Цемент сотиш тартиби ўзгармоқда
16.12.2017 Иқтисодиёт

1news.uz - Жорий йилнинг 8 декабрь куни  Вазирлар Маҳкамасининг  «2018 йилда цементни ишлаб чиқариш ва сарфлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Унга мувофиқ 2018 йил 1 январдан бошлаб монополист корхоналар цементни фақат биржа савдоларида реализация қилишади. Шу тариқа, республика ичидаги истеъмолчиларга келгуси йилда биржа савдолари орқали 8 млн 424 минг тонна цемент сотилади.
    Биринчи маротаба савдога қўйилганда реализация қилинмаган ҳажмлар бир ой мобайнида қайта савдога қўйилади ва фақат шундан кейингина тўғридан-тўғри шартномалар бўйича экспортга реализация қилиниши мумкин.
    Маълумот учун: Давлат рақобат қўмитасининг расмий сайтидан олинган маълумотларга кўра, 1.10.2017 йил ҳолатига мамлакатимизда цемент ишлаб чиқариш товар бозорида устун мавқени эгаллаб турган «Қизилқумцемент» АЖ, «Қувасойцемент» АЖ, «Бекободцемент» АЖ ва «Оҳангаронцемент» АЖ томонидан амалга оширилади.
    Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 2017 йилнинг 12 декабрь кунидан кучга кирган.
    Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда қурилиш материаллари, жумладан, цемент, пишган ғишт, қурилиш ойнаси каби норуда материалларнинг нархлари ошиб кетиши, ички талаб ва экспорт учун етарли эмаслиги натижасида олибсотарлик авжига чиққани жиддий танқид қилинган эди.
    Йиғилишда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов, “Ўзқурилишматериаллари” компанияси раиси Б.Зариповга маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш асосида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кескин ошириш, уларни истеъмолчиларга етказиб бериш нархлари ўзгариши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатиш ва шу орқали нархларнинг асоссиз равишда ошиб кетишининг олдини олиш, ички талабни тўлиқ қондириш ва экспортни таъминлаш бўйича ҳукумат қарорини тайёрлаш ва тасдиқлатиш ҳамда уни амалга ошириш вазифаси юклатилган эди.
    


Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20