Исҳоқхон Тўра Ибрат ҳақида нималарни биламиз?
03.05.2018 Маданият
ХIX асрда Тўрақўрғон заминида туғилиб ўсган Ибрат домла араб, форс, рус, ҳинд, урду, инглиз, француз тилларини яхши билган.

Энг қадимий финикия, яҳудий, сурия, юнон ёзувларини ўрганган.

Серқирра ижодкор сифатида “Луғати ситта ал-сина”, “Жомеъ ул-хутут”, “Тарихи Фарғона”, “Тарихи маданият” , “Мезон уз-замон”, “Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий” каби ўндан ортиқ тилшуносликка оид, илмий-тарихий ҳамда маърифий асарлар яратган.

Адибнинг «Жомеъ ул-хутут» асарида лотин, юнон, хитой, ҳинд, араб, Кирилл ёзувининг келиб чиқиши, ривожланиш тарихи ҳақида қимматли маълумотлар берилган.

Ибрат домла 1886 йилдаёқ эски мактабларга нисбатан бирмунча илғор бўлган мактаб очган. 1907 йилда эса янги “усули савтия” мактабини ташкил этиб, ўнлаб нафар қишлоқ болаларини ўқитган.

Ибрат домла ўлкамиздаги илк матбаачилардан бири сифатида, 1908 йил Оренбург шаҳридан литографик машина сотиб олиб, уни Оренбургдан Қўқонгача поездда, Қўқондан Тўрақўрғонга туяларга ортиб, катта машаққатлар билан олиб келган ва ўз ҳовлисида “Исҳоқия босмахонаси”ни ташкил қилган. Бу босмахона ўтган асрнинг 60-йилларигача фаолият кўрсатиб келган ва у ерда ўтган давр мобайнида бир қатор илмий-маърифий китоб ва рисолалар, миллий газеталар чоп этилган, уларни тарқатиш учун Фарғона водийси бўйлаб ўнлаб китоб дўконлари ташкил этилган.

1901 йилда араб, форс, ҳинд, турк, ўзбек ва рус сўзларидан таркиб топган «Луғати ситта-алсина» асарини босмадан чиқаради. Мазкур луғат жадид мактабларида шарқ ва рус тилларини ўрганишда бирдан бир қўлланма сифатида фойдаланиб келинди.

Исҳоқхон Ибрат «Туркистон вилояти газети», «Садои Туркистон», «Садои Фарғона» газеталарига ёзган мақолаларида фан, маърифат ва маданиятни тарғиб этган.

Ибратнинг сўнгги йиллардаги ҳаёти анча таҳликали ўтди. 1935 йилдан у ҳамма лавозимлардан олиб ташланди. 1937 йилнинг апрел ойида 75 ёшли кекса шоир ва маърифатпарварни ҳибсга оладилар. Ибрат Андижон турмасида вафот этади.

Исҳоқхон Ибрат қабрининг қаердалиги номаълум.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил 2 ноябрь куни Наманган вилояти сайловчилари билан учрашувда буюк тараққийпарвар ва маърифатпарвар Исҳоқхон Ибратнинг халқимиз маънавий-маърифий юксалиши йўлидаги беқиёс хизматларига эҳтиром рамзи сифатида унинг номини абадийлаштириш, у кишига атаб замонавий боғ яратиш, ёдгорлик мажмуаси ва “Ибрат мактаби”ни ташкил қилиш ташаббусини илгари сурган эди.
Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top