“Мардлар қўриқлайди Ватанни!” кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди
04.01.2018 Маданият

1news.uz - Куйда сеҳр, қўшиқда қудрат мужассам, дейишади. Кўнгилга яқин, туйғуларингизга туташ қўшиқ тинглаганингизда қалбингиз жўшиб, дилингиз юмшам кўзингизга ёш келади. Бу  бежиз эмас. Бу жонбаҳш мусиқа, бетакрор назм, соҳир овоз шарофатидир. Айниқса, маромига етказиб куйланган Ватан ҳақидаги қўшиқлар дилларга ғурур ва қувонч баҳш этади, юртга муҳаббат ва ватанпарварлик туйғусини қалблар тубига муҳрлайди. Шу сабаб, ҳар йили ўлкамизда миллий қадриятларимизга йўғрилган турли йўналишдаги ўзига хос қўшиқ танловлари ўтказилади. Бу орқали янги қўшиқлар, янги овозлар элга тақдим этилади. Шулардан бири ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги «Мардлар қўриқлайди Ватанни!» қўшиқлар кўрик-танловидир.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 26 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган «Мардлар қўриқлайди Ватанни!», қўшиқлар кўрик-танловининг якуний босқичи куни-кеча ўз ғолиблари ва албатта дилга яқин дилбар қўшиқларни кашф этди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Маданият вазирлигининг «Ҳарбий- ватанпарварлик мавзусидаги шеър ва қўшиқлар кўрик-танлови ҳамда «Мардлар қўриқлайди Ватанни!» номли қўшиқлар фестивалини ўтказиш тўғрисида»ги қўшма қарори асосида мамлакатимизнинг барча вилоятларида ва вазирликларда ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар танловлари амалга оширилди.

Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўшинлари қўмондонлигининг маданият марказида бўлиб ўтган мазкур кўрик-танлов якуний босқичда мана шу танлов ғолиблари  иштирок этишди.

Тадбирда Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий округларнинг  горнизон офицерлар уйи ҳарбий оркестри ҳамда ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари, Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли, Ички ишлар вазирлиги ансамбли, Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ашула ва рақс ансамбли, Ахборот техналогиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳарбий ансамбли, Маънавият ва маърифат маркази ансамбли хонандалари ва ёш ҳаваскорлар «Мардлар қўриқлайди Ватанни!» кўрик-танловида ўз иқтидорларини намойиш этишди.

Уч йўналишда – саф қўшиқлари, лирика ва эстрада қўшиқларидан ташкил этилган танловда   ҳарбий хизматчилар она Ватанни ҳақиқий мардлар қўриқлаши, уларнинг  юртга бўлган муҳаббат ва садоқат туйғуларини жўшқин қўшиқлар орқали намойиш этишди.

Бир сўз билан айтганда, «Мардлар қўриқлайди Ватанни» кўрик-танлови янги овоз, ватанпарварлик руҳидаги янги қўшиқларни кашф этди. Қўшиқларни баҳолаш ва ғолибларни аниқлаш учун таклиф этилган нуфузли ҳайъат азолари қўшиқ мавзуси, шеър мазмуни ва долзарблиги, мусиқанинг халқчиллиги, қўшиқни юқори маҳорат ила ижро этилганлигини инобатга олиб ғолибларни аниқлашди. Танлов ғолибларини эълон қилиш ва тақдирлаш маросими Ватан ҳимоячилари куни олдидан ўтказиладиган «Мардлар қўриқлайди Ватанни!» қўшиқлар фестивалида амалга оширилади.

Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top