлари томонидан шундай таклифлар кун тартибига киритиладики, улар том маънода олам аҳлининг манфаатига мос келади, дунёнинг турли бурчакларидаги беқарорлик ўчоқларида тинчликни таъминлаш манбаи бўлиб хизмат қилади. Модомики, инсоннинг энг устувор ва муқаддас ҳуқуқларидан бири тинч яшаш ҳуқуқидир. Давлат ва жамиятнинг бурчи ана шу ҳуқуқни кафолатлашдан иборат. Чунки осойишталик ҳукм сурган жойдагина қолган барча ҳуқуқлар (сўз эркинлиги, таълим олиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш ва б.) дан фойдаланишга имконият туғилади, етарли шароит бўлади.

Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ! Айтмоқчиманки, глобаллашув шиддати, ахборот-коммуникация соҳасини мисли кўрилмаган даражада тараққий эттириш баробарида уяли телефоннинг митти экранини “ойнаи жаҳон”га айлантириш орқали одамларнинг тинч яшаш ҳуқуқи поймол этилаётганидан, минг афсуски, кўз юмиб бўлмайди. Айниқса, ҳали онгу шуури тўлиқ шаклланмаган, мустақил қатъий позициясига эга бўлмаган айрим ғўр ёшларнинг нигоҳимиз илғамайдиган ғаразли кучларнинг нишонига айланиб қолаётгани ачинарлидир. Масаланинг нозик жиҳати шундаки, ҳозирги шароитда мавжуд хавф-хатарларнинг мазмун-моҳиятини олдиндан билиш, аниқлаш жуда қийин бўлмоқда. Демак, Алишер Навоий бобомиз бизга панд-ўгит сифатида ёзиб қолдирганидек, душман кўзга кўринмагани учун ундан бепарво бўлмаслик, шамол ҳам кўзга кўринмасдан келиб шамни ўчиришини унутмаслик даркор.

“Шу муносабат билан Ўзбекистон глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этади.

Бизнинг назаримизда, мазкур ҳужжатни имзолайдиган давлатлар ушбу соҳани ўз ижтимоий сиёсатининг асосий ва муҳим ҳаётий устувор йўналишларидан бири даражасига кўтариш бўйича қатъий мажбуриятларни ўз зиммасига олиши керак”. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу таклифни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида илгари сурганида ер шарининг ярмида, жумладан, Марказий Осиёда ҳам ярим тун эди. Аммо бу тун оммавий ахборот воситалари ходимлари, тадқиқотчи ва таҳлилчилар, зиёли олимлар ва фаол ёшлар учун одатдаги иш кунига айланди. Теран тафаккур манзилларида томир ташлаган мулоҳазаларларнинг мазмун-моҳияти ҳали тонг отиб улгурмасдан бошқалар қалб ойнасида, кўнгил кўзгусида акс этди. Чуқур ўрганиш ва астойдил изланиш изчиллигининг ҳосиласи бўлган бу таклифлар рўёби тинч ҳаёт ва барқарор тараққиётга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Зотан, бу шунчаки даъват эмас, балки ижтимоий-сиёсий жиҳатдан асосланган мантиқ, бутун дунёда ёшлар билан ишлашдаги чигал вазиятга оқилона ечим топиш бўйича билдирилаётган аниқ фикр, амалий тавсиядир.

Юртбошимиз алоҳида таъкидлаганидек, бугунги дунё ёшлари бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир. Улар 2 миллиардни ташкил этмоқда. Бироқ экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшгача бўлганлар томонидан содир этилаётгани ҳам айни ҳақиқат. Уларни фақатгина ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат тамойилига таянган ҳолда маънавий иммунитет ҳосил қилиш орқали бу йўлдан қайтариш мумкин. Шу маънода Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ўртага ташланган БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи ҳам айни мутаносиблик касб этганини айтиб ўтиш жоиз. Ушбу резолюция барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, диний бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашади.

Ўзбекистон раҳбарининг мазкур таклифларни айнан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан жаҳон афгор оммасига тақдим этганида заррача тасодиф ёки дунё дипломатлари олдида ўзининг юксак салоҳиятини намойиш қилиб қўйиш нияти йўқ. Аксинча, кўпчилик сиёсатчилар ёшлар масаласи билан боғлиқ ўткир муаммолар муайян мамлакатлар чегарасидан чиқиб кетиб, тинч ва осойишта ҳаёт кечираётган давлатларга ҳам “оммавий маданият” шаклида кириб келаётганини ҳамон тушуниб етмагани учун ҳам ташаббус кўрсатмоқда. Ёшлар иштирокидаги вахшийликларни ислом динига тақаётганларга қарши маърифий исломнинг асл тарғиботчилари авлоди сифатида майдонга чиқмоқда.

Чунки маънавий-маърифий ишлар айрим кишилар ўйлагани каби мавҳум жараён эмас, аниқ тизимга эга ижтимоий ҳодисадир. Бу иш билан ҳар куни, мунтазам равишда шуғулланган тақдирда у албатта кутилган натижани беради. Мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг маънавий мезонини белгилашда қатъий мутаносибликка амал қилиб келинаётгани ҳам шундан. Маънавият ва иқтисод бир-биридан қувват олиб, ўзаро таъсир натижасида ривожланиб боришини англаган жамият эса ҳеч қачон таназзулга юз тутмайди.

Ортда қолган 26 йил давомида бозор иқтисодиётига ўтиш ва халқимиз маънавиятини юксалтиришда миллий урф-одатларимиз замирида мужассам бўлган меҳр-оқибат, инсонни улуғлаш, миллатлараро дўстлик ва тотувликни қадрлаш, турли муаммоларни биргаликда ечиш каби ҳавас қилса арзийдиган ибратли қадриятлар муҳим аҳамият касб этди. Чунки ҳар қандай ислоҳотнинг пировард натижаси унинг заруратини аҳолининг кенг қатламлари қай даражада тушуниши ва қўллаб-қувватлаши, бу ўзгаришлар ҳаёт фаровонлигини оширишга кўрсатадиган амалий таъсири билан ўлчаниши аксиомадир. Ҳозирги нигоҳ илғамас таҳдидлар даврида ҳам тилга олинган ибратли қадриятларимизнинг кўзга кўринмас механизм янглиғ ҳаракатга келиши мазкур муаммонинг оқибатлари юмшатилишига хизмат қилмоқда.

Масалага шу нуқтаи назардан ёндошадиган бўлсак, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асрлар синовидан ўтган, юксак маънавий мезон аталмиш мустаҳкам пойдеворга қурилган, десак ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Шунинг учун ҳам янгиланиш жараёнларининг моҳиятида халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган ғоя-мақсад мужассам эканини кўриш-кузатиш қийин эмас.

Лекин...

ХХI асрда ахборотлар оқими шу даражада кучайиб кетдики, уларнинг қайси бири фойдали-ю, қай бири зарарли эканини, болалар ва ёшлар майли, баъзан катталар ҳам вақтида англаб етолмаяпти. Модомики, Ҳазрат Навоий таъкидлаган “шамол” ва “шам” образларини яна бир бор таҳлил қилиш ва тегишли хулоса чиқариш даркор.

Аввалги замонларда қўлланилган қуллик, тобелик сингари тушунчаларнинг янги “қирра”лари намоён бўлди. Ахборотга қуллик, интернетга тобелик асосий иш қолиб нафсиз тортишувларга вақт сарфлашга замин яратмоқда. Охир-оқибатда жамоавийлик руҳиятига путур етиб, қўполлик ва дағалликдан сув ичаётган индивидуалистик қарашлар кучаймоқда.  “Оммавий маданият”нинг кучли таъсири остидаги йигит-қизларга ҳаёт фақат роҳат-фароғатдан иборат эмаслиги тушунтирмоқчи “балога қолиши”ни ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Бундай хавфу-хатарлар, таҳдидларнинг ҳосиласи шуки, ёшларда фақат ўзини ўйлаш, худбинлик, шахсий манфаатини ҳамма нарсадан (ёки ҳар кимдан) юқори қўйиш кайфияти устуворлик қилади.

Давлатимизнинг раҳбарининг БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш, ушбу ташкилот Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш ҳақидаги таклифлари ўзаро уйғунлиги, мантиқан бир-бирини тўлдириши баробарида тилга олинган муаммоларнинг сабаблари билан ҳамкорликда курашиш учун ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.

Халқимизда “Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади” деган пурмаъно нақл бор. Буни эслаётганимизнинг боиси шундаки, ўтган асрнинг охирида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов БМТнинг юксак минбаридан туриб жаҳон жамоатчилигини террор балосидан, экстремизм офатидан огоҳлантирган ва унга қарши барча мамлакатлар биргаликда курашиши лозимлигини таъкидлаган эди. Бироқ бу ҳақиқатни бошқалар англаб етгунча фурсат бой берилди. Натижада бугун дунёда террордан ҳимояланган, экстремистик зўравонлик ва қўпорувчиликдан жабр кўрмаган давлат қолмади. Бу жараён ҳозир ҳам давом этмоқда.

Ўйлаймизки, ер юзида эзгу мақсад йўлида тез қарор қабул қила оладиган, ёшлар муаммоларига панжа орасидан қарамайдиган, истиқболли таклиф-ташаббусларни қўллаб-қувватлайдиган кишилар кўп. Ва улар иккинчи марта оғиз куйишга йўл қўйишмайди.

Озод РАЖАБОВ,

халқ таълими аълочиси


Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top