Мақсад сари дадил қадам
14.12.2017 Маданият

1news.uz - Дилшодабонунинг болалиги Булунғурда ўтди. Бувисидан эшитган ривоят ва эртаклари уни доим ҳайратга соларди. Шундай вақтларда ўзи ҳам ижод қилгиси, Самарқанднинг қадимий осори- атиқалари, эртакнамо боғлари ҳақида ёзгиси, донғини дунёга достон этгиси келарди. Орадан йиллар ўтиб, қизалоқ улғайди. У ҳамон ўша орзулари билан яшайди, кечалари қалам тебратади, кундузлари назарий ва амалий билимларини бойитади.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети 4-босқич талабаси Дилшодабону Аввалбоева фаол ёшлардан. Унинг журналистика таълим йўналиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси совриндори бўлиши фикримизни тасдиқлайди.

– Дилшодабону Аввалбоева интилувчан талаба сифатида профессор-ўқитувчиларимизнинг ҳурматига сазовор бўлган, – дейди факультет декани Алишер Матёқубов. – У ўзининг меҳнатсеварлиги, жамоат ишларида фаоллиги, дарсларни яхши ўзлаштириши билан ажралиб туради. Дилшодабону биринчи курсдан бошлаб матбуотда фаол иштирок этиб, ёшлар муаммоларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Дилшодабону "Ҳуррият", "Ўзбекистон адабиёти ва санъати", "Куч-адолатда", "Садо", "Янги авлод" каби марказий нашрларда, kun.uz, norma.uz, sharh.uz, tafsilot.uz, telegraf.uz, tnews.uz каби ўнлаб ҳуқуқий, таҳлилий, ахборот сайтларида ёшлар ҳаёти ва муаммоларига оид мақолалари билан иштирок этиб келмоқда. Унинг қатор мақолалари ихтисослашган халқаро ва республика илмий журналларида, конференция тўпламларида чоп этилган.

Президентимиз ташаббуси билан шу йил 9-10 август кунлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган "Ёшлар – келажак бунёдкори" шиори остида уюшмаган ёшлар билан олиб борилаётган ишларда натижадорликка эришишнинг илмий-амалий масалалари"га бағишланган республика конференциясида фаол иштирок этган Дилшодабонунинг маърузаси тўпламда эълон қилинди.
Иқтидорли талабанинг "Рекламанинг телевидение тараққиётига таъсири", "Пресс-релиз қандай ёзилади?", "Биз билган ва билмаган дунё", "Имо-ишора тили" каби услубий қўлланма ва рисолалари китоб ҳолида чоп этилган. У машҳур адиб Дейл Карнегининг асарларини инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилди ва тўплам ҳолида нашр эттирди.

– Ҳозирги кунда "Ўзбекистонда ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни" мавзусида илмий изланиш олиб боряпман, – дейди Дилшодабону. – Ўзбекистон том маънода ёшлар мамлакати. Чунки мамлакатимизда 18 ёшгача бўлганлар аҳолининг 35 фоизини, 30 ёшгача бўлганлар эса 64,5 фоизни ташкил этади. Шундай экан, аввало, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш устувор вазифалардан саналади.
Дилшодабону Аввалбоева илмий изланишлар олиб бориш билан биргаликда республика миқёсида ташкил этилаётган танловларда ҳам мунтазам қатнашиб  келмоқда.

Жорий йилда у БМТ ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ўтказилган "Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари журналист нигоҳида" кўрик-танловининг "Энг яхши интернет материали" номинацияси ғолиби деб топилди. "Амалиёт эътирофи – 2017" танловининг илмий мақолалар йўналиши бўйича ғолиби бўлди. Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясининг фаол аъзоси сифатида партия томонидан ташкиллаштирилган турли танловларда фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Дилшодабону Аввалбоева болалигидаги орзуларини рўёбга чиқариш мақсадида тинмай ҳаракат қилмоқда, олға интилмоқда. Ёшларимизнинг ҳар бир вакили ўз олдига аниқ мақсадлар қўйиб, улар сари дадил қадам ташласа, келажагимиз, албатта, буюк бўлади!

"Зарафшон"


Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20