Трамп КХДРга ҳужум қилишга жазм этадими?
19.04.2017 Дунёда
1news.uz — Қўшма Штатлар корейслар муаммосини ҳарбий йўл билан ечиш ҳақида бош қотираётган, қуролларининг 18 хилини — авиаташувчи, атом сув ости кемалари, крейсерлари, ракеталари ортилган қирувчи, учувчисиз самолётлари, кимёвий ҳимоя қўшинларини кўз-кўз қилаётган бир пайтда Шимолий Корея ўз доҳийси Ким Ир Сеннинг 105 йиллигини тантанали ҳарбий парад билан нишонлади. Улар ҳам бор кучи билан армияси қудратини намойиш этишга уринди. Ҳар икки томоннинг қўшинларини жанговор ҳолатга келтириши ва ядровий уруш ҳақидаги тасавурлар дунё аҳлини наҳотки учинчи жаҳон уруши бошланса, деган қўрқув ва ҳавотирга солиб қўйди. Корея ярим оролидаги кескинликнинг навбатдаги босқичи жорий йилнинг февралида бошланди. Трампнинг сайловдаги ғалабасидан кейин КХДР раҳбари АҚШнинг янги етакчиси сайловолди компаниясидаги ваъдаларини бажаради, деган умидда яшади. Гўёки, Трамп унга қўнғироқ қилади, учрашув ўтказилади, барча келишмовчиликлар ортда қолади. Ваҳоланки, океанортида сайловолди ваъдалар берилади, аммо кейинги гапни сенаторлар ва абжир сиёсатчилар айтади. Президент вазифасини ижро этишга киришганидан кўп ўтмай, 2 феврал куни Трамп мамлакат мудофаа вазири Жеймс Мэттисни Жанубий Кореяга жўнатади. Мэттис ҳеч қандай кескин баёнотлар қилмагани, Сеул ташрифи  КХДР билан боғлиқ бўлмаганига қарамай, уни АҚШнинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги иттифоқчиси билан муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳаракат деб кўриш мумкин. Уч ойлик кутишлардан кейин Ким Чин Ин баллистик ракета синовини ўтказди. Бу синов Пхеньяннинг АҚШ ва Корея Ресрубликаси билан муносабатларини янги зиддиятлар қуршовига улоқтирди. 17 феврал куни АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон самолётдан тушибоқ Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги демилитаризация қилинган ҳудудга келди. Сеулда эса АҚШнинг КХДРга нисбатан “стратегик сабри” ниҳоясига етганини таъкидлади. Шимолий Корея ядро қуролидан воз кечиши учун Вашингтон барча вариантларни, жумладан, ҳарбий куч қўллаш усулларини ўрганиб чиқмоқда. Албатта, бу билан Вашингтон Пхеньянга уруш эълон қилмоқчи эмас. Аксинча, босим кўрсатиш орқали КХДРни ядровий қуролларини такомиллаштириш ва синовлар ўтказишдан воз кечишга уринмоқда. Айни пайтда АҚШ ва Корея Республикаси минтақада кенг қамровли қўшма ҳарбий машқлар ўтказишда давом этмоқда. АҚШ ва КХДР ўртасидаги муносабатларни яхшилаш умиди феврал ойида Малайзияда Шимолий Корея раҳбарининг қариндоши ўлдирилишидан сўнг сўнди. Ваҳоланки, Вашинтон расмийлари КХДР делегациясини 1 мартга Америка томони билан расмий мулоқот ўтказиш учун Нью-Йоркка таклиф этганди. Бироқ охир-оқибат АҚШ Корея делегациясига виза беришдан бош тортди, ҳали бошланишга улгурмаган мулоқот тўхтади. Шимолий Кореянинг Трамп даврида Америка билан муносабатларни яхшилашга бўлган умиди буткул чилпарчин бўлди. Икки давлат зиддиятлари ҳақида тўхталганда иккита муҳим ҳолатга эътибор қаратиш ўринли. Биринчидан, КХДР корейс урушидан кейин АҚШ билан қарама-қаршиликда ҳамон мутлоқ ғолиб кайфиятида яшамоқда. Чунки сўнгги 60 йилда КХДР ва АҚШ ўртасида рўй берган бир неча бевосита можароларга назар солсак, шимолликлар деярли мағлуб бўлмаганига гувоҳ бўлиш мумкин. 1968 йилда КХДР Америка «Пуэбло» айғоқчи кемасини қўлга олади. Ушбу кема ҳамон Шимолий Кореяда қолмоқда ва музей сифатида фойдаланилмоқда. 1969 йилда Корея халқ армияси бир зарба билан Американинг EC-121 жосуслик самолётини уриб туширади. 1976 йилда Америка армияси демилитация қилинган ҳудудда дарахт кесаётган пайтда корейс ва америка аскарлари ўртасида қонли ҳодиса юз беради, натижада икки Америка зобити чавақлаб ташланади. Шунингдек, тўрт америкалик ва 5 нафар кореялик аскарлар ҳалок бўлади. 1994 йилда КХДР ўз ҳудудига кириб қолган Американинг OH-58 вертолётини уриб туширади. Пхеньяннинг иддао қилишича, ҳар бир ҳодисада қўли баланд келган. АҚШ олдин ҳам ўзининг тўртта авиаташувчи кемаларини Шимоли-Шарқий Осиёга жўнатган, аммо КХДРни чинакамига бўйсундириш имконини топмаган. Корейс ярим оролида янги тангликнинг авж олишига АҚШ президентининг позицияси ҳам сабаб бўлаяпти. Трамп Оқ уйга келишидан уч ой ҳам ўтмай, Сурия ва Афғонистонга зарба берган ҳолда икки марта ҳарбий куч қўллади. Иккала минтақанинг бошқа мамлакатларини қўрқувдан қалтирашга мажбур этди. Аммо Пхеньян АҚШнинг ҳарбий кучини намойиш этганидан қўрқмаслигини, аксинча, АҚШ зарба берган тақдирда, ядровий қурол билан муносиб жавоб бериш билан дағдаға қилди. Нима бўлганда ҳам АҚШ сиёсий босим, дипломатик қамал, иқтисодий санкциялар охир-оқибат КХДРдаги сиёсий ҳокимиятни парчалаб ташлашга хизмат қилишига ишонмоқда. Бироқ ярим асрдан бери бу сиёсат самара келтирмаётганини халқаро жамоатчилик кўриб турибди. Аксинча, миллий байрами кунларида КХДР ҳарбий парад ўтказиб, қуролларини кўз-кўз қилиб, Жанубий Корея ва Японияни чўчишга мажбур этмоқда. Бугунги кунда иккита сабаб туфайли АҚШ уруш бошлашга ботинолмаяпти. Биринчидан, БМТ Хавфсизлик Кенгаши АҚШ ёки бошқа давлатга иккинчи бир суверен давлатга зарба беришга рухсат берувчи резолюция қабул қилинишига йўл бермайди. Айниқса, ХКнинг доимий аъзоси ҳисобланмиш Хитой ва Россия бундай резолюцияга вето қўйиши аниқ. Иккинчидан, КХДР кучли жавоб зарбасини бериш мумкинки, бундан биринчи навбатда Сеулнинг 25 миллионли оддий фуқаролари катта талофат кўриши эҳтимоли юқори. Қолаверса, Жанубда 25 га яқин ядровий реакторлар мавжудлигини инобатга олсак, шимолдан учириладиган ракеталар улкан экологик ҳалокатга сабаб бўлиши аниқ.
Бошқа томондан, уруш бошланган тақдирда можарога Хитойнинг аралашиб қолишини назардан соқит қилиб бўлмайди. Ҳозирча Пекиннинг аниқ бир тўхтамга келмагани бор гап. Аммо 1961 йили ХХР ва КХДР ўртасида шартнома имзоланган бўлиб, унга кўра, бир давлатга ҳужум қилинганда иккинчи давлат унга ёрдам кўрсатади. Бироқ Пхеньян БМТ қарорларига зид равишда ядровий синовларни ўтказиб, мазкур шартномани бузди, дегувчилар ҳам топилади. Ҳар ҳолда, можаронинг урушга айланишининг олдини олиш мақсадида расмий Пекин Россия билан саъй-ҳаракатларни бирлаштирган ҳолда Корея бўйича кўп томонлама музокараларни тиклаш ниятида.
Шубҳасиз, ҳозирги шароитда ҳиссиётга берилмаган ҳолда, муамони тинч, дипломатик воситалар ёрдамида еиш мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда, улкан Осиё қитъаси аҳолиси хавф-хатар остида қолади. Муаллиф:  Абдували Соибназаров
Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top