Америкадан Андижонга
20.05.2018 Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19-20 май кунлари Андижон вилоятида бўлди.

Президент Андижон тумани Хакан қишлоғидаги “Milana teхtilе” масъулияти чекланган жамиятида бўлди.

Шу ерда «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурининг Андижон вилояти мисолидаги концепцияси намойиш қилинди.

– Андижонда аҳоли зич жойлашган. Бир-иккита завод бир фоиз аҳолиниям иш билан таъминлай олмайди. Бу ерда одамларни фақат тадбиркорлик, ҳунармандлик орқали боқиш мумкин. Хонадонларга маблағ ва зарур ускуналар бериб, иш юритишни ўргатсак, одамлар ўзини ўзи боқади. Оиласини озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарур маҳсулотлар билан таъминлашга қийналмайди. Сарфлаган пулимиз бир йилдан кейин икки ҳисса бўлиб қайтади. Одамларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликка ўргатишнинг иқтисодий механизми мана шундай бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз Андижон туманидаги “Zamin Bio Health” масъулияти чекланган жамиятининг инсулин ишлаб чиқариш корхонаси билан танишди..

Туманнинг Хартум қишлоғида жойлашган бу завод Марказий Осиёда ягона бўлиб, йилига 10 миллион флакон дори воситаси ишлаб чиқариш қувватига эга.

Шу пайтгача инсулин юртимизга четдан келтирилган. Заводнинг ишга туширилиши билан ушбу дори воситаси импорти ҳажми камаяди, валюта тежалади, қолаверса, нарх пасаяди. Масалан, ҳозирги пайтда бир флакон инсулиннинг бозор нархи 36 минг сўм бўлса, мазкур корхона бу дорини 20 минг сўмдан етказиб бериши мумкин.

Лойиҳа қиймати қарийб 28 миллиард сўм бўлган заводга Германия, Франция, Швейцария, Хитой, Ҳиндистондан замонавий ускуна ва технологиялар келтириб ўрнатилди.

– Бу жуда долзарб ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳа, – деди Шавкат Мирзиёев завод мутасаддилари билан мулоқотда. – Инсулинга эҳтиёжи бор бемор дори тополмаса, ҳаёти хавф остида қолади, чорасини кўрмаган, деб биздан норози бўлади.

Президентимиз маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бозорга кириб, рақобатбардош бўлгунча уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, дори субстанцияларини рўйхатдан ўтказишда кўмаклашиш бўйича топшириқлар берди.

Шу ерда "Zamin Bio Health” масъулияти чекланган жамиятида кукунли антибиотик ишлаб чиқариш, вилоятда фармацевтика саноатини ривожлантиришга оид бошқа лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.


19 май куни Андижон туманидаги «Andijan Silk.Co» Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси пиллани қайта ишлаб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича йирик мажмуани ишга туширди. Президентимиз корхона фаолиятига старт берувчи рамзий тугмани босди. Бу ерда амалга оширилган ишларни кўздан кечирди.

«Andijan Silk.Co» қўшма корхонасининг қурилиш ишларига 5 миллиард сўм маблағ сарфланди. Пиллани қайта ишлашни ташкил этиш учун 2 миллион 100 минг доллар эвазига Хитойда ишлаб чиқарилган ип йигирув ва тикув машиналари келтириб ўрнатилди. Натижада 150 киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Жорий йил охиригача ишчилар сони 300 тага етказилади.


Корхона тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, йилига 300 тонна пилла қайта ишланади. 2018 йилнинг ўзида 5,1 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилиш имконияти яратилади.

– Бутун дунёда сифатли ипак матоларга талаб катта. Бундан йилига уч марта даромад олса бўлади. Демак, пиллачиликни ривожлантириш, кўпроқ барг берадиган тут плантацияларини кўпайтириш керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу ерда трикотаж, чарм-пайабзал, қурилиш материаллари, ип-калава ва газлама ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари «Сабо ҳамкор» МЧЖ томонидан ишга туширилган иссиқхона билан танишди.

25 минг туп помидор кўчати экилган 1 гектарлик иссиқхонада жорий йилда 300 тоннагача ҳосил олиш ва қўшни давлатларга экспорт қилиш мўлжалланмоқда. 2 гектарда ташкил этилган иссиқхонада тажриба тариқасида 5 минг туп банан кўчати парваришланмоқда. Банандан биринчи мавсумда 250-300 тонна ҳосил олиш кутилмоқда.

Президентимиз банан етиштирилаётган иссиқхонани кенгайтириш, маҳсулотни қайта ишлаш ва сақлаш шароитини яратиш, ҳосилдорликни ошириш юзасидан тавсиялар берди.

Давлатимиз раҳбарига иссиқхоналарнинг компьютер орқали бошқариладиган совутиш ва мўътадил иқлим яратувчи тизими ҳақида ҳам маълумот берилди. Замонавий технология асосида иссиқхоналарга ўз вақтида керакли ҳарорат, минерал ўғит ва намлик берилади.

Шавкат Мирзиёев кам иш кучи сарфлаб юқори ҳосил олиш имконини берувчи бундай иссиқхоналарни кўпайтириш кераклигини таъкидлади.

– Мамлакатимизга импорт қилинадиган банан пишмасдан узилади. Табиийки, бундай мевада витамин ва озуқа моддалари кам бўлади. Юртимизда бундай тропик меваларни етиштириш ҳар жиҳатдан фойдали бўлади, қолаверса, валюта тежалади, – деди Президентимиз.

Шу ерда 2018-2019 йилларда Андижон вилоятида аграр соҳани ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Президентимиз Улуғнор туманидаги «Шаҳриобод» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, бу ерда “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди, аҳоли билан мулоқот қилди.

Оқсоқоллар билан суҳбатда мамлакатимизда кенг кўламда бошланган қишлоқларни ободонлаштириш дастури одамлар ҳаётига янги мазмун олиб кираётгани, бундан одамларнинг кўнгли тоғдай кўтарилиб, эртанги кунга ишончи ортаётганини таъкидлади.

– Муборак Рамазон ойи кунларида Андижон вилоятига ташриф буюриб, тадбиркорлар ва аҳоли билан учрашаётганимиз, вилоят келажаги учун катта-катта режалар қилаётганимиз замирида чуқур маъно бор, – деди Шавкат Мирзиёев. – Шу улуғ кунларда амалга ошираётган ишларимиз андижонликлар ва бутун халқимизга хайр-барака олиб келсин, обод қишлоқларимиз кўпайсин.


Шу куни Улуғнор тумани ҳокимлигида вилоят фаоллари ва мутасадди раҳбарлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Видеоселектор шаклидаги йиғилишда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, қўшимча манбалар топиш ҳисобидан иш ўринлари ташкил этиш, таълим, тиббиёт соҳаларини такомиллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифининг иккинчи куни Шарқий ҳарбий округга қарашли қисмда бўлиб, янги Мудофаа доктринаси ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ҳарбий хизматчиларнинг спорт машғулотларида қатнашиш жараёни билан қизиқди.
    
– Ҳарбийларимиз жисмонан бақувват, маънан юксак, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк саркардаларимизга муносиб бўлиши керак, – деди Президентимиз. – Бунинг учун улар жисмоний машғулотлар билан бирга, ҳар куни китоб ўқиши, тил ўрганиши, дунёқарашини кенгайтириши зарур.

Ҳарбий қисм хизматчиларининг маънавиятини юксалтириш учун дам олиш кунлари бу ерда олимлар ва санъаткорлар билан учрашувлар ўтказилади, саҳна асарлари намойиш этилади.

Шавкат Мирзиёев аскарлар, зиёлилар билан суҳбатлашди. Учрашувда шахсий таркибнинг маънавий-руҳий тайёргарлигига етарлича эътибор қаратиш, бунинг учун зиёлилар, маънавият тарғиботчилари билан ҳамкорликни кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Ҳарбийларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш, жойларда фаолият юритаётган ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятини янада такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди.

Президентимиз вилоятга ташрифи давомида Андижон шаҳрида аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, уй-жойга эҳтиёжини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан қизиқди.

Шавкат Мирзиёев барча лойиҳаларни бажаришда сифат ва муддатга эътибор қаратиш, узоқ келажакни ҳисобга олиш кераклигини таъкидлади.

Манбаа: ЎзА


Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20