Навоий барҳаёт
09.02.2018 Маданият

         Бугун 9 февраль буюк бобоколонимиз Алишер Навоий таваллуд топган кун. 577 йилдирки, Ўзбек адабий тилининг асосчиси, жаҳон адабиёт осмонидаги порлоқ юлдуз оламга зиё, маърифат таратмоқда.
    
    Давлатшоҳ Самарқандий айтганларидек «... Бу улуғ амир дину давлат ҳомийси, шариат ҳамда миллатнинг пушти паноҳидир». Ҳусайин Бойқаро таърифлаганидек, «Анинг назми васфида тил қосир ва баён ожизтурур».

         Абдураҳмон Жомий «...туркий тилда ҳеч ким Навоийдек кўп ва хўп шеър айтмаган ҳамда назм гавҳарларини сочмаган эди» деганларида нақадар ҳақ эди.

         Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг аллома ҳақидаги “Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир” деган таърифи барчамизга ёд бўлиб кетган.
        
          Навоий қолдирган меърос нафақат миллатимизни балки  бани башарни эзгуликка, огоҳликка чорлайди.

Навоийнинг авлодларга насиҳатлари:

Душман алдовига учма; маддоҳ хушомадини чин дема. Душманнинг ғарази ўз ёмон ниятига етмоқдир; мақтовчининг мақсади — хорлик билан сендан инъом олмоқдир. Агар иккаласига илтифот қилмасанг ва қабул қилишни лозим билмасанг, бири ўз мақсадининг ижросидан тўхтайди ва тадбири мужмал бўлади ва иккинчисининг мақтови ҳажвга айланади.

Нохуш хабарни чин бўлса ҳам дўстингга етказма; бировдан айб кўрсанг юзига солма. Қўявер, ўша чин хабарни душман етказсин ва сен сабр қил, у айб можаросини душмани қилсин.
Ақлли одам ёлғон гапирмас; аммо, барча рост гапни айтавериш ҳам тўғри эмас. Бировнинг кўзи ғилай — ногирондир; аммо, бунга у айбдор эмасдир… Бировни ноҳақ ҳижолатга солмоқ — ўз нодонлигини изҳор қилмоқ ва бир кўнгилни оғритмоқдир. Бу каби кишини хафа қиладиган чин сўздан кўра зарурат юзасидан — ўрни билан гапирилган ёлғон яхшироқдир.

Нафъинг агар халққа бешакдурур
Билки, бу нафъ ўзунгга кўпракдурур.


                                                                                                  Бахтиёр авлодлар улуғ сиймо олдида таъзимдамиз.


Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20