Кутубхоначилар тажриба алмашди
06.11.2017 Маданият

1news.uz  - Вилоят кўзи ожизлар кутубхонасида  "Республикадаги кўзи ожизлар кутубхоналарида кутубхона фонди ва ҳисобга олиш журналларининг юритилиши" мавзусида республика семинари бўлиб ўтди.

Дастлаб семинар иштирокчилари вилоят кўзи ожизлар кутубхонасида китобхонлар учун яратилган шароитлар, кутубхона моддий-техник базаси, муассаса фондидаги адабиётлар билан танишди. Китобхонлар сонини ошириш, аҳолини кутубхонага жалб қилиш мақсадида ўтказилаётган тадбирлар тўғрисида маълумотга эга бўлишди.

Шундан сўнг семинарда республика кутубхоналарида кутубхона фонди ва ҳисобга олиш ҳужжатларининг юритилиши бўйича маърузалар тингланди. Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Хоразм вилоятлари кўзи ожизлар кутубхоналарида кутубхона фондини ҳисобга олиш ҳужжатларини ўрганиш давомида аниқланган хато ва камчиликлар тилга олинди. Самарқанд, Сирдарё, Андижон ва Наманган вилоятлари кўзи ожизлар кутубхоналарининг иш фаолиятини комплекс ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

– Яқинда Латвия Республикасида бўлиб қайтдик, – дейди республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси бўлим мудири Гулойим Бердимбетова. – У ердаги йирик кутубхоналар иши билан танишиб, замонавий иш услубларини ўзимизда татбиқ этишга киришдик. Кўзи ожизлар кутубхоналарида ногиронларнинг бинога кириб-чиқишларидан тортиб, китоб мутолаа қилишлари учун барча шароит яратилган бўлиши зарур. Бу борада ҳам янгиликларни ўрганиб, кутубхоналаримизда жорий қиляпмиз.  

Тадбир доирасида кутубхоначилар ўртасида "Йилнинг энг фаол кутубхоначиси" кўрик-танловининг республика босқичи ҳам бўлиб ўтди.

Унда танлов иштирокчилари касб маҳоратини ошириш, соҳага янги инновацион ғояларни олиб кириш бўйича ўзаро беллашди ва фикр алмашишди. ўолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, семинар давомида республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси мутахассислари томонидан ҳужжатларни муқовалаш усуллари бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.


«Зарафшон»

Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top