Солиқ адолати нарх адолатига олиб келади
29.03.2018 Иқтисодиёт
1news.uz: «Ўзэкспомарказда» Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда “2018-2020 йилларга мўлжалланган солиқ ислоҳоти концепцияси” очиқ муҳокамага қўйилди.

Тадбир 500га яқин солиқ соҳаси экспертлари, Ўзбекистонда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари, тадбиркорлар ва етакчи ОАВ, халқаро молия институтлари ходимларини ўзида жамлади.

Солиққа тортиш тизимидаги муаммолар, тизимда амалга оширилиши кўзда тутилаётган янгиликлар сессия марказида бўлди.

Иштирокчилар томонидан ишлаб чиқаришнинг кенгайишига ва тадбиркорлик субъектларнинг йириклашувига тўсқинлик қилаётган омиллар санаб ўтилди.

Таниқли тадбиркор Зафар Ҳошимов фикрича, маҳсулотларнинг қўшимча қиймат солиғи - катта солиқ ҳисобланади. Корхона бу солиқ билан маҳсулот сотиб олади ва солиқни қўллаб сотади. Натижада маҳсулот тан нархи табиий равишда ошади. Бу жараёнда солиқни яширган “тадбиркорлар” таклиф қилаётган нарх билан қонуний ишлаётган тадбиркор нархи ўртасида фарқ бўлади. Янги концепцияда бу борада бир қанча янгиликлар жорий этилаяпти. Бу ўз- ўзидан тадбиркорлик ривожига ёрдам беради.

1news.uz мухбири тадбирда қатнашаётган Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси раиси Ҳикмат Абдураҳмонов фикрлари билан ҳам қизиқди.

Тадбиркорларимиз бугунги тадбирни катта қизиқиш билан кузатмоқда. Мазкур концепция қанчалик тадбиркорлик муҳитини эркинлаштиради, соғлом рақобатни таъминлашга хизмат қилади, деган саволлар бор?

Мазкур лойиҳани синчковлик билан ўқиб чиқдим. Менга маъқул келгани, шу пайтга қадар тадбиркорлар ялпи айланма маблағлари ҳисобидан (5%) солиқ тўлашган бўлса, лойиҳага кўра, энди соф даромаддан солиқ тўлайди. Яна бир муҳим жиҳати сиз, орттирган даромадингизни тақсимламасдан ўз бизнесингизга сармоя киритадиган бўлсангиз, бу пуллардан ҳеч қандай солиқ олинмайди.

Шунингдек, солиққа тортиш жараёнлари соддалашади, жисмоний шахслардан олинадиган солиқнинг 3 тадан 1 тага камайиши ва миқдорининг 2 баробарга қисқариши назарда тутилган. Бу албатта катта янгилик.

Билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан кўринадики, лойиҳага ҳали қўшимчалар киритилиб, такомиллаштирилади. Бу эса ҳамюртларимизнинг тадбиркорликка бўлган қизиқиши ва рағбатининг ошишига хизмат қилади.

Тадбир “Ўзбекистон-24” телеканали орқали тўғридан-тўғри олиб кўрсатилди.

Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20