Жиззах вилояти собиқ ҳокими пахта теримидаги қўшиб ёзишлар учун ишдан олинди
04.12.2017 Иқтисодиёт

1news.uz - Шу йилнинг 29 октябрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири иштирокида ўтган сессияда эришилган ютуқлар билан бир қаторда, Жиззах вилоятида кўплаб муаммолар тўпланиб қолгани жиддий танқид қилинди. Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлар талабга жавоб бермаслиги, жумладан, давлатга ғалла сотиш режаси барбод этилгани алоҳида таъкидланди. Энг ачинарлиси, вилоятда маълумотларни сохталаштириш орқали пахта тайёрлаш кўрсаткичини бўрттириб кўрсатишга йўл қўйилган эди.

ЎзА билдиришича, сессиядан бир кун аввал, яъни 28 октябрь куни тақдим этилган маълумотда вилоят бўйича мавсум бошидан буён 179 минг 907 тонна пахта териб олингани, яъни режа 83,44 фоизга бажарилгани кўрсатилганди. Сессияда бу маълумот сохта экани, ҳақиқатда эса 165 минг 654 тонна, яъни йиллик режанинг 76,83 фоизи миқдорида пахта тайёрлангани қайд этилди.

Мавсум бошидан буён терилган пахтага 14 минг 248 тонна, йиллик ражанинг деярли 7 фоизи қўшиб ёзилган. Худди шундай кунлик терилган пахта ҳам 1 минг 62 тонна ўрнига 2 минг 9 тонна қилиб кўрсатилган, 1 минг 147 тонна йўқ маҳсулот қўшилиб, маълумот сохталаштирилган.

Аён бўладики, бу шунчаки “камчиликларга йўл қўйиш”, дегани эмас – қўшиб ёзиш, кўзбўямачилик дегани. Бу давлатни, эл-юртни алдаш, ўз оёғимизга ўзимиз тушов солиш дегани. Тараққиётимизни орқага тортиш дегани.

Депутатлар вилоят ҳокими У.Узоқовни йўл қўйилган камчиликлар учун вазифасидан озод қилиш тўғрисидаги таклифни тасдиқлаб овоз беришгани сабаби ҳам шунда.


Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20