Зулфиқор Мусоқов: “Амалий режиссурадан спортчиларга ўхшаб ўз вақтида, обрўси бор вақтда кетиш керак...”
22.01.2018 Маданият

1news.uz - Яқин кунларда веб-сайтимизда режиссёримиз Зулфиқор Мусоқовнинг “ўз фаолиятимдаги энг сўнгги фильмим” дея эълон қилган ва шу кунларда суратга олиш жараёнлари қизғин кетаётган “Берлин-Оққўрғон” картинаси ҳақидаги энг сўнгги маълумотларни ўз ичига олган экслюзив суҳбат ҳамда  фотосуратларни эътиборингизга ҳавола этмоқчи эканлигимиз ҳақида хабар берган эдик. Ваъда вафоси билан чиройли деганларидек,  ана шу "Халқ сўзи" газетасига берилган интервью эътиборингизга ҳақола қилинмоқда.

— Агар сир бўлмаса мазкур фильмингиз сюжети ҳақида бир-икки оғиз гапириб берсангиз...

— Худо хоҳласа, сюжетини тайёр фильмда кўрарсиз...

— Сценарий ўзингиздан бўлса керак?..

— Ҳа, албатта. Икки йил мобайнида ёзганман.

— Фильм қаерларда суратга олинаяпти?

— Ўзимизнинг ўлкамизда,қисман Германия ва Россияда олинади.

— Унда роль ўйнаётган актёрлар кимлар?

— Бош ролда “FOCUS” санъат мактабининг актёрлик бўлими талабаси Ҳасан Шуҳратов. Бу катта иш — унинг илк роли. Кўплаб номзодлар ичидан шу йигитни танладик. Умуман фильмда дебютантлар жуда кўп...

— Бу фильмни олиш иштиёқи сизда қачон пайдо бўлди. Бунга бирор нарсани туртки ёки сабаб қилиб кўрсата оласизми? Ва умуман, шу фильм орқали айтмоқчи бўлаётган гапингиз жамиятда, мухлисларингиз орасида янги тенденцияларнинг шаклланишига сабаб бўла оладими?

— Айнан унда кўтарилган мавзу туфайли, яъни боболаримизнинг Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабаси шарофати билан ҳаммамиз шу ерда ўтирибмиз, улар ота-оналаримизнинг ҳаётини сақлаб қолишган. Гапнинг очиғи, шахсан мени инсон,фуқаро ва ижодкор сифатида баъзи одамларнинг эҳтиёткор,конфет қоғозига ўраб  “бу мавзу ҳозир керакми?” деган саволининг ўзи жуда қаттиқ ранжитади. Ҳар галгидай, айтаётган гапларим ҳавога гапиргандай бўлиб қолиши маълум.

Лекин барибир гапиришим керак. Бу сценарийга қарши бўлган одамнинг умуман санъатга алоқаси йўқ. Позицияси темир-бетондай қотиб қолган. Нималарга алоқаси борлиги - алоҳида мавзу. Керак бўлса, бошқа вақт мен бу ҳақда бафуржа гапириб беришим мумкин. Шахсан менда битта инсоний ва ижодий позиция бор. Раҳматли Малик Қаюмов айтгандилар, “Сен тажриба орттириб, ўнта фильмдан кейин, албатта, ўзбекларнинг урушдаги жасоратини кўрсатгин” деган эдилар...Балким шунинг учун “Ватан” ва “Қўрғошин” фильмлари  туғилгандир. Ҳар бир миллат, ҳар бир халқнинг тарихида энг кўп қурбон бўлган замонлар бўлган. Ватанимизда на Искандар Зулқарнайн,на Чингизхон пайтида, на “инқилоб” замонларида қурбон бўлганлар сонини Иккинчи жаҳон урушида қирилиб кетганларга на нисбий,на фоизли ва на умумий жиҳатдан тенглаштириб бўлмайди: 475 минг 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган эркаклар ва шулар сонидан 2 фоизга тенг хотин-қизлар нобуд бўлди. Менинг энам Майрам бувининг 24 синфдошидан бирортаси қайтиб келмаган, 4,5 миллион аҳолидан 1,5 миллион одам мажруҳ—кўр,оёғи ёки қўли йўқ ногирон булиб қайтишди...

Биз 1999 йилда Берлинда Хожиакбар Нурматов билан “II жаҳон уруши” музейида бўлдик. Гид бизга сарғайиб кетган катта “Барбаросса режаси”нинг 2-кисмини кўрсатди. Ўша ҳужжатда СССР таркибидаги республикаларда яшовчи барча миллатлар немис аниқлиги билан қачон ва қай тарзда йуқ қилиниши режасини ўз кўзимиз билан кўрдик. Биринчи ўринда-яҳудийлар, руслар, белоруслар, украинлар, 5-ўринда ўзбеклар ва бошқа 126 миллат 1950-йилгача “чала одамлар” сифатида 100 фоиз йўқ қилиниши керак эди. Бу хунрезликни амалга ошириш рейхсфюрер Генрих Гиммлерга юкланган эди...

— Мазкур фильм олдинги асарларингиздан нимаси билан фарқланади?

— Ғалати савол-ку... Кўрарсиз...

— Яна бир гап. Бу фильм  ўзбек киноси тақдирига қай даражада таъсир қила олади деб ўйлайсиз?

— Шахсан бу ҳақда ўйламаганман. Умуман,бўлажак асар қанақа бўлишини қаердан биламан? Умуман бу саволингизга мен томонимдан жавоб бериш ўта беандишалик ва нокамтарлик бўларди.

— Нима учун унинг номи “Берлин-Оққўрғон”?

— Чунки ота-онамнинг туғилиб ўсган жойлари Тошкентдан 55 чақирим нарида Оққўрғонда, у ерда бобом,энам ва отамнинг қабрлари бор.

— Бу ростдан ҳам сўнгги фильмингиз бўлиб қоладими ёки?...

— Бу гапни биринчи бор “Аччиқ чой” кўрсатувида айтувдим... Ҳар бир ижодкорнинг ўз йўли бор. Жуда катта жисмоний ва асабий куч талаб қиладиган амалий режиссурадан спортчиларга ўхшаб ўз вақтида,обрўси бор вақтда кетиш керак...Бу табиий жараён. Қариган чоғида мухлислар олдида шарманда бўлиш керакми? Худога шукр, озми-кўпми, суратга олган бир нечта фильмларим одамларнинг  юрагидан жой олибди. Бу бахт эмасми? Сценарийлар ёзаман. Бундай тўхтамга келишимнинг иккинчи сабаби – айнан кино соҳасидаги бугунги нопрофессионал муҳитни мен ўзимга ҳеч сингдира олмаяпман...


Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20