"Афросиёб"га сервис хизмат кўрсатиш маркази фойдаланишга топширилди
01.10.2017 Иқтисодиёт

1news.uz - Тезюрар поездлардан фойдаланиш давлатнинг иқтисодий қудратини белгилайди. Чунки, эксплуатация жараёни замонавий технологияларни харид қилиш, янги иш ўринлари яратиш, инфратузилмани такомиллаштиришни талаб этади. Дунё бўйича юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар қатнови атиги 17 та давлатда йўлга қўйилган. Улар қаторидан Ўзбекистоннинг ҳам муносиб ўрин эгаллаганлиги юртимизда транспорт комуникация соҳаси изчил тараққий этиб бораётганини англатади.

Юртимизда 2011 йилдан бошлаб харакати йўлга қўйилган “Афросиёб” юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоезди бугун чин маънода мамлакатимиз аҳолиси ва меҳмонларининг энг ишончли, тезкор транспортига айланиб улгурди. Албатта унинг созлиги, ўз вақтида техник назоратдан ўтказилиши харакат хавфсизлигини таъминлаш баробарида манзилга белгиланган вақтда етиб боришига хизмат қилмоқда. Шу кунга қадар мазкур электропоэздга Ўзбекистон Локомотив депоси ҳудудида қурилган таъмирлаш цехида техник хизмат кўрсатилар эди. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Бошқаруви раисининг 2016 йил 12 февралдаги“Юкори тезликдаги электропоездларга хизмат кўрсатиш цехини қурилиши ҳақида”ги буйруғига биноан “Ўзтемирйўлмаштаъмир” шўба корхонаси ҳудудида юқори тезликда харакатланувчи “Афросиёб” электропоэздларга техник хизмат кўрсатиш маркази қурилиши бошланган эди. Қисқа вақт оралиғида мазкур марказ қуриб, фойдаланишга топширилди.

Қурилиш “Тоштранслойиҳа” ва “Боштранслойиҳа” институтлари томонидан лойҳалаштирилиб, Капитал курилиш дирекциясининг тажрибали қурувчилари ва Испаниянинг “Талго” компанияси вакиллари ҳамкорлигида бунёд этилди. Марказ учун ажратилган умумий майдон 10909,0 квадрат метр бўлиб, қурилиш майдони 10273,0 квадрат метрни ташкил этади. Узунлиги 253 метр, эни эса 42 метрдан иборат. Лойиҳа доирасида бу ерда энг замонавий ускуналар ўрнатилди. Ҳаракат таркибининг ғилдиракларини чархлаш дастгоҳи, локомотивнинг мураккаб сурилувчи қисмини алмаштириш, электропоэздлар вагони ғилдиракларини ва кондиционерларини ечиб олиш, электропоездлар ғилдиракларини текшириш ускуналари шулар жумласидандир. Шунингдек, асосий бинода 2 та 10 тонналик, ускуналарга техник хизмат кўрсатиш хоналарида 2 та 15 тонналик кранлар ўрнатилди.

"Ўзбекистон24" телеканали хабар беришича, марказда узунлиги 96 метр, эни 9 метрдан иборат маъмурий бино ҳам қад рослаган. Ушбу бинонинг биринчи қаватида 15 та, иккинчи қаватида 22 та хизмат хоналари мавжуд. Хоналар замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Wi-Fi Интернет хизмати ишлаб турибди. Шартнома асосида ишлаётган Испаниянинг “Талго” компанияси мутахассислари учун барча қулайликлар яратилган. Электропоезднинг ҳаракат давомийлигини online назорат қилиш ҳам шу ердан кузатилади.

Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top