Тафаккуримизни ўстирмаса, мутолаадан нима наф?
15.12.2017 Маданият

1news.uz - Китоб мутолааси ҳар кимнинг ўз хоҳишидек, хоҳласа ўқиши, хоҳламаса ўқимаслиги мумкин. Унинг ўрнига телевизор ёки компьютерни афзал билиш имкони ҳам бор. Аммо нима учун китобхонликка давлат сиёсати даражасида эътибор бериляпти?

Демак, бу ҳар биримизнинг шахсий ишимиз эмас. Унинг замирида бугунги ёшларнинг эртага улғайиши, улар тафаккурининг мамлакат бошқарувига таъсир этиши ётибди. Шундай экан, китоб мутолаасига давлат аҳамиятига эга, юрт равнақи билан боғлиқ масала сифатида қарашимиз керак.

Ишонинг, китобхонлик маданиятини оширсин, халқим китоб ўқисин, онгини, бадииятини, тафаккурини ва дунёқарашини бойитсин, деб махсус ­эътибор бераётган мамлакат жуда кам. Бу хорижий мамлакатларда китобга эътибор берилмайди, дегани эмас, албатта. Биздаги эътибор билан хорижий давлатлардаги китобга муносабатнинг фарқи катта. Айрим мамлакатларда китобга жуда кўп ўринда, бизнес, савдо-сотиқ, даромад олиш манбаи сифатида қараш устувор. Президентимиз зиёлилар билан бўлган учрашувда, «Биз маданиятни, адабиёт ва санъатни ҳеч қачон бизнес йўлига қўймаймиз», деган эди. Шу маънода, бу ишни йиллар давомида шаклланган ахлоқий ва маданий тарбиямиз билан боғлиқ равишда олиб бориш кўзда тутилган.

Китобларни нашрдан чиқариш, яхшироқ ва кўпроқ чоп этиш йўналишларида силжишлар катта. Аммо унутмайликки, ҳали саноқнинг кетидан қувиш, сатҳда, матннинг юзида турган маъноларга эътибор беришдан қутула олганимиз йўқ.

Айтайлик, ўқувчи 5-синфдан то 10-синфгача элликдан ортиқ ижодкор ҳақида маълумотга эга бўлади. Уларнинг сонини бироз камайтириб, ўшаларни чуқурроқ ўқитганимиз яхши эмасми? Боланинг ўттизта бадиий асар ўқигани яхшими ёки ўнта китобни ўқиб, туб илдизига етгани афзалми? Шунда у ёзувчининг маҳоратини таҳлил қилади, асардаги бадиий гўзалликни ҳис этади. Бу, ўз навбатида, ўқувчининг қалбига таъсир кўрсатиб, мустақил фикрлаш қобилиятини ўстиради. Оиласига, мактабига, яқинларига муносабатини ўзгартиради.

Ҳали ҳам айрим ўқитувчиларимиз асарнинг мазмунини сўраш, қаҳрамонларни юзаки санашдан нарига ўта олмаяпти. Мутолаа қилинган бадиий асар инсон табиатида бирор ўзгариш ясамаса, бу асарни ўқишдан нима фойда? Ўқиб кетавериб, мазмунига эътибор бермай, оила, дўст ва ишга муносабатимизда ўзгариш ясамаса, ундан не наф?  

Фақат ўқитиб, фақат тарбиялаб адабиётга ихлосмандликни уйғотиш жуда мураккаб. Шахснинг мутолаага эҳтиёжини оширмасак, қизиқишини эҳтиёж даражасига кўтармасак, ишимизнинг натижаси аввалгидек қолаверади. Ҳаётда ҳар бир нарса илҳомлантирувчи кучга эга бўлиши керак. Масалан, олий ўқув юртига кираётганда бир неча балл етмай қолганда, китобхонлик даражаси юқори бўлган абитуриентга талаба бўлиш имкони берилсин. Шунга ўхшаган имтиёзли жиҳатларини қидиришимиз, топишимиз, ҳаётга татбиқ этишимиз керак. Шундагина муайян самарага эришиш мумкин.

Бахтиёр НАЗАРОВ,
Академик

«Оила даврасида»

Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top