Банк мижоз учун
21.09.2018 Иқтисодиёт

“Агробанк” АТБ томонидан чакана хизматларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар” мавзусига бағишлаб матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Агробанк Бош офисининг раҳбар ва ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда таъкидландики, Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёстини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши аҳоли ва мижозларга тадбиркору ишбилармонларга, қолаверса, хорижлик инвесторлар учун ҳам қулайликлар яратиб бермоқда.
“Агробанк” акциядорлик тижорат банки томонидан ушбу фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш борасида зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, аҳоли ва банк мижозларини, шунингдек, кичик бизнес субъектлари ҳамда фермер хўжаликларини тезкор, ишончли, инновацион банк хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда.  

Тадбирда соҳа мутахассислари инновацион ва интерфаол хизматлар, хусусан, аҳолига пластик карталар орқали хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани  хусусида сўз юритишди.

Жумладан, жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, банк томонидан аҳолига қарийб 2,4 миллионта пластик карталар, хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга янада қулайликлар яратиш мақсадида 24 мингтадан ортиқ корпоратив пластик карталар муомалага чиқарилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 125 фоизга ўсди.

Айни пайтда савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларига жойлаштирилган тўлов терминаллари сони эса 31,6 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 103 фоизга ўсишга эришилди. Шунингдек, ҳудудларда 100 та банкомат ва 420 та инфокиоска жойлаштирилди.

Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг охирига қадар 300 та замонавий банкомат келтириш кўзда тутилганди, айни пайтга қадар банкоматларнинг маълум қисми олиб келиниб, ҳудудларга жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Анжуманда соҳа мутахассислари хорижлик сайёҳларга қулайликлар яратиш мақсадида банкнинг савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарига ўрнатилган терминаллар орқали Хитойнинг Чайна Юнион Пай (China Union Pay) халқаро пластик карталаридан тўловларни қабул қилиш имконияти яратилганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Интернет тармоғи ҳамда мобил телефон орқали замонавий банк хизматларидан фойдаланиш аҳолини ушбу хизматларга бўлган қизиқиши ва ишончини орттириб, бир қатор қулайликлар яратмоқда. Банк жамоаси ҳам янги ва замонавий, интерфаол, инновацион ҳамда электрон банк хизмат турларини кўпайтириш борасида доимий изланишда.

Айни пайтда “Agrobankmobile” иловаси билан  мижозлар солиқ ва божхона, коммунал, уяли алоқа ва шаҳар телефонлари, интернет ва телевидение, мактабгача таълим муассасалари ҳамда суғурта хизматлари учун тўловлар, жорий йилда йўлга қўйилган янги хизмат турлари – онлайн конверсия амалиёти, “Вақф”  хайрия жамоат фонди учун вақф тўловлари, нотариус хизматлари ва бошқа тўловларни амалга оширишлари мумкин.

Шунингдек, жисмоний шахслар бир пластик картадан бошқа сўм ва халқаро пластик картага, аксинча, халқаро пластик картадан сўм пластик картага пул ўтказиш, пластик картадаги қолдиқ маблағларни кўриш, қолдиқ маблағлар ҳисобидан кредитни сўндириш имкониятига эга бўлди.

“Agrobankmobile-biznes” мобил иловаси орқали эса юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ўзларининг ҳисобрақамларидаги маблағларни тасарруф этиш (бошқариш), товар ва хизматлар учун тўловларни ўтказиш, вақт ва транспорт харажатларини тежаган ҳолда банкка тўлов ҳужжатларини юбориш, исталган муддат учун ҳисобрақамлардан кўчирмалар олиш ва турли ҳисоботларни шакллантириш ва бошқа имкониятлар яратилган.

Айниқса, пахта ва бошоқли дон маҳсулотлари етиштирувчи фермерлар имтиёзли кредитларни ушбу мобил илова орқали олиш ва керакли таъминотчи корхоналарга маблағларни масофадан туриб ўтказиш имконига эга бўлишди. Бугунги кунга келиб, “Agrobankmobile-biznes” иловасидан фойдаланаётганлар сони 40 мингдан ошди.

Энг муҳими, пул маблағларини тўлашда электрон тўловларни амалга оширувчи ташкилотларнинг ҳисобрақамларига ўтказишда банкка келмасдан, тўловлар пластик карталар орқали бевосита уларнинг ҳисобрақамларидан хизмат кўрсатувчиларнинг ҳисобрақамларига реал вақт режимида ўтказилмоқда.

Амалга оширилган ишлар натижасида банк филиалларида “Интернет банкинг” тизимига уланган мижозларнинг умумий сони 36,6 мингтадан, “Мобил-банкинг” ва “Смс-банкинг” хизматларидан фойдаланаётган мижозлар эса 1 миллион 810 мингтадан ортди, бу йўналишдаги кўрсаткичлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан мос равишда 105 фоизга ҳамда 141 фоизга ўсди.

Анжуманда Агробанк томонидан халқаро пластик карталар тизимини ривожлантиришда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Жумладан, бугунги кунда молия муассасаси  жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун халқаро пластик карталарнинг “Visa Electron”, “Visa Classic” ва “Visa Gold” ҳамда юридик шахслар учун “Visa Business” турларини тақдим этиб келмоқда.

Муомалага чиқарилган халқаро пластик карталар сони жорий йилнинг 8 ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 баробарга ўсди. Банк кассалари, валюта айирбошлаш шохобчалари ҳамда конверсион бўлимларда “Visa” халқаро тўлов карталарини қабул қилувчи 400 тадан ортиқ терминал ўрнатилди.

Жорий йилнинг ноябрь ойида олиб келиниши кутилаётган замонавий банкоматлардан 60 таси орқали “Visa” халқаро пластик карталардан маблағларни нақдлаштириш ҳамда  миллий ва хорижий валютадаги маблағларни автоматик равишда алмаштириш имкониятлари яратилади.

Истиқболда “Агробанк” акциядорлик тижорат банки томонидан мижозларга маълум бир лимит асосида автоматлашган онлайн микроқарз ажратиш, жисмоний шахсларга пластик карталар орқали (овердрафт) кредитлари ажратиш кўламини кенгайтириш, янги ва  жозибадор ижтимоий йўналтирилган “Оилавий” ҳамда “Кобейдж” карталарини муомалага чиқариш режалаштирилган.

Тадбирда банк томонидан аҳоли ва мижозлар учун таклиф этилаётган қулай ва замонавий, масофадан туриб бошқариш имкониятига эга омонат турлари бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳам маълумот бериб ўтилди.

Хусусан, аҳолини омонатларга жалб қилиш мақсадида ҳозирги кунда банк томонидан жами 17 турдаги омонат, шундан 14 та миллий  ва 3 та хорижий валютадаги омонат турлари жорий этилиб, омонатларга жалб қилинган маблағлар 1 226,1 миллиард сўмни ташкил қилмоқда. Ушбу кўрсаткич йил бошига нисбатан 238,3 миллиард сўмга ёки 124 фоизга ўсган.

Энг муҳими, мижозларга замонавий банк хизматлари кўрсатиш ва уларга қулайликлар яратиш мақсадида масофадан туриб пластик картадаги маблағлар ҳисобидан банкка бормасдан “Online” ҳисобрақам очиш ҳамда ушбу ҳисобрақамлардаги маблағларни мижозлар электрон тарзда бошқариш имкониятларига эга бўлишди.

“Агробанк” АТБ жамоаси ҳам  юртимиз иқтисодиётини янада тараққий эттириш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш ва уларнинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, инновацион, интерфаол ва электрон банк хизматларини янада ривожлантириш йўлида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаверади.


Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20