Иштиёқ бўлса, иш енгил кўчади
27.12.2017 Маданият
1news.uz - Китоб ўқиш, ўқиганда ҳам уни тушуниб ўқишда ҳикмат катта. Китоб ўқишнинг инсон руҳияти ва саломатлигига фойдаси ҳақида улуғ аллома Абу Али ибн Синонинг ҳаётидан олинган ушбу лавҳа диққатга сазовор.

Айтишларича, Бухоро амири Нуҳ ибн Мансурнинг саройида жуда бой кутубхона бўлган, аммо унга кириш учун ҳаммага ҳам рухсат этилмаган. Бир тасодиф туфайли Ибн Сино ўша кутубхонага кириш ва китоблардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади…

Кунларнинг бирида амир касал бўлиб қолади. Сарой табиблари уни даволай олмайди. Шунда Бухоро табиблари орасида эндигина ном чиқариб келаётган Ибн Сино ҳақида гапиришади. Амир уни саройга чақиришларини буюради. Ибн Сино амирни даволайди. Бундан хурсанд бўлган амир уни сарой табибларига бошлиқ этиб тайинлайди. Ибн Сино амирдан кутубхонадан фойдаланишга рухсат олади. Шундай қилиб, машҳур олим амир кутубхонасидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ҳозирги кунда китоб ўқиш учун барча шарт-шароит етарли, аммо айрим ёшларимиз китоб ўқиш учун вақти йўқлиги, фанлар бўйича тайёрлов курсларига бориш кераклигини важ қилиб, ҳеч қандай бадиий адабиёт ўқимаётгани жуда афсусланарли ҳолдир.

Мен ҳам ўқитувчи сифатида ўқувчиларимга бот-бот китоб ўқишнинг афзалликлари, унинг инсон ҳаётидаги беминнат ёрдами хусусида уқтираман. Яқинда уларни китоб ўқишга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида она тили дарсимда 35 нафар ўқувчининг ҳар бирига кутубхонадан биттадан бадиий китоб олиб, мавзуга доир гаплар топиб ёзишларини топшириқ қилиб бердим. Қарасам, мен берган топшириқ қолиб ўқувчилар қўлларидаги асарларни ўқишга тушиб кетишди. Топшириқни бажаринг десам, ўқувчилар: «Устоз, мана бу асар қизиқ экан, топшириқни уйда бажариб келамиз, озроқ ўқийлик, илтимос», — дейишди. Аввалига топшириқни бажаришмагани учун бироз ранжидим, бироқ шу пайтгача китоб ўқишга вақтимиз йўқ, деяётган ўқувчиларнинг китобга бўлган меҳри озроқ бўлса-да уйғонганини кўриб дилим равшан тортди. Дарс якунида ҳар бир ўқувчи ўзига берилган бадиий асарни олиб, ўқиб келишини айтди. Мен ҳам бундан анча мамнун бўлиб дарсимни якунладим.

Меҳринисо БОБОМУРОДОВА,
Зарафшон шаҳридаги 2-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

«Оила даврасида»
Фикрингизни қолдиринг
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.

© Copyright by MB | 2015 - 2017

Интернет нашр Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ОАВ сифатида рўйхатга олинган. Гувоҳнома №1062. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Топ рейтинг www.uz
Top