“Ўзбек модели” ўтиш даври концепцияси ёхуд И.Каримовнинг сиёсий мероси
24.10.2017 Сиёсат

1news.uz - Халқлар тарихида ўчмас из қолдирадиган ёки улар тақдир-қисматини тубдан ўзгартирадиган даврлар ва шахслар бўладики, бундай даврларнинг бурилиш палласи миллатни истиқбол мақсадлар сари етаклайди, унинг ҳаёт фаолиятини янги мазмун билан очиб беради. Ана шундай мураккаб ва шарафли даврлар ўз шахсларини яратиш асносида вужудга келади ва юксалади. 1991 йил бири иккинчисига боғлиқ бўлган қонуният талаблари ўзбек халқининг мустақиллик даврини бошлаб берган йўл бўлди. Асрлар давомида халқимиз орзу қилиб интилган энг улуғ мақсадлари рўёбга чиқди. Ва миллий мустақиллик тарихимиз И.Каримов шахси ва фаолияти билан чамбарчас боғланди.

Бу йўл курашлар, истироблар, машаққатлар ва ўзгаришларга бой давр бўлди. Миллий давлатчилик ривожининг илк босқичлари, албатта, бир текис, силлиқ амалга ошган эмас. Бир томондан, собиқ иттифоқдан қолган маъмурий бошқарув тизимининг барча усуллари аллақачон инқироз ёқасига келиб қолган. Мамлакатда ишсизлик, озиқ-овқат танқислиги, ижтимоий ҳаётда парокандалик юзага келган. Шундай бўлса-да, бир томондан эскирган матоҳ каби титилиб қолган жиловни ҳали-бери қўйиб юборишга шошилмаётган шовинист кайфиятлардан қутула олмаган аламзадалар орқали республикага босим ўтказиб турилган бўлса, иккинчи томондан, мамлакатда юзага келган бошбошдоқликдан фойдаланиш илинжида зимдан ўз ҳаракатларини бошлаган диний-фундаментал ва экстремистик гуруҳлар тажовузи миллатни боши берк кўчага олиб киритаётган эди. Учинчи томондан эса, коммунистик ғоя ва рус маданияти таъсирида ўзлигини йўқотганлар бир тараф бўлса, уларга мухолиф равишда ўзлигини англашга улгурмаган “миллатчи-демократлар” бир тараф эди. Барча тарафга маҳлиё ва бефарқ қатламлар ҳам бир тараф эди. Шу тариқа, мустамлакачилик даври интиҳоси билан юзага келган ўта мураккаб, зиддиятли, портлашга тайёр ижтимоий (миллий, этник, диний, демографик, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-руҳий) ихтилоф омиллари пишиб етилган давр бўлди.

Жамиятда ҳукм сурган инқирозий ҳолат аҳолини фуқаролар уруши томон етаклаганини бугун ҳеч кимга сир эмас. Ғанимлар гоҳ Фарғонада, Қувасой, Қўқон, Бўка ва Паркент, Гулистон, Тошкентда, гоҳ Ўшда фитна уюштириш билан овора эди. Диний экстремистлар Наманганда ислом давлатини ташкил қилиш орзусида. Террорчи тўдаларнинг Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари тоғли туманлари орқали суқилиб кириши, сўнгра Андижон воқеалари мустақил давлатчиликни қўпоришга, барқарор ривожланишни издан чиқаришга қаратилган уринишлари ўта таҳликали воқеалар эканлигидан далолат берарди. Ўзбекистон турли мафкуравий оловлар исканжасида ўз мустақиллигини ҳимоя қилишга мажбур эди. Мана шундай таҳликали ҳолатда давлатнинг бош ислоҳотчи сифатида масъулиятни ўз бўйнига олгани, халқнинг дардига малҳам бўлиб, унга барқарор ва тинчликни таъминлашда И.Каримовнинг раҳбарлик жасорати намоён бўлади. Замон шиддатига, суронли талабларга, бешавқат зиддиятларга мос бўлган темир иродали шахс сиёсати вужудга келади. Шиддатли ўтиш давр жараёнлари бошқача шахс сифатларини ютиб юбориши турган гап эди.

Мамлакатимизда мустақиллик эълон қилганидан сўнг унинг олдида улкан имкониятлар очилиши билан бирга, илгари биз дуч келмаган кўпгина ижтимоий-сиёсий муаммолар ҳам йўлимизда кўндаланг бўлганини эсга олиш лозим. Бундай ғов ва тўсиқлар сирасига собиқ иттифоқдан мерос бўлиб қолган бирёқлама иқтисодий бошқарув асослари, марказлаштирилган аграр сиёсат, маъмурий буйруқбозлик, одамларнинг боқимандалик кайфиятлари, ижтимоий сиёсатнинг издан чиқиши, инсон ҳуқуқларининг топталиши ва бошқа шу каби ижтимоий иллатларни санаб ўтиш мумкин бўлади. Бошқача қилиб айтганда, собиқ иттифоқ маъмурий-бўйруқбозлик усулидан қолган мерос иқтисодий ҳаётни тўла монополиялаштирилиши оқибатида мамлакат мустақил ривожланиш имкониятларидан маҳрум қилинган эди. Халқ хўжалиги деярли издан чиққан, очарчилик ёқасига келиб қолган халқни боқиш, ишсиз қолган одамларга, аксарият ёшларга янги ишчи ўринларни яратиш муаммоларига рўбару келади. Қишлоқ шаҳарни боқмай қўйган, озиқ-овқат танқислиги кучайган. И.Каримов давр талаб этаётган мутахассис ва бошқарув кадрлар тақчиллиги ҳолатида иқтисодни, молияни – барча халқ хўжалиги инфраструктурасини ўзгартириш, борини асраб-авайлаб ишлатиш, янгиларини барпо қилиш ижтимоий ислоҳотларнинг бирламчи вазифаларига айлантиради. Мамлакатимизнинг узоқ ва давомли манфаатлари тақозо этган ҳолатларда ва кескин вазиятлардан чиқиш, улар туғдирадиган муаммоларни ҳал этиш зарур бўлганда иқтисодиётда давлат томонидан бошқарув усуллари қўлланди ва жамиятнинг “ўтиш даври” деб ном олган бундай ёндашув охир-оқибатда ўзини тўла оқлади[1].

И.Каримов томонидан ишлаб чиқилган ўтиш даври концепцияси миллатнинг муайян ижтимоий даражадан янги сифат босқичига ўтишидаги оралиқ масофа, янгилаш жараёни, тараққиёт кафолатлари каби омиллар билан ифодаланади. У жамиятда адолатли демократик институтларни етакловчи куч сифатида қарор топиши билан якунланади ва барқарор истиқболга йўл очади. Мавжуд ижтимоий жараёнларни босиб ўтиш барча халқларга хос, аммо ўтиш йўлларини танлаш ва амалга ошириш жамиятнинг алоҳида миллий хусусиятлари билан белгиланади. Шунинг учун ҳам бу босқичда раҳбарнинг етакчилик маҳорати, миллатнинг салоҳияти ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилади. Шу жиҳатдан Ўзбекистон мустақиллик остонасида жамиятни тоталитар тизимдан иккинчи бир, бозор муносабатлари тизими асосларига ижтимоий ларзаларсиз ўтказиш чуқур ўйланган, назарий асосланган таълимотнинг ишлаб чиқилишини тақозо қилади. Бу таълимот И.Каримов томонидан ишлаб чиқилади. Бу борадаги жаҳон тажрибалари шундан далолат берадики, ўтиш даври турли инқилоблар, ихтилофлар, фуқаролар уруши ва яна бошқа турли мажоролар билан кузатилган бир пайтда ўтиш даврининг “Ўзбек модели” жамият ижтимоий асосларини босқичма-босқич яратиб бориш асносида барқарор ривожланиш омилларини намоён қилди. Шу ўринда, И.Каримов сиёсий фаолиятни ўрганиш, босиб ўтилган ривожланиш эволюциясини таҳлил қилиш ва хулосалар чиқариш кейинги истиқболларимиз пойдевори бўлиб хизмат қилади.

Ўтиш дари қонуниятлари шундан далолат берадики, ҳар бир давр иккинчи бир ривожланишнинг заминини яратади ва кейинги истиқбол қадамларга пойдевор бўлиб хизмат қилади. Бундай ворисийлик шубҳасиз, агар танланган қадамлар давр эҳтиёжи ва талабларига мос келса, унинг шакли мазмунига мувофиқ бўлса, амалда рўёбга чиқади. Аксинча, тескари келса, ижтимоий зиддиятлар жамият ривожини турғун тўйник сиртмоғига тортади. Шу сабабли инсоният тарихида истиқлол йўлини танлаган айрим давлатлар тажрибаси кўзлаган мақсадларига олиб келмай, парокандалик гирдобига ботганлигини яхши биламиз. Ўзбекистон ҳам мустақилликнинг дастлабки кунларида ана шундай мураккаб ижтимоий қонуниятларнинг мавҳум танловларига рўбару келади. Лекин, яна бошқа бир аммо, хамоҳанг қонуният борки, бу миллат шахслари ва ўзлигини англашга интилаётган халқнинг муштарак мақсадлари, якдил муддаоларидир. Бу қонуният халқнинг ҳурриятга бўлган эҳтиёжи ва сиёсий саҳнага кириб келган етакчи И.Каримовнинг иродаси билан ижтимоий-сиёсий уйғун яхлитликни таъминлашга эришилди..

И.Каримов томонидан ишлаб чиқилган эволюцион йўлнинг “Ўзбек модели” заминида ортиқча ижтимоий ларзаларсиз, барқарорлик асосида, босқичма-босқич жамият ижтимоий имкониятларини ҳисобга олиш орқали демократик жамиятни шакллантиришга қаратилган таълимотни ўзида мужассам этганлиги, айни пайтда, бу йўлнинг миллат турмуш маданиятига хослиги билан эътироф этилди. Тадрижий босқичга хос хусусиятлар жамиятда амалга ошириладиган ислоҳотлар кетма-кетлиги, мунтазамлилик, изчиллик, уйғун характерларига эга бўлди. Бундай тамойилга бўлган эҳтиёж жамият иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ва маданий бўшлиқларини тўлдиришга, ташкил этишга, яратилишига, шакллантирилишига, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланишга қаратилганлиги билан изоҳланади.

Давлат ва жамият қурилиши жуда мураккаб бўлиб, унинг таркибидаги бир-бирига боғлиқ соҳаларни бир вақтнинг ўзида жадал ривожлантириш мушкул. Уларнинг бири иккинчисига замин ва имкониятлар яратади. Қайсидир асосий соҳа аввал ривожланиб, бошқа соҳа ва тармоқлар учун локоматив вазифасини бажаради. Албатта, бу жараёнда ҳар бир соҳанинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиш, холис таҳлил қилиш, ўз вақтида тегишли чора-тадбирлар қўллаш, уларни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиб бориш каби вазифаларни амалга ошириш зарурияти туғилади.

Биринчи Президентимиз И.Каримов Ўзбекистонда юзага келган таҳликали муаммоларни 1986 йиллларда мустақиллик остонасида кўтариб чиққан эди. Чунончи, маърузаларида шундай дейди: -“ Республика асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсатгичлар бўйича Иттифоқдаги ўртача даражадан ҳам анча орқада бўлиб, мамлакатда охириги ўринлардан бирида турган. Ўзбекистон ҳар киши бошига ялпи ижтимоий маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича мамлакатда 12 ўринда, аҳоли жон бошига миллий даромад ишлаб чиқариш бўйича кўрсатгич эса Иттифоқдаги ўртача даражадан икки ҳисса паст[2]. Шунга мувофиқ, саноат, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий инфраструктура ва бошқа кўплаб соҳалар издан чиқиб кетган. Шунга қарамасдан “Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди” шиори билан ислоҳотларни изчил амалга оширишга киришилади.

Қуйидаги иқтисодий жадвал бизга мерос бўлиб қолган мустамлакачилик сиёсатига асосланган маъмурий-бўйруқбозлик тизими асоратларини бартараф этишга қаратилган машаққатли ислоҳотларнинг дастлабки қадамларини тасаввур қилиш имкониятини беради.

Ўзбекистон


ЯИМ, млрд. АҚШ долл. ($US)

ЯИМ реал ўсиш кўрсаткичи, %

1992

3,6


1993

5,5

-2,3

1994

6,5

-5,2

1995

10,2

-0,9

Манба:IMF World Economic Outlook (WEO), April 2016[3].

Мазкур жадвалдан хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистон ўта мураккаб ва машаққатли синовлар бўсағасида эндигина ҳуррият остонасига ҳатлаб кираётган инсоннинг дастлабки қадамларини эслатади. Бу йилларда ЯИМ кўрсатгич даражаси минусда бўлган. Шундай экан, табиий равишда савол туғилади? 1990 йилларга келиб республика бошқарув идоралари издан чиққан, иқтисодий ночор, озиқ-овқат танқислиги кучайган, ишсизлик, энг ёмони жамиятда паркандалик шароитларини бартараф этишда “Ўзбек модели” нинг қандай афзаллиги бор эди? Бу таълимот портлашга тайёр турган ижтимоий-иқтисодий, миллий-этник муаммоларни тинч йўл билан ҳал этишнинг қандай чора-тадбирларини ўзида мужассам қилган? Мамлакатда “Ўзбек моделига” асосланган ўтиш даври концепцияси қандай босқичлардан ўтди? Бу давр босқичларининг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий аҳамияти ва натижалари нималарда намоён бўлди? Ва биз, бугун, амалга оширилган ислоҳотлардан олишимиз лозим бўлган сабоқлар нималардан иборат?

Албатта, бир маъруза ҳадди доирасида мустақиллик йилларида Ўзбекистон эришган ютуқларнинг моҳиятини очиш мураккаб масала. Аммо, имкон даражасида ҳаракат қилиш мумкин. Шу мақсадда, тадқиқот изланишларига биноан “Ўзбек модели” босқичларини шартли равишда компенсация, адаптация, интеграция ва инновация даврлари сифатида таҳлил қиладиган бўлсак, унинг узвий ва изчил ривожланиш қонуниятларини кузатамиз. Жумладан, дастлабки, компенсация ва адаптация даври (1991-2000й.) – ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясини амалга оширишга қаратилган давр бўлиб, тўлдириш, таъминлаш, қоплаш, мослашиш, мувофиқлашиш, кўникма ҳосил қилиш маъноларида қўлланилади. Бу даврдаги ислоҳотларнинг асосий мақсади собиқ иттифоқ парчаланиши оқибатида марказлашган маъмурий бўйруқбозлик бошқарувига, коммунистик монопол мафкурага хотима ясалиши натижасида мамлакатда ҳар томонлама юзага келган бўшлиқни тўлдиришдан иборат эди. Бу тўлдириш ўзбек давлатчилиги анъаналари билан дунёвий жамият қуришнинг энг илғор ғояларини ўзида мужассамлаштирган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ишлаб чиқилиши билан бошланди. У ўзбек миллатининг орзу-умидлари ва истиқбол мақсадларини ифода қилувчи дастурга айланди. Унинг аҳамиятли жиҳати мураккаб ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий шароитдан ортиқча ларзаларсиз, барқарорликни сақлаш орқали ўтиш даври ислоҳотларини даврлаштириш, мувофиқлаштириш, бошқарувнинг мувозанатини таъминлаш, иқтисодий ўзгаришларни мустаҳкамлаш ва мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш шароитлари яратилди. Бошқача қилиб айтганда, давлатчиликнинг миллий ва мустақил асосларини яратишга қаратилган янги давр остонасига қадам қўйилди.

Шунга мувофиқ, Ўзбекистонда иқтисодиётни бошқаришнинг мустабид, марказлашган тизимига барҳам бериш, мустақил Ўзбекистоннинг янги сиёсий ва давлат тузилиши асосларини, аввало, қонунчиликни шакллантириш, марказда ва жойларда ваколатли ҳокимият органларининг яхлит тизимини ташкил этишга қаратилган ишлар босқичма-босқич амалга оширилди. Вилоят, туман ва шаҳарларда ҳокимлик институтлари жорий этилди. Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари тизими — маҳалла институтини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларига бўлиниши энг муҳим тамойил сифатида белгиланди. Демократик сиёсий институтлар, янги давлатчилик асослари – вазирлик идоралари, уюшмалар, концерн ва компаниялар ташкил этилди. Бозор иқтисодига мос ишлаб чиқариш шакллари, банк ва молия инфратузулма, миллий валюта, солиқ, божхона, миллий мудофаа ташкил этилди. Конституция талаблари асосида уларнинг ҳуқуқий базаси ташкил этилди. Шулар қаторида жамиятнинг маънавий қиёфасини ўзгартиришга, ёш авлодни тарбиялашга қаратилган “Таълим тўғриси”даги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилинди. Тарихий маданий меросимизни тиклаш борасида улкан саъйи-ҳаракатлар бошлаб юборилди.

Бу даврда асосий эътибор ислоҳотлар тизимига татбиқ этилган янгиликларни босқичма-босқич эскиси билан алмаштириб боришга, аҳоли дунёқарашини мустақил давлатчилик ва унда амалга ошаётган ўзгаришларга мослаштиришга, барча соҳаларда татбиқ этилаётган янгиликларга фуқароларнинг кўникиб, уларни ўзлаштириб олишига шарт-шароитлар яратишга ёрдам беришга катта эътибор қаратилди. Бу босқичлар икки даврий жараёнлар кесимида кузатилади. Биринчиси, бу миллий давлатчилик асосларининг жорий этилиши, сингдирилиши, такомиллашиб ҳаётга тадбиқ этилиш жараёнлари – компенсация даврини ўз ичига олса, иккинчи даврий жараён давлат бошқарув механизмлари белгиланган ислоҳотларни амалга ошириш имконияти ва самардорлигини амалда рўёбга чиқариши, айни пайтда, фуқаролар онгида янги қадриятларнинг қарор топиши, мустақиллик ғояларининг фаол эҳтиёжга айланиши каби ўзгариш ва мослашувлар жараёни – адаптация даври ҳисобланади.

Бу йиллар қанчалик мураккаб, оғир шароитларда кечган бўлмасин, кейинги босқичларнинг ижтимоий-иқтисодий пойдевори ва заминларини яратишга хизмат қилди. Ўзбекистон ислоҳотларнинг биринчи босқичларидаёқ ЯИМ бўйича ижобий кўрсатгичларга эриша олди. Иқтисодиёт таркибий тузилмаларида амалга оширилган машаққатли структуравий ўзгариш ислоҳотлар йўлининг тўғри танланганлигидан далолат беради. Амалга оширилган иқтисодий ва структуравий ўзгаришлар натижалари мамлакат иқтисодиётини юксалиш даври ҳисобланган иккинчи босқичда интеграцион жараёнларини таъминлаш ҳамда макроиқтисодий барқарорликка эришишга хизмат қилди (2-жадвал).

Ўзбекистон


ЯИМ, млрд. АҚШ долл. ($US)

ЯИМ реал ўсиш кўрсаткичи, %

1996

13,9

1,7

1997

14,7

5,2

1998

14,9

4,3

1999

17,0

4,3

2000

13,7

3,8

Манба:IMF World Economic Outlook (WEO), April 2016[4].

Мазкур жадвал кўрсатгичлари компенсация ва адаптация даврида амалга оширилган ислоҳотлар натижаси ўз самарасини берганлигидан далолат беради.

Шундай қилиб Ўзбекистон ўз ривожланиш бошқичининг “Интеграция” даврига (2001-2007) қадам қўяди. “Интеграция” атамаси бирлашиш, қўшилиш, сингиш, умумжаҳон тараққиёти жараёнларига мувофиқ қадам ташлаш каби маъноларни қамраб олади. Жумладан, бу тушунча давр чақириқларига муносиб жавоб бериш, илм-фан ва технология янгиликларини амалий ишлаб чиқаришга татбиқ этиш орқали илғор мамлакатлар сафидан жой олишга эришиш мазмунида қўлланилади. Ўз навбатида шундай мазмун дунё жамоатчилиги, шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки сингари нуфузли халқаро молия ташкилотлари томонидан ҳам эътироф этилади. Айни пайтда ривожланган давлатлар тажрибасини амалда татбиқ этиш миллий иқтисодиётнинг умумжаҳон тизимига кириб боришига хизмат қилади. Халқаро муносабатларнинг юксак маданий даражасига эришилади, дунё мамлакатлари орасида Ўзбекистоннинг ўрнини белгилашдек вазифа амалга оширилади ҳамда унинг янги имкониятлари юзага чиқарилади. Натижада мамлакатимизни модернизациялаш йўлидаги дадил қадамлар жамиятда рақобатбардош индустриал салоҳият пойдеворларини вужудга келтирди. Мамлакатда қатор йирик индустриал иншоотлар ишга туширилдики, улар макроиқтисоднинг таркибий қисмига айланди. Мамлакатимизда иқтисодиётини таркибий ўзгартириш, тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашни қўллаб-қувватлаш мақсадида хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мамлакатимиздаги “Ўтиш даври” ва келгуси тараққиёт босқичларининг вазифаларини белгилаб бераркан: “Ватанимиз ва халқимиз тарихида муҳим ўрин тутган ушбу даврда том маънода туб ўзгаришлар амалга оширилди, халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъектига айланган, жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ва мустаҳкам ўрнига эга бўлган – Ўзбекистон, деб аталган янги демократик давлат барпо этилди. Бугун ана шу мустаҳкам пойдевор асосида мамлакатимизни жадал ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг янги даври – миллий тараққиётимизнинг кейинги мантиқий босқичи изчил давом этмоқда”[5], деб баҳолайди. Дарҳақиқат, демократик жараёнларни чуқурлаштиришга доир ютуқларимиздан бири икки палатали парламент ташкил қилинди. Бу бугунда демократик давлат қонунчилик асосларини яратувчи профессионал мутахассисларни шаклланишига, бу ўз навбатида жаҳон андозаларига мос қонунларнинг ишлаб чиқилишига хизмат қилмоқда.

Мазкур “Интеграция” даврида амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар натижаларини қуйидаги ўсиш тенденцияларида намоён бўлганлигини кўриш мумкин. (3-жадвал)

Ўзбекистон


ЯИМ, млрд. АҚШ долл. ($US)

ЯИМ реал ўсиш кўрсаткичи, %

2001

11,6

4,2

2002

9,7

4,0

2003

10,1

4,2

2004

12,0

7,4

2005

14,3

7,0

2006

17,0

7,5

2007

22,3

9,5

Манба:IMF World Economic Outlook (WEO), April 2016[6].

Бу даврга келиб ислоҳотлар самараси аҳоли турмуш даражасининг кескин равишда ўсишига олиб келди. Жумладан, ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган ҳаражатлар 1990 й.- 31,5%, 2000 й. -42,5%,            2011 й. -58,9%, 2016 й.- 59,1% ошди. Шундан таълимга ажратилган ҳаражатлар кўрсатгичи 1990 й. – 17,9%, 2000 й. – 23,2%, 2011 й. – 33,4%, 2016 й. – 33,7% ўсди. Соғлиқни сақлаш бўйича 1990 й. – 10,0%, 2000 й. – 8,7 %, 2011 й. – 13,3, 2016 й.- 14% ошганлигига[7] гувоҳ бўламиз. Мустақиллик йилларида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий муҳофазаси учун йўналтирилган давлат ҳаражатлари 5 баробардан зиёд ошди. Ҳар йили давлат бюджети харажатларининг ярмидан ортиғи ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. 2004-2010 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий давлат дастури амалга оширилди. Бунинг натижасида 7800 дан зиёд умумтаълим мактаби янгидан қурилди, таъмирланди ва реконструкция қилинди, уларнинг умумий сони эса 9860 тага етди. 8 мингдан ортиқ таълим муассасаси капитал таъмирланди, газ ва сув билан таъминланди, марказлаштирилган канализация тармоқларига уланди[8]. 1998-2016 йиллар оралиғида 144 та академик лицей, 1412 та касб-ҳунар коллежлари ва уларнинг 37 та тармоқ филиаллари ташкил этилди ва фаолият юритиб келмоқда[9]. Мазкур босқичлар янги - инновацион даврнинг бошланишига замин яратди.

Инновация даври мамлакатимизда 2007 йилдан ҳозирги кунгача давом этиб келаётган учинчи босқич ҳисобланади. Ушбу даврнинг ўзига хос хусусиятлари Ўзбекистоннинг демократик ислоҳотлар йўлида янги тараққий этган индустриал ривожланиш босқичига қадам қўйиши билан белгиланади. Бу давр жаҳон тажрибалари ҳамда синовларидан ўтган, бозор иқтисодиётига асосланган демократик давлат ва жамият бошқарувининг энг илғор тамойилларини татбиқ этишга қаратилган янги босқични бошлаб берди. Жумладан, мамлакат экспортида саноат маҳсулотлари улушини кескин ошириш, жаҳон бозорида Ўзбекистоннинг замонавий ишлаб чиқаришга асослангани саноат корхоналарида яратилган маҳсулотлари ҳисобига мамлакатимиз ўрнини мустаҳкамлаб боришга муҳим замин яратди. Ислоҳотлар натижасида ялпи ички маҳсулотимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 56,7 фоизга етди ёки 1,8 баробар ошди. Ҳозирги пайтда ушбу соҳада жами саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи ишлаб чиқарилмоқда. Иш билан банд жами аҳолимизнинг 77 фоиздан ортиғи мазкур тармоқда меҳнат қилаётгани, ўз пешона тери билан нафақат ўз оиласини боқаётгани, балки мамлакатимиз бойлигига бойлик қўшаётгани, аввало, мустақиллик бизга очиб берган имкониятларнинг яққол исботи[10]. Аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромадлар улуши тобора ортиб бормоқда. Мустақиллик йилларида бу борадаги кўрсаткич 10,6 фоиздан 52 фоизга ўсди. Бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир[11].            

Ислоҳотлар стратегиясида асосий эътибор рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корхона ва хўжалик субъектларини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тизимини илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш орқали такомиллаштириш, ўрта мулкдорлар қатламини, тадбиркор-инноваторларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириб бориш, инвестиция ва молиялаштириш борасида халқаро муносабатларни янада ривожлантиришга кенг аҳамият берилди. Мустақиллик йилларида хизматлар соҳаси таркибида миллий иқтисодиётимиз учун мутлақо янги бўлган замонавий банк тизими, аудит, суғурта, лизинг, консальтинг, мобиль ва видеотелефон хизматлари, интернет каби хизмат кўрсатиш соҳалари пайдо бўлди. Агар хизматлар улуши 1990 йили ялпи ички маҳсулотда 33,8 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2000 йилда 37 фоиз, 2011 йилга келиб эса 50,5 фоизга, 2013 йилда 53 фоизга етди[12]. Машинасозлик ва метални қайта ишлаш саноатида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 1990 - 2011 йилларда 13,1 баробар ўсди[13]. Натижаларни қуйидаги жадвал маълумотларида кўриш ва баҳолаш мумкин.

(4-жадвал)

Ўзбекистон


ЯИМ, млрд. АҚШ долл. ($US)

ЯИМ реал ўсиш кўрсаткичи, %

2008

28,6

9,0

2009

33,5

8,1

2010

39,0

8,5

2011

45,4

8,3

2012

51,2

8,2

2013

57,2

8,0

Манба:IMF World Economic Outlook (WEO), April 2016[14].

Буларнинг натижасида, жумладан, биргина 2015 йилнинг ўзида ана шу мақсадларга барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 15 миллиард 800 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб этилди ва ўзлаштирилди. Бу 2014 йилга нисбатан 9,5 фоиз кўпдир. Жами инвестицияларнинг 3 миллиард 300 миллион доллардан зиёди ёки 21 фоиздан ортиғи хорижий инвестициялар бўлиб, шунинг 73 % тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларидир. Инвестицияларнинг 67,1 фоизи янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишга йўналтирилди. Бу эса 2015 йилда умумий қиймати 7 миллиард 400 миллион доллар бўлган 158 та йирик ишлаб чиқариш объекти қурилишини якунлаш ва фойдаланишга топшириш имконини берди. Тошкент иссиқлик электр станциясида 370 мегаватт қувватга эга бўлган буғ-газ қурилмаси барпо этилиши, Чорвоқ ГЭСи гидрогенераторлари модернизация қилиниши, Қўнғирот сода заводида кальцийлаштирилган сода ишлаб чиқариш кенгайтирилиши, «Самарқандкимё» акциядорлик жамиятида 240 минг тонна қувватга эга бўлган мураккаб таркибли янги ўғитлар ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилиши, «Мотор заводи» акциядорлик жамиятининг фаолият кўрсатмаётган ишлаб чиқариш майдонларида трактор тиркамалари, жумладан, катта ҳажмли тиркамалар, маиший техника учун таркибий қисмлар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ташкил этилиши шулар жумласидандир[15].

Бу давр давлат ва жамият ривожини янги сифат даражасини белгилашга қаратилганлиги Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да ўз ифодасини топган. Давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини ҳамда ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини, сайлов ҳуқуқини таъминлаш, сайлов қонунчилигини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш, ривожлантириш, демократик бозор ислоҳотларини ҳамда иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш вазифалар концепцияда белгилаб берилган.

Ўзбекистонда иқтисодиётнинг сиёсатдан устуворлиги, давлатнинг бош ислоҳотчилиги, қонун устуворлигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат олиб бориш, ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширишни қамраб олган “Ўзбек модели” тамойиллари, айниқса, бугунги кунда ҳам давом этаётган жаҳон молиявий иқтисодий инқирози шароитида ҳаётийлигини исботлаб келмоқда. Иқтисодиётни бошқаришни ислоҳ этиш, давлат мулкини хусусийлаштириш, жамият ҳаётини эркинлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, унинг таркибий тузилишини диверцификациялаш борасида амалга оширилаётган ҳар томонлама асосли ва чуқур ўйланган сиёсат инқирозлар ва бошқа таҳдидларнинг салбий таъсириларига кучли тўсиқ, айтиш мумкинки, мустаҳкам ва ишончли ҳимоя бўлиб ҳизмат қилмоқда.

“Ўзбек модели”нинг аҳамиятли жиҳати ундаги беш тамойил бир-бирини тўлдирувчи ва ривожлантирувчи ижтимоий қонуниятларга эгалиги билан изоҳланади. Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ “Янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг”, “Ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун, унинг манфаатлари учун” “Озод бўлсанг озод бўл, эркин бўлсанг эркин бўл!” деган ғоялар миллий мафкура даражасига кўтарилди. Давлатнинг барча бошқарув ресурслари мазкур вазифаларнинг ижросига сафарбар этилди.

Натижалар нимага олиб келди? 2015 йилда иқтисодиётимизни юқори суръатлар билан барқарор ривожлантиришга эришганимиз аҳоли даромадларини янада кўпайтириш, одамларимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун мустаҳкам асос яратилди. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар 21,9 фоизга, аҳоли жон бошига жами реал даромадлар эса 9,6 фоизга ошди. Юртимиздаги 10 фоиз таъминланган ва 10 фоиз етарлича таъминланмаган аҳоли даромадлари ўртасидаги фарқ, яъни «децил коэффиценти» деб ном олган кўрсаткич барқарор пасайиш тенденциясига эга бўлиб, бу рақам 2010 йилдаги 8,5 фоиз ўрнига 2015 йилда 7,7 фоизни ташкил этди. Даромадлар ўртасидаги фарқни ифода этадиган яна бир халқаро кўрсаткич – Жини индекси мамлакатимизда 2010 йилдаги 0,390 ўрнига 2015 йилда 0,280 ни ташкил этди ва бу натижа дунёнинг кўплаб иқтисодий ривожланган ва ривожланаётган давлатларига қараганда анча пастдир.

Ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш борасида вилоят, шаҳар ва туманларда 300 га яқин мусиқа ва санъат мактаблари, 1 минг 900 дан зиёд спорт иншоотлари бунёд этилгани, сўнгги ўн йилда болалар ва ўсмирлар ўртасида спорт билан мунтазам шуғулланиш даражаси 30 фоиздан 57 фоизга, қизлар ўртасида 24 фоиздан 47 фоизга етгани, бу нафақат иқтисодий салоҳиятимизни белгилайди, балки, шу имкониятларимизни халқ фаровонлиги йўлида оқилона сафарбар қила олиш маданиятимизни ҳам белгилайди. Бугунги кунда юртимиздаги 157 қишлоқ туманида 191 болалар мусиқа ва санъат мактаблари барпо этилди. 2015 йилда Ўзбекистон спортчилари жаҳон, Осиё чемпионатлари ва бошқа халқаро турнирларда 860 дан ортиқ медални қўлга киритишга эришдилар. Шунинг 311 таси олтин, 274 таси кумуш ва 276 таси бронза медалларидир[16]. Бу ғалабалар ислоҳотлар натижаси, мамлакатнинг юксалиш нишонаси, миллий салоҳиятнинг намоён бўлиши фарзандларимиз тимсолида ўз ифодасини топмоқда.

Халқимиз бежизга “оққан дарё оқаверади” деб айтмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида мустақил ташкилотлар гуруҳи ва халқаро экспертлар иштирокида 2015 йилда 158 та давлатда “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” деган мавзуда тадқиқот ўтказилганда, ҳар қайси мамлакатнинг ўз фуқароларини бахтли ҳаёт билан таъминлаш қобилиятини ифода этадиган ушбу индекс бўйича Ўзбекистон 44-ўринни эгаллади. Айтиш жоизки, юртимиз 2013 йилда бу рейтингда 60-ўринда эди[17]. Бошқача айтганда, мустақиллик даврида Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган “ўзбек модели” жамиятни ривожлантиришнинг миллий, ўзига хос ривожланиш таълимотини вужудга келтирдики, у жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлди. Жумладан, Халқаро миқёсда катта нуфузга эга бўлган Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014-2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016-2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олган. Бундан ташқари, 2015 йилда мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Минг йиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотига сазовор бўлган 14 та давлатдан бири сифатида эътироф этилди. Қуйидаги рақамлар олиб борилган халқчил ислоҳотларнинг ёрқин натижасини ифодалайди. Жумладан, мустақиллик йилларида одамларимизнинг ўртача умр кўриш кўрсаткичи 1990 йилдаги 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар ўртасида эса 75 ёшга етгани, оналар ва гўдаклар ўлими уч баробардан кўпроқ камайгани изчил ислоҳотлар натижасидир[18]

2016 йилнинг энг улкан ютуқларимиздан бири бу - Қамчиқ довони орқали ўтган -Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўл линиясининг ишга туширилиши бўлди. У Фарғона водийси вилоятлари ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари ўртасида темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш имкониятини яратди. Шу билан бирга, Хитой — Марказий Осиё — Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур темир йўл орқали шу йилнинг ўзида 600 минг йўловчига хизмат кўрсатиш мумкин. Қурилиш даврида 4 минг киши иш билан таъминланган бўлса, темир йўлдан доимий фойдаланила бошлангач, яна 1,5 минг янги иш ўрни яратилади[19]. Бу ишлар ўз навбатида И.Каримовни узоқни кўзлаб амалга оширган сиёсатининг туҳфаси бўлиб қолди.

Хулоса қилинганда, мустақиллик йилларида “Ўзбек модели” сиёсий башорат, тахмин ва асоссиз тажрибалардан фарқли ўлароқ, реал ижтимоий ҳаёт таҳлилларига асосланган, ривожланиш қонуниятларини босқичма-босқич уйғунлаштирган, халқнинг салоҳияти ва имкониятига суянган миллий дастурга айланди. Бу дастур ўз прагматизми ва сиёсий реализми билан муросасиз ички талабларга эга, давлатчилик тўғрисидаги умумий ва мавжуд қарашларни баъзан инкор қиладиган, баъзан сиёсатчилар ҳазм қила олмайдиган қолипларни бузиш орқали янги давр таълимоти сифатида кириб келди ҳамда “Ўтиш даври” концепцияларининг замонавий транзиталогия фани таълимотига асос солди. Бу таълимот кишилик жамият қонуниятлари инқирози ва зиддиятларини ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ҳаёт билан боғлиқ ва бир бутун яхлит ҳолда ҳал этишнинг самарали ёндашувларини тадбиқ этишга қаратилган зарурият сифатида ўрганишни талаб қилади.

Ўзбекистон И.Каримов раҳномалигида барқарор, ижтимоий ларзаларсиз ўсиш суръатларини таъминлаш имкониятларини намоён қилди. Бундай сиёсат гуманизмнинг ёрқин ифодаси сифатида ўзини тасдиқлади. Зеро, ўтиш даврида ҳали ҳеч бир мамлакат қурбонларсиз чиққан эмас, аслида. Ўтиш даври жараёнлари деярли барча давлатларда турли ихтилофлар, тазйиқ ва зўравонликлар, машаққат ва истироблар билан кузатилган. Масалан, Европада юз йиллик уруш, Россия ва Америкадаги фуқаролар уруши, Хитойдаги “Маданий революция”, Япония ва Жанубий Кореянинг иккинчи жаҳон урушидан кейинги машаққатларига тарих гувоҳ. Тарих сабоқлари бирини кўриб фикр қилишга, бирни кўриб шукр қилишга ўргатади. “Ўзбек модели”нинг афзаллиги ўтиш даврида содир бўладиган ихтилофларни бартараф этишга, мавжуд ижтимоий муаммоларни минималлаштиришга, оммани бунёдкорликка сафарбар қилишга қодир таълимот сифатида ўз тасдиғини топди. Чунончи, буни халқаро экспертларнинг эътирофига кўра саккиз йилдан бери давом этиб келаётган жаҳон молиявий инқироз ҳолатида Ўзбекситон ЯИМ кўрсатгичлари 8% тушган эмас.

Албатта, ислоҳотлар силлиқ ва бир текисда рисоладагидек кечди, десак нотўғри бўлади. Ислоҳотлар бугунда ҳам давом этаяпти. Муаммолар етарли, лекин, у фуқаролар ҳисобидан эмас, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг кўламида намоён бўлмоқда. Ҳали ҳеч бир давлат қисқа бир даврда бу каби ижтимоий юксалишларга эришган эмас. Бош мақсад жамиятда тинчликни сақлашга, фаровонликни таъминлашга, ҳаётнинг сифат даражасини ўстиришга қаратилганлиги билан демократик жамиятнинг асослари мустаҳкамламоқда. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг эртанги кунига умид ва ишончларини орттирмоқда, ўзларини чуқур ислоҳотларга, янгилик ва бунёдкорликка мойил манфаатдор субъектга айлантириб бормоқда. Энги муҳими, ўтиш даври қийинчиликлари халқнинг миллий характерини шакллантирди, тоблаяпти, замонавий, давр талабларига мос, янгиликларга ўч, изланувчан, соғлом тафаккурли янги авлод вакиллари улғаймоқда. Бу, шубҳасиз, ўтиш даври истиқболини кафолатловчи маънавий омиллардан бўлиб ҳисобланади.

Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, ривожланган демократик давлатлар сафидан муносиб ўрин эгаллаш, халқимиз ва келгуси авлодларимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт шароитларини яратиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтириш бўйича улкан, айтиш мумкинки, асрларга тенг бўлган йўли босиб ўтилди. Чунончи, охирги 3 йиллик иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларини дунёнинг айрим ривожланган мамлакатлари ва Ўзбекистон билан таққосласак, мамлакатимизда мустақиллик йилларида асрларга тенг юксалиш натижаларига эришилганига гувоҳ бўламиз:

Япония


ЯИМ, млрд. АҚШ долл. ($US)

ЯИМ реал ўсиш кўрсаткичи, %

2014

4 596,2

0,0

2015

4 123,3

0,5

Корея Республикаси


ЯИМ, млрд. АҚШ долл. ($US)

ЯИМ реал ўсиш кўрсаткичи, %

2014

1 410,4

3,3

2015

1 376,9

2,6

Россия Федерацияси


ЯИМ, млрд. АҚШ долл. ($US)

ЯИМ реал ўсиш кўрсаткичи, %

2014

2 029,6

0,7

2015

1 324,7

-3,7




Ўзбекистон


ЯИМ, млрд. АҚШ долл. ($US)

ЯИМ реал ўсиш кўрсаткичи, %

2014

63,1

8,1

2015

65,7

8,0





Манба:IMF World Economic Outlook (WEO), April 2016[20].

Мазкур жадвал маълумотларидан жаҳон молиявий инқирози таъсирида ривожланган мамлакатларнинг иқтисодий ўсиш суръатлари пасайган ҳолда Ўзбекистонда ЯИМ барқарор ўсиш суръатларига эришиб келаётгани кўриш мумкин.

Ҳар бир давр ўзига хос сиёсий вазияти билан ижтимоий ҳаёт ривожига таъсир кўрсатади. Ҳар бир даврнинг ўз таълимоти ва ёндашув тамойиллари юзага келади. Ушбу вазиятни англаш, шунга мос йўл-йўриқ танлаш ўтиш даври талабларидан ҳисобланади ва миллатнинг барқарор ривожланишини кафолатлайди. Ўтиш даврининг ўз қонуниятлари мавжуд бўлгани каби, фавқулотда ижтимоий ўзгаришлар ҳам тадрижий ривожланишнинг моҳиятига зид келади. Бошқача қилиб айтганда, инқилобий таъсирни жамиятнинг ўзи инкор қилади. Эволюцион таълимот ижтимоий қонуниятларнинг жамият имкониятларига мувофиқлаштирилгани, уйғун сиёсий ислоҳотлар белгилангани билан самарали натижалар беради. Иқтисодий ислоҳотларнинг бозор муносабатларига йўналтирилиши, инфратузулмаларнинг жорий этилиши, ишлаб чиқариш муносабатларини ташкил этиш, мулкдорлар қатламининг ўсиб бориши билан жамиятда инсон манфаатлари, қонун устуворлиги, ижтимоий ҳимоя каби демократик қадриятлар таъминланади. Янги жамият асосларига дахлдор ижтимоий омиллар бири иккинчисини тўлдиришга хизмат қилади. Мазкур омилларнинг аҳамиятини инобатга олмаслик ёки суиистеъмол қилиш салбий оқибатларга олиб келади. Собиқ иттифоқ республикаларидаги давлатларнинг тоталитаризмдан демократияга ўтиш жараёнлари анча таҳликали ва фожиали кечди. Бугун орадан салкам чорак аср ўтиб И.Каримов томонидан ишлаб чиқилган ўтиш даври концепцияси тажрибаларидан қандай сабоқлар чиқаришимиз лозим бўлади?

Биринчи сабоқ: жамиятда маъмурий-бўйруқбозлик тизимига барҳам бермасдан, демократик институтларни шакллантирмасдан, бозор иқтисоди инфраструктурасини яратмасдан, кучли ижтимоий ҳимоя мурватларини ташкил этмасдан, хусусий мулкчиликнинг ҳуқуқий асосларини яратмасдан қонун устуворлигини орзу қилиш оқибатида давлат мулкининг талон-тарож бўлишига, бой-камбағал қатламларининг ҳаддан ортиқ табақаланишига, ишсизликнинг ошишига, аҳоли турмуш даражасининг пасайишига олиб келади. Натижада демократик тартиботлар реал бозор иқтисоди талаблари ўртасида кескин зиддиятлар вужудга келадики, миллий давлатчилик тақдирини жар ёқасига етаклаб боради.

Иккинчи сабоқ: саноати ривожланмаган, асосан, аграр соҳага ихтисослашган давлатларда жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий асосларини яратмасдан фалаж усулида сиёсий ислоҳотларни илгари суриш нафақат хато балки, хавфли эканлиги тасдиқланди. Собиқ иттифоқ давлатларининг деярли барчасида бўлиб ўтган миллий, этник, диний мажоралар буни ўз даврида исботлади. Тоталитар жамият зуғумидан азият чеккан халқлар иккинчи бир анархик тузоқнинг сиртмоғига тушишига олиб келди. Истиқболи мавҳум, умидсиз қолган фуқаролар эса, демократияга бўлган сўнги илинжларини ҳам йўқотиб бордилар. Айтиш жоизки, ўтиш даврининг мураккаблиги бир йўла мустамлакачилик сиртмоғи билан йиллар давомида чирмашиб кетган маъмурий-буйруқбозлик тизимни бартараф этиш баробарида янги миллий давлатчилик асосларини яратиш вазифалари турар эди. Бундай муаммолар давлатчилик тажрибаларида камдан-кам учрайдиган мураккаб ходисалар сирасига киради.  

Учинчи сабоқ: демократик жамият асослари ўз моҳиятига кўра дастлабки даврий босқичларни талаб қилади. Юқорида қайд этилган муаммолар ечимини топиш, истиқболли мақсад ва вазифаларни белгилаш, режалар тузиш, энг муҳими, амалда таъминлашнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маънавий пойдеворларини яратиш орқали эришилинади. Ваҳоланки, мустамлакачилик асоратларидан қутулиб улгурмаган халқ янги жамият асосларини тасаввур этиши қанчалик қийинлигини даврнинг ўзи исботлади. Тобелик, мутелик, боқимандалик кайфияти руҳиятига сингиб кетган инсон бир кунда ўзини демократик ғояларга бахшида этишга қодир шахсга айланиб қолмаслиги аён бўлди. Қолаверса, халқнинг ишонувчанлиги туфайли сохта, баъзан жиноятчи гуруҳларнинг ҳокимият бошқарувига келганлигига гувоҳ бўлдик. Фуқаролар уруши билан якунланган “демократик тажриба” натижалари “сиёсий доҳий”ларнинг найрангларидан бошқа нарсани тасдиқламади. Ундан чиқди, озодлик ороли сари сузиш учун нафақат истак, балки, шу истакни рўёбга чиқарувчи ва унинг тўлқинларидан ғарқ бўлмайдиган мустаҳкам ирода керак экан.

Собиқ Иттифоқ ҳудудидаги аксарият давлатлар ана шундай мавҳум даъватларнинг сеҳри ва жозибасига учиб, алданиб, қандай оғир аҳволга тушиб қолгани ҳам бугун ҳеч кимга сир бўлмагани, айни ҳақиқат. Ҳокимиятлар (манфаатдор кучлар) ўртасидаги ихтилофли тўқнашувларга, сиёсий бошқарув тизимининг издан чиқишига, парламент жангларига ва унинг ортидан жамиятда беқарорлик, жиноятчилик, ишсизлик, иқтисодий инқирозлар, коррупция, бошбошдоқлик орқали турли “рангли инқилоблар”ларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди. Энг ачинарли ҳолат, бегуноҳ одамлар қурбон бўлди, давлатлар иқтисодий ривожини бир неча йилларга сўриб юборди. Бугун аччиқ тажриба сабоқларидан билаяпмизки, ҳеч қандай сиёсий важлар, ҳаттоки, иқтисодий қийинчиликлар миллий давлатчилик негизларига путур етказиш учун асос бўла олмайди. Қандай мақсадда бўлмасин, ўз уйини, юртини вайрон қилган инсонинг, халқнинг истиқболи бўлмаслиги каби сабоқларни берди.

Тўртинчи сабоқ: халқаро майдондаги давлатларнинг бирёқлама манфаатларга асосланган муносабати, мафкуравий ва иқтисодий эҳтиёжларни қондиришга қаратилган хуфиёна сиёсат ёш давлатларни ўз домига тортаётганлиги бугунда сир эмас. Халқаро майдонда ҳар хил ташкилотлар ниқоби остида кучли давлатлар томонидан амалга оширилаётган геосиёсат кўплаб мамлакатларнинг тараққиётини издан чиқариб юборилишига сабаб бўлди. Қолаверса, турли ижтимоий, маънавий, сиёсий, иқтисодий шароитда бўлган маданиятлар ривожи демократия экспортини қабул қила олмади. Зўрлаб киритилган мафкура зўрлаб чиқарилишига олиб келди. Бу эса ўз навбатида фуқаролараро турли ихтилофларга сабаб бўлди.

Миллий тараққиёт эволюцион қонуниятларига бўйсундирилсагина истиқболли натижаларни беради. Бугун жаҳонда тан олинган “ўзбек модели” жамият ривожининг реал сиёсий ва ижтимоий қонуниятларга мос, мустақиллик ва ривожланишга юз тутаётган давлатлар учун энг мақбул йўл экани яна бир бор ўз исботини топди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда узоқни кўзлаб босқичма-босқич амалга оширилаётган концептуал ислоҳотларнинг самарасидир. Бугун мамлакатимизда эришилган ютуқлар баробарида, уни асраб-авайлаш, ҳушёрликни йўқотмаслик каби вазифаларни юклайди. И.Каримов томонидан - “Ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, шиддат билан, жадал суръатлар билан доимо олдинга интилади. Кимки ҳаётнинг тараққиёт суръатлари билан ҳамқадам бўлмаса, унга лоқайд ва беписанд қараса, эришган ютуқларига маҳлиё бўлиб, хотиржамлик ва ҳаволаниш кайфиятига берилса, ҳеч шубҳасиз, тез ўзгариб бораётган тарихнинг бир чеккасида, қолоқлик ва армонда қолиб кетади. Бу – ҳаётнинг бешафқат, аччиқ ҳақиқати ва биз буни асло унутмаслигимиз керак”[21] деган ғояларида Ўзбекистон бугунга келиб ўз ривожланиш йўлининг ниҳоятда масъулиятли чорраҳасида турганлигидан далолат беради. Ана шу яратилган сиёсий-ижтимоий асослардан оқилона фойдаланиш кейинги истиқобол учун пойдевор замин бўлиб хизмат қилади.




[1]Каримов И.А. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари/ Т.: Ўзбекистон, 2009. – Б. 8.


[2]Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. Т.: “Ўзбекистон” 2011. Б.5.


[3]http://knoema.ru/tbocwag/gdp-by-country-1980-2015.


[4]http://knoema.ru/tbocwag/gdp-by-country-1980-2015.


[5]Каримов И. Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида. Т. “Ўзбекистон”. 2008. Б.36


[6]http://knoema.ru/tbocwag/gdp-by-country-1980-2015.


[7]Ўзбекистон Республикаси иқтисодий-ижтимоий тараққиётининг мустақиллик йилларидаги (1990-2010 йиллар) асосий тенденция ва кўрсаткичлари ҳамда 2011-2015 йилларга мўлжалланган прогнозлари: статистик тўплам. – Т.: Ўзбекистон, 2011. – Б. 9.


[8]Ўша манба. – Б. 103.


[9]Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотлари.


[10]Каримов И.А. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаси. 19 январь2015 й.


[11]Ўша ерда.


[12]Ўзбекистон Республикасииқтисодий-ижтимоий тараққиётининг мустақиллик йилларидаги (1990-2011 йиллар) асосий тенденциялари ва кўрсаткичлари ҳамда 2012-2015 йилларга мўлжалланган прогнозлари: статистик тўплам. – Т.: “Ўзбекистон”, 2013. – Б. 27.


[13]Ўзбекистон Республикасииқтисодий-ижтимоий тараққиётининг мустақиллик йилларидаги (1990-2011 йиллар) асосий тенденциялари ва кўрсаткичлари ҳамда 2012-2015 йилларга мўлжалланган прогнозлари: статистик тўплам. – Т.: “Ўзбекистон”, 2013. – Б.28.


[14]http://knoema.ru/tbocwag/gdp-by-country-1980-2015.


[15]Каримов И.А. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаси. 19 январь2015 й.


[16]Каримов И.А. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаси.2015 йил19 январь.


[17]Ўша жойда.


[18]Отабек Мирзаев. Инсон саломатлиги — устувор мақсад. Халқ сўзи газетаси. 12 февраль 2016 йил.


[19] Халқ сўзи газетаси. 23 Июнь 2016.


[20]http://knoema.ru/tbocwag/gdp-by-country-1980-2015.


[21]Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий йғилишидаги нутқи. 2015. 12 январь.


Муаллиф: Тўлқин Алимардонов, Тошкент Архитектура-қурилиш институти “Фалсафа ва ижтимоий фанлар” кафедраси профессори, сиёсий фанлар доктори



Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top