Шавкат Мирзиёев: Одамлар эртага эмас, узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшашни истайди
16.12.2017 Иқтисодиёт
1news.uz - Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва фаоллари билан учрашуви бошланди.

Президентимиз учрашувда асосий диққат-эътибор ва саъй-ҳаракатлар ҳудудлар ва тармоқларни изчил ривожлантириш, аҳолининг ҳаётий муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш ва улар учун муносиб турмуш шароитини таъминлашга қаратилиши зарурлигини таъкидлади.

«Энг муҳими, мен бу гапни қайта-қайта айтишдан чарчамайман, амалга ошираётган ишларимизнинг натижасини фуқароларимиз амалда, ўзларининг кундалик ҳаётида албатта сезиши керак. Нега деганда, одамлар эртага эмас, узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшашни истайди ва бундай истак табиий, албатта», деди давлатимиз раҳбари.

Қорақалпоғистон тарихидаги муҳим воқеа

Президентимиз учрашувда аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган тоза ичимлик суви муаммосини ҳал этиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритди.

Қорақалпоқ эли учун ниҳоятда муҳим ва долзарб масала бўлган ичимлик суви муаммоси йиллар давомида ҳал этилмай келаётган эди, деди Шавкат Мирзиёев. Шуни инобатга олиб, қисқа вақт давомида 101 километрлик “Қўнғирот-Мўйноқ” сув қувури ва “Қўнғирот” сув тақсимлаш иншооти қуриб битказилди. Бунинг натижасида Мўйноқ туманидаги 25 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Бу нафақат Мўйноқ, балки бутун Қорақалпоғистон Республикаси тарихида муҳим воқеа бўлди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, инвестиция дастурига мувофиқ бюджет маблағлари ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мавжуд сув тармоқлари реконструкция қилинди ва янгиланди. Шу тариқа 35 аҳоли пунктида 50 мингдан зиёд одам ичимлик суви билан таъминланди.

Қорақалпоғистонда қиймати 160 миллиард сўмлик 242 лойиҳа амалга оширилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг шу йил январь ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи якунларига кўра ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, ўтган вақт мобайнида саноатни ривожлантириш борасида умумий қиймати 160 миллиард сўмга яқин 242 лойиҳа амалга оширилди. Бу ўз навбатида қарийб 4 мингта иш ўрни ташкил этиш имконини берди.

Қораўзак туманидаги “Қорақалпоқ цемент” корхонасида биринчи босқичда йилига 200 минг тонна цемент, Нукус шаҳридаги “Техник глобал” корхонасида “Самсунг” бренди остида йилига 150 минг дона телевизор, “Нукус полимер” корхонасида йилига 8 минг тонна полиэтилен труба ва хўжалик буюмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Тўрткўл туманидаги “Вегатекс глобал” корхонасида йилига 5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилмоқда.

Йил охирига қадар яна бир қатор йирик корхоналар ишга туширилади. Жумладан, Мўйноқ туманидаги “Мўйноқ текстиль” корхонасида йилига 400 минг дона тайёр кийимлар, Қораўзак туманидаги “Титан цемент” корхонасида йилига 200 минг тонна цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва фаоллари билан бўлиб ўтаётган учрашувда буни алоҳида таъкидлади.

2018-2019 йилларда Қорақалпоғистонда 4,5 триллион сўмлик 1 минг 300 лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилади

Мамлакатимизнинг тегишли вазирлик, компания ва банклари раҳбарларини мунтазам равишда ҳудудларга юбориб, жойлардаги қўшимча резервларни излаб топиш, аниқ инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.

Қорақалпоғистонга бугунги сафардан олдин икки ҳафта мобайнида ишлар худди шундай тартибда ташкил этилди ва қўшимча инвестицияларни жалб этишга йўналтирилган янги дастур лойиҳаси ишлаб чиқилди, деди Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва фаоллари билан бўлиб ўтаётган учрашувда.

Мазкур дастурга мувофиқ, 2018-2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида умумий қиймати 4,5 триллион сўм бўлган 1 минг 300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилади ва қарийб 10 мингта иш ўрни яратилади. Жумладан, саноат тармоқларида қиймати 492 миллион долларга тенг бўлган 232 инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистонда ёқилғи-энергетика ва кон-металлургия соҳасида умумий қиймати 3,4 миллиард доллардан ортиқ 5 та йирик лойиҳани жорий этиш режалаштирилмоқда, деди Президентимиз.

Хушхабар: 2018 йил мамлакатимиз иқтисодиётида улкан ривожланишни таъминлайдиган йирик лойиҳа амалга оширилади

Фурсатдан фойдаланиб, сизларга муҳим бир хушхабарни етказмоқчиман, деди Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва фаоллари билан бўлиб ўтаётган учрашувда.

Келгуси йилда нафақат Қорақалпоғистон, балки бутун мамлакатимиз иқтисодиётида улкан ривожланишни таъминлайдиган йирик лойиҳа амалга оширилади. Яъни, Тебинбулоқ конини ўзлаштириб, мамлакатимизда биринчи марта темир рудаси қазиб олишни кўзда тутадиган, қиймати 810 миллион долларга тенг бўлган лойиҳа бажарилади, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари..

Бу лойиҳанинг иккинчи босқичини ишга тушириш учун 940 миллион доллар сармоя киритилади. Натижада 2021 йилдан бошлаб бу ерда йилига 1 миллион тонна пўлат ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади.

Президент И.Савицкий номидаги санъат музейи ходимларига миннатдорлик билдирди

Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва фаоллари билан бўлиб ўтаётган учрашувда Қорақалпоғистоннинг тарихий, этнографик, маданий, экологик йўналишлардаги туризм салоҳиятини ривожлантириш, мавжуд катта ресурслардан самарали фойдаланиш лозимлигини таъкидлади.

Биргина И.Савицкий номидаги санъат музейида шундай нодир санъат асарлари, ноёб тарихий ва этнографик экспонатлар борки, улар жаҳонда тенги йўқ бойлик, десак, адашмаган бўламиз, деди Шавкат Мирзиёев.

Мана, биз шу йил апрель ойида Россия Федерациясига амалга оширган расмий ташрифимиз муносабати билан ушбу музейнинг ноёб экспозициясини кўп йиллардан сўнг биринчи марта Москва шаҳрида намойиш қилдик. Бу кўргазма Россия раҳбарларида ҳам, кенг маданий жамоатчиликда ҳам жуда катта катта қизиқиш уйғотганига шахсан ўзим гувоҳ бўлдим ва юртимизда шундай бебаҳо маънавий хазинамиз борлигидан беҳад қувондим. Бу бойликни асраб-авайлаб, бойитиб келаётган қорақалпоқ халқига, ушбу музейнинг фидойи ходимларига бугунги фурсатдан фойдаланиб, чин қалбдан миннатдорлик билдиришни ўзимнинг бурчим, деб биламан.

Тадбиркорларга 100 миллиард сўмлик кафолатли кредитлар берилади

Президентимиз айни пайтда давом этаётган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва фаоллари билан учрашувда аҳолини иш билан таъминлаш масаласига тўхталди.

Қорақалпоғистон Республикасида ишсизлик даражаси юқори бўлган аҳоли пунктлари рўйхатини шакллантириб, кичик лойиҳалар ташкил этиш учун тадбиркорларга 100 миллиард сўмлик кафолатли кредитлар бериш механизмини ишлаб чиқиш ва жорий этиш лозим, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз қизилмия илдизидан дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича топшириқ берди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва фаоллари билан учрашуви давом этмоқда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Иқтисодиёт вазирлиги бир ой муддатда Қорақалпоғистонда қизилмия илдизини етиштиришни кўпайтириш ва уни чуқур қайта ишлаб, тайёр дори воситалари ва субстанциялари ишлаб чиқаришни ташкил этишга доир қарор лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин, деди давлатимиз раҳбари.

ЎзА

Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20