Ёзувчи Абдурашид Нурмуродов китоблари Америкада сотувга чиқди
20.09.2018 Маданият

«...У йўлнинг ёнига кўмилган минага дуч келганди. Энди йигирма бир ёшга тўлганди. Бугун унинг туғилган куни эди. Ҳеч биримиз нима сабабдан у ўз туғилган кунида ҳалок бўлганига жавоб топа олмадик.

Туғилган кунни кечки пайт нишонламоқчи эдик. Марҳум сув олиб келиш учун челак кўтариб чиққан экан...»

Уруш ҳақида ёзилган асарларни кўп ўқиганмиз, фильмлар томоша қилганмиз. Уларда ғалаба нашидасидан завқланиб, мағлуб душман устидан кулганмиз. Аслида урушда ғолиблар ҳам, мағлублар ҳам бўлмаслиги очиқ ҳақиқат экани аёнлашиб бормоқда. «Қонли йўргаклар» китобини ўқиганда бунга яна бир карра иқрор бўласиз. Унда уруш бутун даҳшати билан, сиру асрори билан киши кўз ўнгида намоён бўлади.

– Бу китобни уч йил ишсиз юриб, қон-қариндош ва дўстларимдан қарз бўлсам-да, юрт кезиб ёзганман, – дейди таниқли журналист, жамият ҳаётининг оғриқли муаммолари акс этган асарлари билан машҳур бўлган ёзувчи Абдурашид Нурмуродов. – Ўзбекистоннинг барча вилоятлари, Ўш, Хўжанд, Чимкент, Олмаота, Душанбе, Чоржўй... у ёғи Москва, Санкт-Петербургдаги афғон жанги ногиронларини излаб топдим. Афғонистон фожиалари ҳикоя қилинган бу асарни яратиш учун жароҳат олган уч ярим минг нафар инсон билан суҳбатда бўлдим. Шу тариқа ер шарини ярмини кезиб чиқдим.

Афғон тупроғини қонли йўргакка менгзатилган бу китоб АҚШ, Россия ва бошқа кўплаб мамлакатларда довруқ қозонган. Хусусан, АҚШдаги китобхонлар инглиз тилида 299 долларга, рус тилида 103, ўзбек тилидаги нусхаларини эса 75 долларга харид қилмоқда.

Россияда китобнинг электрон шакли ҳам кенг оммалашган. Россия ҳарбий фанлар академияси президенти, армия генерали М.Гареев ўзининг «Моя последняя война» китобида бу асарга тўхталиб, юксак баҳо берган.

Бу китоб нега қўлма-қўл ўқилмоқда?

«Қонли йўргаклар» – ҳаёт ва ўлим ҳақидаги ҳақиқат, бурч ва виждон, чин дўстлик жасорати ва сотқинлик ҳақидаги китоб.

Муаллиф жангчиларнинг «минг бир фожиага ватан бўлган хотиралари»ни тинглаб, қалб кўзгусидан ўтказиб, ўқувчи ҳукмига ҳавола қилиш билан она заминимизни кўз қорачиғидек асрашга, уни инсон қони билан эмас, балки қуёшнинг мусаффо нурлари билан ювиб ардоқлашга чорлайди.

Ана шундай инсоний туйғу сабаб, йиллар ўтса-да китоб ўз аҳамиятини йўқотмаган назаримда. Бундай дейишимизга сабаб, китоб илк бор 1991 йилда чоп этилган бўлса, ўтган йиллар давомида 12 марта қайта нашр қилинди. Айни вақтда «Ўқитувчи» нашриётида рус ва ўзбек тилида чиқиш арафасида.

Қайд этиш жоизки, ушбу китоб муаллифининг уруш ва урушнинг асоратларига бағишланган яна бир қатор китоблари чоп этилган. «Уруш бевалари», «Туташ қалблар», «Тазарру», «Болаликка отилган ўқ» сингари роман ва қиссалари ўзбек адабиётида ўзига хос ўрин тутади.

ЎзА сайтидан олинди.


Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20