Эркин валюта сиёсати: Сўмнинг қадри тушмайди
25.10.2017 Иқтисодиёт

1news.uz - Ҳар қандай мамлакатда валюта муомаласининг ҳаддан зиёд маъмурий тартибга солиниши алоҳида тармоқлар ва хўжалик юритувчи субъектлар учун имтиёз ҳамда преференцияларнинг камсамарали тизимини асоссиз равишда шакллантиришга йўл очади. Бизнес юритишда тенг бўлмаган шарт-шароитлар вужудга келиши эса рақобатнинг бозор тамойиллари бузилишига олиб келади. Хорижий инвестицияларни жалб этиш, товарлар ва хизматлар экспортини ошириш, умуман, мамлакат иқтисодий ривожланишида тўсқинлик қилувчи омилга айланади.

Соҳада туб бурилиш ясаган ҳужжат

Бундай ҳолат республикамиз учун ҳам ёт эмас эди. Лекин ҳозирги кунда валюта сиёсати ҳамда ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни алоҳида эътироф этиш жоиз. Айтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бунда дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти.

Келинг, ушбу тарихий ҳужжатнинг аҳамияти ҳақида батафсил фикр юритсак. Аввало, мазкур ҳужжат 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ва валюта соҳасини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий этиш, республика экспорт салоҳиятини юксалтиришни рағбатлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг бозорлардаги рақобатдошлигини ошириш, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида қабул қилинганини таъкидлаш ўринлидир.

Ҳақиқатдан йироқ тахминлар

Фармон кучга киргач, унинг туб моҳиятига тушуниб етмаган одамлар орасида “Энди ҳамма нарса қиммат бўларкан”, “АҚШ долларининг курси ошадими?”, “Яна алмаштириш шохобчаларида навбатлар кўпаяди”, “Қора бозор йўқ бўладими, бундан оддий аҳоли зарар кўрмайдими?”, “Миллий валютамизнинг тақдири нима бўлади?” деган турли миш-мишлару тахминлар туғилди. Лекин уларнинг барчаси ҳақиқатдан анча йироқ гап-сўзлар эди. Сабаби, Марказий банк 4 сентябрда АҚШ долларининг бозор механизмларига мувофиқ шакллантирилган расмий курсини ўрнатди. Бунда нимага таянилди? Бозор курси талаб ҳамда таклиф мутаносиблигидан келиб чиқади. Шу боис бозор тўлақонли ишлай бошлаганидан кейингина бозор курси қандай бўлиши айтилиши лозим.

Энди Марказий банк томонидан, аввалгидек, мақсадли девальвациянинг амалга оширилиши сиёсати бир оз ўзгаради. Натижада, асосан, энг йирик битимлар тузиладиган биржа ва банклардаги олди-сотди курслари асос қилиб олинган ҳолда, бозор механизмидаги реал талаб ҳамда таклифдан келиб чиқилган курс белгиланади. Бунда дастлабки ойларда хорижий валютага нисбатан талаб фойдасини тўлиқ репатриация қила олмаётган ташкилотлар ҳисобига юқори бўлиши кутилади. Бу — курс ошиши мумкин, дегани. Бироқ агар хорижий валютага бўлган талаб етарлича таклиф билан қондирилса, озгина вақт ўтиб, ўз-ўзидан табиий, бозор механизмига асосланган барқарор бозор курси амал қила бошлайди.

Бозор курси яхшигина тебраниши ҳам мумкин. Чунки талаб ва таклиф турли омиллар таъсирида ўзгаришдан холи эмас. Талаб ҳамда таклиф мутаносиблиги ўзгаришига қараб эса курс тебранади. Марказий банк фақатгина кескин тебранишлар бўлмаслиги учун аралашиши мумкин.

Айни пайтда аҳоли банкларга долларни алмаштиргани бормоқда. Чунки белгиланган курс уларни қониқтиради. Натижада тижорат банкларида доллар ортиқчалиги юзага -келиши ва курс бир оз тушиши мумкин. Масалан, 7500 сўмгача. Шунингдек, ажиотажли талаб уйғониб, курснинг бир оз кўтарилишини ҳам кутса бўлади. Аммо яқин вақт ичида долларнинг кескин, мисол учун, 9000 сўмгача кўтарилишига ҳеч қандай сабаб йўқ.

Яна бир эътиборли ҳолат. Марказий банк 2017 йил 5 сентябрдан бошлаб чет эл валюталарининг сўмга нисбатан курсини белгилашда Қозоғистон, Қирғизистон, -Тожикистон, Туркманистон ва ҳатто, Афғонистон миллий валюталарини ҳам киритди.

Илгари мазкур валюталарнинг сўмга нисбатан расмий курси белгиланмас, ҳатто, уларда экспорт-импорт шартномалари тузилишига ҳам йўл қўйилмасди. Бу бир қарашда жуда арзимас ҳолатдек туюлиши мумкин. Бироқ бунинг негизида жуда катта рамзий маъно ҳамда ишоралар бор. Яъни шу орқали қўшни мамлакатлар билан савдо-сотиқ муносабатлари ривожланади.

Сўмнинг қадри тушмайди

Шу ўринда “Миллий валютамиз — сўм қадрсизланиб кетмайдими?” деган савол ҳам юзага чиқиши мумкин. Фармонда валюта етишмовчилиги хатарининг олдини олиш бўйича аниқ механизмлар белгилаб берилган.

Бозорга валютани ким олиб киради? Биринчи навбатда, экспортчилар. Улар ишчиларга маош тўлаш, хом ашё харид қилиш, электр энергияси ва бошқа хизматлар ҳақини тўлаш, фойдани Ўзбекистонда ишлатиш учун валютани сотишлари керак. Бундан ташқари, меҳнат мигрантлари, мамлакатимизда заводлар қурадиган, ишчилар ёллайдиган, жиҳозлар сотиб оладиган хорижий инвесторлар валюта таклифининг асосий манбалари ҳисобланади. Қолаверса, Ўзбекистон банкларининг капитали, юқори валюта кредит портфели кўрсаткичлари туфайли сўмнинг девальвацияси салбий оқибатлардан ҳимояланган.

“Fitch” халқаро рейтинг агентлигининг ҳисоботида қайд этилишича, миллий валютанинг қўққисдан қадрсизланиши, катта ҳажмда АҚШ доллари ҳамда валюта кредитлашда юқори улушга эга банкларнинг капиталига ўртамиёна таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг давлат банклари мунтазам равишда давлат капитали билан қўллаб-қувватланади.

Нархларга таъсир қиладими?

Халқимизни бугунги кунда “Валюта курсининг реал талаб ва таклиф асосида белгиланиши келгусида истеъмол товарлари ҳамда хизматлар нархига таъсир қилмайдими?”, “Агар бозор механизмлари асосида доллар курси ошадиган бўлса, истеъмол товарлари ва хизматлар нархи ҳам кўтариладими ёки тушса, нархлар арзонлашадими?” деган саволлар ҳам қизиқтираяпти, албатта.

Истеъмол товарлари ҳамда хизматларга нархлар импорт нархи ошганда, яъни импорт товарлар ва хизматлар олиб келинадиган курс девальвацияси рўй берганда кўтарилиши мумкин. Икки-уч ой олдин бизда бир АҚШ доллари учун расмий курс тахминан 4000 сўм, “қора бозор”да 8000 сўм атрофида ҳамда биржада 10000 сўм эди. Бозордаги импорт товарлар нархлари икки курс — нақдсиз ҳисоб-китоб учун биржа, нақд савдода бозор курсига таянган ҳолда шакллантириларди. Импортчилар расмий курс бўйича валюта харид қилганда ҳам товарларни 8000 — 12000 сўмлик курсга боғлаб сотарди. Бундан кўринадики, янги курсда аксарият импорт товарлар нархлари ошмаслиги керак. Баъзилари, ҳатто, арзонлашиши ёки анча вақт қимматлашмай туриши мумкин.

Фармонда кўзда тутилганидек, божхона тўловлари импорт қилинадиган товарлар нархлари кескин ошишига йўл қўймаслик мақсадида бир ҳафта мобайнида қайта кўриб чиқилди. Давлат аҳолини девальвациянинг салбий оқибатларидан максимал даражада муҳофаза этишга ҳаракат қилди.

Гап шундаки, истеъмол товарларининг импорти анчадан буён расмий конвертация билан молиялаштирилмаётган ва уларнинг нархи параллел (қора) бозор курсида шакллантирилаётганди. Бундан ташқари, импортчи корхоналар турли комиссион тўловлар ҳамда биржа курси туфайли бозор курсидан ҳам ортиқроқ тўлашга мажбур эдилар. Устига-устак, маълум бир тузилма ва шаффофлик йўқлиги боис ҳамма ҳам бундай операциялардан фойдалана олмасди. Савдо корхоналари раҳбарлари операцияларини -такомиллаштириш ҳамда нархларни пасайтириш ўрнига, импортни молиялаштиришга валюта топиш учун кўп ресурс ва вақт сарфларди.

Энди тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатувчи барча банкдан бозор шароитларида валюта харид қилиш учун тенг имконият яратилди. Демак, бозорда қатнашувчилар сони кўпайиб, рақобат ошади. Самарадор курс рухсатнинг енгиллаштирилгани ҳамда шаффофлик туфайли бир оз тушади ҳам.

Фармонда муҳим истеъмол товарлари нархлари барқарорлигини таъминлаш бўйича алоҳида бандлар киритилган. Бу давлатимизнинг аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда салбий оқибатларни бартараф этишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Шунингдек, божхона божлари ва тўловларининг муштараклашиши ҳам таъкидланган. Бу жуда муҳим жиҳат. Чунки Марказий банк курси девальвация қилинганида ўз-ўзидан божларнинг миқдори кескин ортади. Яқинда қабул қилинган ҳукумат қарорига кўра, ана шундай ошишнинг олдини олиш мақсадида импорт билан юртимизга кириб келадиган бир қатор маҳсулотлар — ун, гўшт, ўсимлик ёғи, ёрма каби товарларнинг божхона божлари ҳамда акцизлари олиб ташланди ёки пасайтирилди.

Нормал ҳолат

Шу пайтгача республикамиз иқтисодиёти кучли даражада долларлашган эди. Кўплаб товарлар расман долларда сотиларди. Мобиль алоқа операторлари ва интернет-провайдерлар тарифлари унга боғлаб белгиланарди. Эркин конвертация ана шундай кўплаб ҳолатларни бартараф этишга хизмат қилади. Лекин ҳаммасини ҳам эмас. Валютанинг эркин конвертация бўлиши, аввало, банкларнинг исталган миқдордаги чет эл валютасини конвертация қилиб беришини талаб этади. Ҳозирги кунда йирик номиналдаги купюра (50 минг сўмлик) муомалага чиқарилиши бу бозордаги нарх-наво ҳамда кичик номиналдаги купюраларга нисбатан харажатни қисқартириш учун қилинган табиий чорадир. Иқтисодчиларнинг фикрича, энг кам ойлик иш ҳақининг ярмигача бўлган миқдордаги номинал купюраларнинг муомалада бўлиши, бу — нормал ҳолат.

Хулоса ўрнида айтганда, бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида рўй бераётган ўзгаришлар, қолаверса, миллий иқтисодиёт рақобатдошлигини янада кучайтириш зарурати мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, институционал ва таркибий янгиланишларни давом эттиришни тақозо қилмоқда. Шу маънода, Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси бу борада муҳим қадам бўлди, десак, айни ҳақиқат.

Мамлакатнинг кейинги беш йиллик истиқболи акс этган мазкур стратегияда белгиланган вазифалар бугун амалиётда ўз исботини топмоқда. Айниқса, унинг Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишида кўрсатилган чора-тадбирларни рўёбга чиқариш учун миллий валюта ҳамда нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий қилиш каби устувор вазифаларга эътибор қаратилган.

Фармон айнан ушбу долзарб вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади. Зотан, унинг изчил ижроси мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб этишга, ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ҳамда ички бозорда рақобатдошлигини оширишга, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга имкон беради. Энг муҳими, валюта бозорида барча хўжалик юритувчи субъект учун тенг рақобат шароитларини яратади.

Норбой КАРИМОВ, иқтисод фанлари доктори, профессор, "Халқ сўзи".




Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top