Эрдағон катта ваколатларга эга бўлди
18.04.2017 Дунёда
1news.uz — 16 апрель куни Туркияда бошқарувнинг парламент шаклидан президент республикасига ўтишини кўзда тутган конституцион ислоҳотларга оид референдум ўтказилди. Аҳолининг катта қисми (51 фоиздан кўпроқ) қўллаб-қувватлаган сиёсий тадбирга Туркия Республикасининг сиёсий манзарасини кескин ўзгартирувчи 18 та тузатиш олиб чиқилганди. Унга кўра, бош вазир лавозими бекор қилинади, президент бир вақтнинг ўзида ҳам давлат, ҳам ҳукумат раҳбари бўлади, айни пайтда вазирлар ва вице-президентларни тайинлаш ва ишдан олиш ҳуқуқини қўлга киритади. Президент умумхалқ овоз бериш йўли билан сайланади, бир шахс мамлаткани икки беш йилликдан ортиқ муддат бошқара олмайди, айни пайтда ўз партиясига раҳбарлик қилиш имкониятини қўлга киритади. Парламент ва президентлик сайловлари бир вақтнинг ўзида ўтказилади. Парламент аъзолари сони кўпайтирилади (ҳозирги 550 нафардан 600 нафар депутатга) ва депутатликка номзодларнинг 25 ёшлик чегараси 18 ёшгача пасайтирилади. Туркия президенти шунингдек, махсус Давлат кузатув кенгашини ташкил этиш орқали армия устидан қўшимча фуқаролик назоратини ўрнатиш, Туркия қуролли кучлари Бош штаби раҳбарини тайинлаш ҳуқуқига эга бўлади. Миллий хавфсизлик кенгаши аъзолари сони камайтирилиб, олий ҳарбий судлар жорий этилади. Бу армиянинг сиёсийсубъект сифатидаги ролини бартараф этиш жараёнларини якунлашга имкон беради. Илгарилари армиянинг мамлакат сиёсий ҳаётига аралашиш ҳуқуқи мамлакатда камида тўрт маротаба ҳарбий давлат тўнтаришига сабаб бўлгани туфайли референдумга ушбу масала олиб чиқилган. Президент Ражап Тойиб Эрдағон ва унинг раҳбарлигидаги Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) референдумгача анча тер тўкишди. Зеро, АТП бошқарувнинг президентлик шаклига ўтиш ҳақидаги таклифни 2011 йилда илгари сурган. Бироқ ўшанда таклиф қоғозда қолиб кетганди. Сабаби парламентнинг конституцион комиссияси мазкур масалада келишувга эришолмаган. 2014 йилда Эрдағон президент этиб тайинланганидан кейин ушбу ғоя янги куч билан янгради ва АТПси 2015 йилги парламент сайловида уни асосий сиёсий таклиф сифатида илгари сурди. Ўша пайтда конституцион ислоҳотни сонига кўра учинчи йирик мухолифатчи партия – Миллий ҳаракат партияси қўллаб-қувватлади. 2017 йилнинг январида депутатларнинг аксарият қисми (339 овоз) Конституцияга тузатишлар киритиш таклифини қўллаб-қувватлаши натижасида ушбу масалани референдумга олиб чиқиш имкони туғилди. Қарор қабул қилиниши ортидан ҳукмрон партия фаол “ҳа” ташвиқот компаниясини бошлаб юборди. Мақсад – сайловчиларни “янги Туркия”ни қуришга ишонтириш эди. Бош вазир Бинали Йилдирим таъкидлаганидек, "янги президентлик тизими террорчиликни йўқ қилади, иқтисодий ўсишни тезлаштиради ва янги иш ўринлари яратади". Конституцион тузатишларга қарши кураш олиб борган йирик Халқ республика партияси фикрича, янги бошқарув шакли мамлакатда авторитаризмнинг ўрнатилишига олиб келади. Мухолифат қандай фикрда бўлмасин, 18 ёшдан 44 ёшгача бўлган аҳолининг катта қисми Конституциявий тузатишлар учун овоз берди. Кутилганидек, Ғарб ҳукуматлари  ва ОАВ ҳокимиятнинг Эрдағон қўлида тўпланишини нохуш кутиб олдилар. Референдумга олиб чиқилган тузатишларни демократияга зид, Эрдағонни эса мамлакатни тарқоқликка элтувчи диктатор деб таърифладилар. Бироқ бундай танқидлар аҳолининг президент атрофида жипслашувига олиб келди, холос. Бир ҳафта муқаддам Эрдағоннинг Анқарадаги митингда сўзлаган нутқида референдум натижалари Туркия душманларига қарши энг яхши жавоб бўлишини бежиз таъкидламаганди. Туркияни Европа оиласида кўришни истамаганлар албатта, халқнинг жипслапшувини, курдлар муаммоси ҳал бўлишини истамайдилар. Шу нуқтаи назардан Туркия давлат раҳбари олдида ечимини кутаётган муаммолар етарли. Улардан бири Курдистон ишчи партияси билан давом этаётган қуролли тўқнашувдир. Туркия армиясининг мамлакат жануби-шарқидаги ҳарбий ҳаракатлари ва курдпараст Халқларнинг демократик партияси раҳбарларининг ҳибсга олиниши ҳам мамлакат ҳудудий яхлитлигини таъминлашга қаратилган интилишдир. Эрдағон жанобларининг айтишича, курдлар қуролли курашни тўхтатишлари, қуролни ташлашлари ёки бу ўлкани тарк этишлари керак. Акс ҳолда, ҳукумат уларни бартараф этиш чораларини кўради. Туркия раҳбариятининг АҚШ билан мураккаб муносабатлари ҳам асосий муаммолардан.  Расмий Анкара мақсади президент Эрдағонни ағдариш ва жисмонан маҳв этиш бўлган 2016 йилги давлат тўнтариши уринишида Америка махсус хизматларининг алоқаси борлигига ишора қилиб келади. Референдум арафасида  ушбу мавзу янги куч билан янгради. Вашингтонннинг Сурия курдлари билан ҳамкорликдан воз кечмаётгани ҳам турк раҳбарларининг ғашига тегаяпти. Бундан ташқари, Туркия АҚШ қуролли кучларини Сурияда турк армиясига етарлича кўмак кўрсатмаётганликда айбламоқда. Мамлакатда аста-секин хўжалик муаммоларининг ўткирлашаётгани, хусусан, иқтисодий ўсишнинг секинлашуви, ташқи қарзнинг ўсиши ҳақида ҳам кўп ёзилмоқда. Феврал ойида бюджет тақчиллиги 1,6 млрд долларни ташкил этди. Бу охирги 8 йил ичида энг йирик кўрсаткич. Ишсизлик даражаси эса 12,7 фоизгача кўтарилди, ёшлар орасида эса бу рақам 24 фоизга тенг. Тўлов баланси тақчиллиги экспертлар хулосасига кўра, 2016 йилда 4 фоиздан ошди. Албатта, бу муаммолар вақтинчалик ҳолат. Чунки халқаро саҳнада молиявий инқироз давом этаётган шароитда глобал ҳодисадан Туркия ҳам холи бўлолмайди. Шу нуқтаи назардан Туркияда конституцион ислоҳотлар ортидан ҳокимиятнинг марказлашуви мамлакат олдида турган мураккаб муаммоларнинг босқичма-босқич ечилишига хизмат қилади. Муаллиф: Абдували Соибназаров
Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top