Китоб дўкони гавжумлашди
06.11.2017 Маданият

1news.uz - Негадир интернет саҳифаларидаги маълумотларни ёдда сақлай олмайман. Аммо китоб орқали ўқилган маълумот ва воқеа-ҳодисалар кишининг хотирасида узоқ вақтгача қолади. Шунгами, шаҳримиздаги китоб дўконларига тез-тез ташриф буюраман. Янги китоб, қўлланмаларни варақлаб, кераклиларини сотиб оламан. Бу сафар дўконда харидорлар кўп экан. Хўш, ўзи инсон нима учун китоб ўқийди, бу дўконга нима мақсадда ташриф буюради? Шу саволлар билан уларнинг бир нечтасига мурожаат қилдим.

Назира Султонова, нафақада: – Неварам боғчадаги тайёрлов гуруҳига қатнаяпти. Боғча опаси керакли китоб-дафтарларни рўйхат қилиб юборибди. Бу ерда ҳаммаси бор экан.
Фозил Раимқулов, тадбиркор: – Ишим юришмай, орқага кета бошлагач, бу ҳолат менга қаттиқ таъсир қилди. Тушкунликка тушиб, соғлиғимга ҳам зиён етди. Шифокорга учрашдим, зарур муолажаларни олдим. Аммо бу етарли эмас экан. Шунда шифокорим кўпроқ китоб ўқишимни маслаҳат берди. Илгарилари китоб ўқиш бекорчиларнинг иши деб ўйлардим.

Энди эса икки йилдан бери китоб дўстимга айланиб қолди. Дардларимга малҳам топдим. Ўзимга нисбатан ишончим ортди, ишларимда ҳам яхши томонга силжиш рўй берди.

Темурбек Назаров, абитуриент: – Олий ўқув юртига киришга тайёрланяпман. Бу дўконда керакли ҳамма китоблар бор.

Зулайҳо Бойназарова, уй бекаси: – Мактабда яқинда ота-оналар мажлиси ўтказилди. Унда фарзандларимиз туғилган кунларида, байрамларда уларга китоб совға қилишни келишиб олдик. Эртага ўғлимнинг туғилган куни. Шунинг учун унинг ёшига мос китоб харид қилмоқчиман.

Неъмат Туробов, сотувчи: – Дўконга бир кунда 200-300 нафаргача харидор киради. Тўғри, китоб дўконимиз кичик, аммо унда барча турдаги китоблар бор. Кейинги ойларда айниқса, харидорлар сони кескин ошди. Бу китоб ўқиш, китобхонлик маданияти тарғиботи бўйича кўп ишлар олиб борилаётгани туфайлидир.

"Зарафшон"

Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top