“Ўзқурилишматериаллари” раҳбари Олий Мажлисда ҳисобот берди
28.12.2017 Иқтисодиёт

1news.uz - 2017 йилнинг 26 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан «Ўзқурилишматериаллари» АЖ раиси Б.Зариповнинг «Қурилиш материаллари, маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ҳолати ва уларнинг импорт ўрнини босиш даражасини ошириш йўллари тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, тегишли мутасадди вазирликлар, қўмиталар ва ташкилотларнинг вакиллари, соҳа экспертлари ва олимлар иштирок этишди. Унда мамлакатимизда қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш, таннархини пасайтириш, импорт ўрнини босувчи, замонавий стандартларга ва талабларга жавоб берадиган материаллар ишлаб чиқаришнинг бугунги ҳолати ва яқин келажакдаги амалга оширилиши мўлжалланган вазифалар юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
    
Шу билан бир қаторда юртимиз осойишталиги, халқимиз фаровонлиги ва иқтисодиётимизнинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган “Ҳаракатлар стратегиси”да қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳасини юксалтириш бўйича белгиланган вазифалар, жумладан, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш бўйича 151 млн. долларлик 29 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилганлиги иштирокчилар томонидан алоҳида таъкидланиб, ушбу вазифаларни амалга ошириш борасида бугунги кунда мутассади ташкилот ва корхоналарда олиб борилаётган ишлар қизғин муҳокама этилди.


“Ўзқурилишматериаллари” компанияси раисининг мазкур соҳани ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш билан бир қаторда ишлаб чиқаришга янги замонавий технологияларни ҳамда илм-фан ютуқларини жорий этиш, чуқур қайта ишлашни ташкил этиш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш орқали замонавий, жаҳон стандартлари талабларига жавоб бера оладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш мумкинлиги ҳамда шундагина қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳасида жаҳон бозорларидан муносиб ўрин эгаллаш мумкинлиги алоҳида қайд этди. Шу билан бирга, ушбу соҳанинг янада жадал ривожланишини таъминлашда ҳали фойдаланилмаган заҳиралар ва имкониятларни ишга солиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
    
Депутатлар «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти тизимида маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажми импорт миқдорига нисбатан 25-30 фоиздан ошмаётганлиги, айрим турдаги қурилиш материалларининг таннархи баландлиги сабабли ташқи бозорларда рақобатдош бўла олмаётганлиги ҳамда қурилиш материалларини ишлаб чиқаришда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар учун берилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар юзасидан тадбиркорлик субъектларини кенг хабардор қилиш лозимлигини таъкидлашдилар ва бошқа масалалар юзасидан саволлар бердилар.

Эшитув якуни бўйича муҳокама этилган масалалар юзасидан Қўмита қарори қабул қилинди. Бу ҳақда parliament.gov.uz хабар берган.


Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20