Шавкат Мирзиёев: хорижга фақат тайёр маҳсулотлар экспорт қилишни йўлга қўйишимиз зарур
09.12.2017 Иқтисодиёт

1news.uz - 9 декабрь куни Тошкент шаҳридаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида қишлоқ хўжалиги ходимлари куни ва ҳосил байрами бўлиб ўтди.

Тантанали маросимда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Аграр соҳа ходимларини табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизматининг телеграмдаги расмий канали орқали маълум қилинди.

– Мамлакатимизда ҳамма соҳа вакилларининг байрами бор. Лекин барчамизни, бутун ҳалқимизни боқадиган, кийинтирадиган қишлоқ хўжалиги ходимларининг байрами шу пайтгача йўқ эди. Махсус қонун қабул қилиб, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаганимиз, ўйлайманки, ҳаётимиздаги яна бир адолатли қарор, ҳалқимизнинг дилидаги гап бўлди.

Ҳаммамиз болалигимиздан ерга, деҳқончилик ва чорвачиликка меҳр қўйганмиз. Бу соҳанинг меҳнати қанчалик шарафли, нони эса, қанчилик тотли ва ширинлигини барчамиз яхши биламиз.

Деҳқон бу – ҳаётнинг бақувват устуни, тирикликнинг мустаҳкам таянчи, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Буюк мутафаккир Алишер Навоий бобомиз “олам аҳлининг тўқлиги, қувончи, аввало, ерга уруғ сочиб, бебаҳо ноз-неъмат етиштирадиган фидойи инсонлар меҳнатидандир” деб, миришкор деҳқонлар хизматига жуда катта баҳо берганлар, – деди Президент.

Фермерлик ҳаракатини ривожлантириш натижасида, мамлакатимизда кейинги йилларда 160 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари шаклланиб, улар бугунги кунда 10 дан ортиқ йўналишларда самарали фаолият юритмоқда.

Мамлакатимизда 12 мингдан зиёд  фермер хўжалиги раҳбарларини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этса, 6 мингдан ортиқ фермер хўжаликларига хотин-қизларимиз раҳбарлик қилмоқда.

Юртимизда кўп тармоқли фермер хўжаликлари охирги икки йилда 45 фоизга кўпайиб, бугунги кунда уларнинг сони 75 мингтага етди. Фақат шунинг ҳисобидан жойларда, узоқ-узоқ қишлоқларда юз минглаб янги иш ўринлари барпо этилди.

Олиб борилган иқтисодий ислоҳотлар, фермерлик ҳаракатининг ривожланиши натижасида, жорий йилда мамлакатимиз бўйича жами бўлиб 8 миллион 377 минг тонна ғалла етиштирилди. 2 миллион 930 тоннадан зиёд пахта ҳосили, 12 минг 450 тонна пилла, 318 минг тонна шоли, 23 миллион тонна мева-сабзавот, 13 миллион тонна гўшт ва сут маҳсулотлари олишга эришилди.

Бу йил мамлакатимизда биринчи марта, ғалладан бўшаган қарийб 1 миллион гектар майдонга сабзавот, картошка, полиз ва дуккакли экинлар экилди ва 5,5 миллион тоннадан ортиқ маҳсулот етиштирилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 132 минг тоннаси қайта ишланиб, 100 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинди. 724 минг тонна ҳўл мева четга сотилди ва 856 миллион доллар валюта тушди.

Мамлакатимизда қимматбаҳо хомашё бўлган ипак  етиштиришнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилиб, бу йил биринчи марта пилладан йилига икки марта ҳосил олиш тажрибаси синовдан ўтказилди ва ижобий натижа берди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда 15 та йилқичиликда насл хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда. Уларда 3 минг 150 дан зиёд зотдор от боқилмоқда.

Мамлакатимизда охирги 20 йилда эътибордан четда қолган балиқчилик соҳасини тиклаш учун “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ташкил этилиб, унинг тизимига 3 минг 600 та балиқчилик хўжалиги киритилди. Жорий йилда 580 минг гектар табиий ва 28 минг гектар сунъий кўлларда 100 минг тоннадан ортиқ балиқ етиштирилди.

Юртимизда пахтачилик бўйича ўз тажриба мактабини яратаётган фермерлар сонининг кўпайиб бориши натижасида жорий йилда гектаридан ўртача 50 центнердан зиёд ҳосил олган фермерлар 1 минг 121 тани, 45 центнерлик маррани эгаллаган фермерларимиз 2 минг 130 тани, 40 центнерчилар 7 минг 208 тани ташкил этди.

Сув ресурслари чекланган минтақамизда деҳқончилик қилиш, мўл ва сифатли ҳосил олиш мақсадида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор берилиб, бугунги кунда қарийб 240 минг гектар майдонда ана шундай технологиялар, жумладан, 28 минг гектар ерда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинди.

2017 йилнинг ўзида қишлоқ хўжалиги соҳасига оид 5 та қонун, 20 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди, 2 та янги қўмита ва 3 та уюшма тузилди. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолияти тубдан такомиллаштирилди.

– Халқимизни энг кўп истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулот турларидан бири бўлган картошка билан тўла таъминлаш учун йилига ўртача 50 минг тонна сифатли картошка уруғини етиштиришимиз талаб этилади. Бунинг учун Голландия, Польша, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликда замонавий лаборатория ускуналарига эга бўлган маҳаллий уруғчилик маркази ва махсус корхоналар ташкил этишимиз керак.

2018 йилда мамлакатимизда етиштирилаётган 1 миллион 200 минг тонна пахта толасини юртимизда тўлиқ қайта ишлаб, хорижга фақат тайёр маҳсулотлар экспорт қилишни йўлга қўйишимиз зарур, деган Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фармони билан байрам арафасида Аграр соҳада улкан ютуқларни қўлга киритган, юртимиз қишлоқ хўжалигининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган, бу борада ўзига хос мактаб яратган фидоий юртдошларимиздан 167 киши Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.

"Халқ сўзи"

Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top