Ўзбекистон-Тожикистон: деворлар қуламоқда
01.03.2018 Маданият
Самарқанд вилояти ва Тожикистон Республикасининг Суғд вилояти ўртасидаги “Жартепа” ва “Саразм” ўтказиш пунктлари очилди.

Шу муносабат билан ушбу масканларда ўтказилган тантанали маросимда Самарқанд ва Суғд вилояти ҳокимликлари раҳбарлари, фаоллар, кенг жамоатчилик вакиллари ва чегара ҳудудида яшовчи аҳоли иштирок этди.


Икки давлат ўртасидаги чегара – “Саразм”дан “Жартепа” ўтказиш масканига тожикистонлик меҳмонлар карнай-сурнай садолари остида, мезбонларнинг олқишлари билан кириб келди.

Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев меҳмонларни қутлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликда олиб бораётган саъй-ҳаракатлари юксак самаралар бераётганини таъкидлади.


Маросимда Суғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода сўзга чиқиб, Самарқанд ва Суғд вилоятлари ўртасидаги пунктнинг очилиши икки қўшни халқ манфаатларига хизмат қилиши, дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашини таъкидлади. Келгусида икки вилоят ўртасида савдо-иқтисодий, маданий ҳамкорликнинг ривожланишига умид билдирди.

Ўзбек ва тожик халқлари адабиёти ва маданиятининг рамзи сифатида концерт дастури намойиш этилди. Икки халқ ижодкорлари сўзи билан айтилувчи қўшиқлар ижро этилди.

Тожикистонлик меҳмонлар маскан ҳудудида юртимизда ишлаб чиқарилган автомобиль ва юк машиналари, автобуслар ҳамда бошқа маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди.

Шундан сўнг Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва жамоатчилик вакиллари “Саразм” масканига ташриф буюрди. Суғд вилояти ҳокимлиги ва фаоллар меҳмонларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатди. Тожик миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди, деб ёзади ЎзА мухбири Ғ.Ҳасанов

Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20