Президент топшириғи: цемент ва ғишт нархи назорат қилинади
01.12.2017 Иқтисодиёт

1news.uz - 2017 йил 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида йиғилиш ўтказилди. Унда қурилиш ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, бунёдкорлик ишларини сифатли амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Президентимиз томонидан лойиҳа институтлари фаолияти яхши йўлга қўйилмагани, бу борада илғор чет эл тажрибаси жорий этилмаётгани танқид қилинди. Қурилиш ва лойиҳалаш бўйича кадрлар тайёрлаш сифати ҳам талабга жавоб бермаслиги қайд этилди.  

Йиғилишда қурилиш материаллари, жумладан, цемент, пишган ғишт, қурилиш ойнаси, чақиқ тош ва қум каби норуда материалларнинг нархлари ошиб кетиши ва бунга асосий сабаб бўлган маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажми ички талаб ва экспорт учун етарли эмаслиги натижасида олибсотарлик авжига чиққани жиддий танқид қилинди. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов, “Ўзқурилишматериаллари” компанияси раиси Б.Зариповга маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш асосида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кескин ошириш, уларни истеъмолчиларга етказиб бериш нархлари ўзгариши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатиш ва шу орқали нархларнинг асоссиз равишда ошиб кетишининг олдини олиш, ички талабни тўлиқ қондириш ва экспортни таъминлаш бўйича ҳукумат қарорини тайёрлаш ва тасдиқлатиш ҳамда уни амалга ошириш вазифаси юклатилди.

“Ўзқурилишматериаллари” АЖ берган маълумотларга кўра: Айни пайтда мамлакатимизда 14 цемент заводи фаолият юритмоқда. Улар томонидан йилига 9 миллион тоннадан ошиқ цемент ишлаб чиқарилади.

Жумладан: “Қизилқумцемент”да қарийб 3,5 миллион тонна, “Оҳангаронцемент”, “Қувасойцемент” ва “Бекободцемент” заводларида 4 миллион тоннага цемент тайёрланади.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойида “Ўзқурилишматериаллари”  таркибидаги корхоналар томонидан жами 2 трлн. 433 млрд сўмлик қурилиш материллари ишлаб чиқарилган. Жорий йил якунига қадар 3,1 трлн.сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top